Излаш
RUUZ

Жамият

Президент “Humo Arena” муз саройини очиб берди

Шавкат Мирзиёев “Humo Arena” кўп тармоқли муз саройининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

2967views0replies
0

president.uz

Бугун, 15 март куни Тошкент шаҳрида “Humo Arena” кўп тармоқли муз саройининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.
Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларда соғлом ва баркамол ёш авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлаган.
"Юртимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто олис туманларда замонавий ва оммабоп спорт инфратузилмаси яратилмоқда. Жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланувчилар сони ошиб бормоқда. Кейинги икки йилда Ўзбекистон спортчилари халқаро мусобақаларда мингдан зиёд, шу жумладан, 400 дан ортиқ олтин медалларни қўлга киритди", – деган Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан 2030 йилги ёзги Осиё ўйинларини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббуси илгари сурилган.
"Ватанимиз спортчилари фигурали учиш, хоккей, тоғ чанғиси, фристайл, сноуборд каби энг томошабоп қишки спорт турларида ҳам муносиб иштирок этишларига интилмоқдамиз. Фристайл бўйича қишки Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларидаги олтин медаллар, фигурали учиш бўйича Осиё ўйинлари ва бошқа халқаро мусобақаларда қўлга киритилган етмишдан ортиқ медал бу борадаги ютуқларимиздир. Биз ушбу шонли спорт анъаналарини давом эттиришни бурчимиз деб биламиз", – дея таъкидлаган Президентимиз.
Очилиш маросими спортчи ва санъаткорлар ҳамкорлигида тайёрланган шоу дастур билан давом этган. Муз майдони сатҳида 3D мэппинг технологияси асосида Ҳумо қуши, бу ерда ўтказиладиган спорт турлари тасвири намойиш этилиб, спортчи ёшлар ҳамда болалар кўргазмали чиқишлар қилган. Ўзбекистоннинг ёш спортчилари ва машҳур хоккейчилар ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтган.
Маросимда Халқаро хоккей федерацияси президенти Рене Фазель, дунёга машҳур спортчи ва санъаткорлар иштирок этган.
Ҳозирда юртимизда қишки спортни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар ўз натижаларини бера бошлади. Ўтган йили тўртта хоккей клуби ташкил этилди. Жорий йил февралда хоккей бўйича биринчи чемпионатга старт берилди. Яқинда Россиянинг Красноярск шаҳрида бўлиб ўтган қишки Универсиадада мамлакатимиз спортчилари илк бор иштирок этди.
2967views0replies
0

Изоҳлар