Излаш
RUUZ

Жамият

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ. Сайёр қабулда 600 дан ортиқ мурожаат кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилоятидаги Халқ қабулхонасида Президент Администрацияси томонидан сайёр қабул ўтказилди.

4225views0replies
0

ХАЛҚ БИЛАН МУЛОҚОТ/Facebook

Оммавий сайёр қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Олий суд, Бош прокуратура, Адлия, Ички ишлар вазирлиги вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, вилоят судлари раислари, мурожаатчи фуқаролар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Барча даражадаги раҳбарларнинг аҳоли билан бевосита мулоқотга кириши, айниқса, сайёр қабуллар орқали мурожаатчилар ҳузурига бориши уларнинг адолатга, давлатга, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, очиқ мулоқотларда аҳолига муносиб иш ва турмуш шароити яратиш борасида бор куч ва имкониятлар ишга солинаётир.
Бундай саъй-ҳаракатлар уларнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини юксалтириб, дунёқарашини тубдан ўзгартириш, яратувчанлик ва ташаббускорлигини оширишга замин яратаётир.
Тошкент вилоятида ҳам мурожаатлар билан ишлаш тизими сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхоналари, турли вазирлик ва идора раҳбарлари томонидан ўтказилаётган сайёр қабуллар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки 2 ойида 5 минг 600 жисмоний ва юридик шахс вилоят, туман ва шаҳардаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналарига мурожаат қилган. Мурожаатларнинг 3 минг 500 дан ортиғи, яъни 63 фоизи қаноатлантирилган.
Шу даврда вилоят ҳудудида 530 дан ортиқ сайёр қабул ўтказилиб, 4 минг 500 дан ортиқ мурожаат қабул қилинган. Уларнинг қарийб 2 мингтаси қаноатлантирилган.
Сайёр қабулда аҳоли мурожаати мазмунидан келиб чиқиб, уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Улуғбек Мухаммадиев, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов, Бош прокурор Отабек Муродов, Адлия вазири Русланбек Давлетов, Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари қабул қилди.
– Турмуш ўртоғим Мирзо Улуғбек туманида нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланар эди, – дейди Мукаррам Нуралиева. – 2007 йилда бевақт қазо қилди. Шундан сўнг давлат нотариуси томонидан турмуш ўртоғим бошқарувида бўлган "Дон-нон" масъулияти чекланган жамияти устав фондининг 87 фоиздан ортиқ қисми оиланинг меросхўрлари сифатида қизим иккаламизга ажратилиши белгиланди. Лекин, турмуш ўртоғим ўрнини эгаллаган собиқ ўринбосари оиламизга тегишли бўлган мазкур улушни ўз фойдасига ўзлаштириб олди. 10 йиллик чопа-чоплардан сўнг, ниҳоят адолат қарор топди. Унга нисбатан ўтган йили Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши очилди. Бош прокурорга мана шу масала юзасидан мурожаат қилиб, қўзғатилган мазкур жиноят ишини ўз назоратига олишини ва адолатни тўлиқ қарор топтиришда амалий ёрдам беришини сўрадим.
Сайёр қабулда ҳар бир мурожаатчининг арзи-ҳоли тингланиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар чуқур таҳлил қилинган ҳолда бартараф этиш чоралари кўрилди. Аксарият мурожаатларда келтирилган қонун бузилиши ҳолатлари ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар жойида ҳал этилди.
– 2000 йилдан буён оилам билан Ҳақиқат кўчаси 86-уйда яшайман, – дейди чирчиқлик Бахтиёр Ҳасанов. – Ўша йили шу уйни сотиб олиб, ҳужжатларини расмийлаштиришни бошладик. Кўчамизнинг бузилиши мумкинлиги ваажи билан бу жараён пайсалга солинди. Оқибатда уйнинг электр, газ, сув ва бир қатор ҳужжатлари менинг номимга ўтгани ҳолда, уйга эгалик ҳуқуқи берилмади. Ҳозир уйимиз эгасиз. Чунки, собиқ эгаси уни менга сотган ва унда уйга эгалик ҳуқуқи йўқ. Қизиғи, 19 йилдирки, ўз уйимга бундай ҳуқуқ ўзимда ҳам йўқ. Шу масала бўйича мурожаат қилиб, амалий ёрдам сўраб келдим.
Аҳоли билан очиқ мулоқот мобайнида аҳолининг 600 дан ортиқ мурожаати тингланиб, маълум қисми жойида бартараф этилди. Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш ёки вақт тақозо этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга вазифа белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
4225views0replies
0

Изоҳлар