Излаш
RUUZ

Жамият

"Радар"га тушган ҳайдовчи ЙҲХ ходимига "пора" бергани аниқланди

Тезликни меъёридан оширган ва йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчи автомашинаси жарима майдончасига бормаслиги учун "ходим"га "пора" таклиф қилди.

3147views0replies
0

UzNews.uz

Шу йилнинг 14 февраль куни "М-37" автомобиль йўлининг Кармана тумани ҳудудида йўл патрул хизмати ходими томонидан "Нукус — Тошкент" йўналиши бўйича юқори тезликда ҳаракатланиб келаётган "Нексия" русумли автомашина тўхтатилди. Табиийки, йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчига нисбатан йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирди. 
Буни қарангки, йўл-патруль хизмати ходимига худди елимдек ёпишиб олган ҳайдовчи автомашинасини жарима майдонидан чиқариб бериши учун унга пора таклиф этди. Аммо у пора бериш чоғида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Яқинда ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Кармана тумани суди очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Маълум бўлишича, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшайдиган Эрназар Алижонов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) 2019 йилнинг 12 февралида амакиси А. Алижоновга тегишли "Нексия" русумли "01 G 989 VA" давлат рақамли автомашинани ҳеч қандай ҳужжатларсиз бошқариб, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрига борган. У 14 февраль куни Нукусдан ортига қайтган.
Э. Алижонов автомашинада "Нукус — Тошкент" йўналиши бўйича ҳаракатланиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 78-бўлими 7-банди талабини қўпол равишда бузган. Аниқроқ айтганда, ушбу ҳудудда ҳаракат тезлиги 70 километр соат этиб белгиланган бўлса-да, у автомашинани 76 километр соат тезликда бошқарган. Туманнинг "Варқ" аҳоли яшаш жойига ўрнатилган "KRISP — 2997" тезликни ўлчаш мосламасида ушбу ҳолат аниқ қайд этилган.
Йўл-патруль хизмати катта инспектори, сержант С. Азаматов ўзи билан бирга хизмат вазифасини бажараётган инспектор, Ж. Фазлиддиновга ишора бергач, у автомашинани тўхтатган. С. Азаматов ҳайдовчига ўзини таништирган ва тезликни белгиланган меъёрдан ошириб ҳаракатланаётганини айтиб, ҳужжатларни тақдим қилишни сўраган. Ҳайдовчи автомашинанинг қайд этиш гувоҳномаси, огоҳлантириш талони ва суғурта полисини ҳамда ўзининг фуқаролик паспортини кўрсатган. Бироқ текширув жараёнида автомашинани бошқариш билан боғлиқ ҳужжатлар унинг ўзига тегишли эмас, балки бошқа бир шахснинг ҳужжатлари эканлиги аниқланган.
Шундан сўнг ҳайдовчига "KRISP — 2997" русумли аппарат воситасида олинган суратни компьютер олдига келиб кўриш таклиф қилинган. Ҳайдовчи фотосуратни кўргач, унга С. Азаматов йўл-ҳаракати қоидасини бузганлигини айтиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштиришни бошлаган. Шунда ҳайдовчи Э. Алижонов С. Азаматовга маъмурий баённома расмийлаштирмаслик эвазига 100 минг сўм беришни айтган.
Маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига олиб борилиши Э. Алижоновга тушунтирилганда, у поранинг миқдорини оширган — 200 минг сўм таклиф қилган. Охир-оқибат эса, автомашинани жарима майдончасига қўймаслик, тузилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани енгилроғига қайд этиш эвазига 600 минг сўм пул беришни айтган. ЙПХ ходими С. Азаматов пул таклиф қилиш қонунга зид бўлиб, жиноят эканини Э. Алижоновга қайта-қайта тушунтирган. Аммо ҳуқуқбузар ҳайдовчи Э. Алижонов пора таклиф қилишдан қайтмаган.
Ҳайдовчи томонидан пул таклиф қилинаётгани ҳолати юзасидан ИИБ ЙҲХБнинг тарбиявий ишлар бўйича бошлиқ ўринбосарига қўнғироқ қилиниб, ахборот берилган. Шундан сўнг ушбу ҳолат бўйича мобиль алоқа воситасига ёзиб олинган видеотасвир илова қилинган ҳолда вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги ёзилиб, раҳбарият хабардор қилинган. Холислар иштирокида баённома тузилиб, ЙПХ ходимларига Э. Алижонов билан бўладиган суҳбатни ёзиб олиш учун "Диктофон" тақдим этилган. Навоий шаҳар прокуратураси ва вилоят ИИБнинг ЎХБ ходимлари биргаликда "У А. Аброр — 98" масъулияти чекланган жамиятига қарашли автомашиналар жарима майдончасида тезкор тадбир ўтказишади. Э. Алижонов ЙПХ ходими С. Азаматовга 585 минг сўмни пора тариқасида бераётган чоғида ушланади.
Судланувчи Э. Алижонов Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги рад қилиб бўлмас далиллар билан тўлиқ исботланди. Э. Алижонов қилмишига яраша жазо олди. 
Бу ҳақда, "UzNews.uz"га Жиноят ишлари бўйича Кармана тумани судининг раиси Алишер Сайдуллаев маълум қилди.
3147views0replies
0

Изоҳлар