Излаш
RUUZ

Сиёсат

Фото: Президент хорижий давлатлар элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди

12 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонлиги, Қирғизистон Республикаси, Туркия Республикаси, Индонезия Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиларидан ишонч ёрлиқларини қабул қилди.

4108views0replies
0

president.uz

Давлатимиз раҳбари элчиларни самимий табриклаб, уларга масъулиятли дипломатик миссияни бажаришда муваффақиятлар тилади, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ишонч ёрлиқларини топшириш маросимидаги нутқида янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан кўп қиррали ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига тўхталиб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси ва Ўмон Султонлигини дўстлик ва муштарак диний қадриятлар боғлаб тургани таъкидланган.
"Биз Ўмонни ўз минтақасида ва араб-мусулмон оламида муносиб ўринга эга, чуқур ўйланган ташқи сиёсат олиб бораётган мамлакат сифатида эътироф этамиз", - деган давлатимиз раҳбари.
Ўзбекистон ва Ўмон ўзаро муносабатларни янада кенгайтириш ҳамда уларни тизимли ва узоқ муддатли асосда ривожлантиришга интилаётгани қайд этилган.
Давлатимиз раҳбари савдо-иқтисодиёт, инвестициялар, фан-техника соҳаларидаги ҳамкорликни, таълим йўналишидаги алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигига эътибор қаратган.
Ўзбекистон ва Қирғизистон кўп асрлик анъанавий дўстлик, қардошлик ва ўзаро ҳурмат ришталари билан боғланган.
Президентимиз кейинги йилларда давлат раҳбарлари даражасида очиқ ва ишончга асосланган мулоқот ўрнатилгани, самарали Ўзбекистон-Қирғизистон стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан мамлакатларимиз ўртасидаги узоқ муддатли шериклик бундан буён ҳам изчил мустаҳкамланиб боришига ишонч билдирилган.
Туркия катта сиёсий, иқтисодий ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат. Кейинги пайтда Ўзбекистон Республикаси ва Туркия Республикасининг ўзapo ҳурматга асосланган кўп қиррали алоқалари стратегик шериклик даражасига кўтарилган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилда Туркияга амалга оширган давлат ташрифи ҳамда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг ўтган йилги Ўзбекистонга давлат ташрифи ҳамкорликни мутлақо янги босқичга олиб чиқди.
Бугунги кунда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда олий даражадаги Ўзбекистон-Туркия стратегик ҳамкорлик кенгаши биринчи йиғилишининг ўтказилиши кўп қиррали муносабатларнинг янада ривожланишига хизмат қилиши таъкидланган.
Индонезия Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги анъанавий дўстона ҳамкори. Бизни маънавий-диний қадриятлар муштараклиги боғлаб туради.
Мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми ўсиб бормоқда, турли тармоқларда, жумладан, зиёрат туризми соҳасида қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда.
"Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабатлари яхши қўшничилик, мустаҳкам дўстлик ва қардошлик ришталарига асосланган. Мамлакатларимиз ҳар томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда", - дея қайд этган Президент.
Давлатимиз раҳбари Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев билан ўрнатилган ишончли ва самимий мулоқотни алоҳида қайд этган.
Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг жорий йил 14-15 апрель кунлари Ўзбекистонга бўлажак биринчи давлат ташрифи стратегик шерикликни кенгайтиришига ишонч билдирилган.
Президентимиз янги тайинланган элчилар профессионал ва ҳаётий тажрибаси, бой билими билан мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган дипломатик фаолиятини муваффақиятли амалга оширишига умид билдирган.
Ўз навбатида, элчилар самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон билан кенг кўламли ҳамкорлик ва самарали шерикликни янада ривожлантиришга бор куч-ғайратини сафарбар қилишини қайд этганлар.
4108views0replies
0

Изоҳлар