Излаш
RUUZ

Жамият

Хоразмда ноқонуний ер майдони сотган маҳалла раисига Суд ҳукми ўқилди

Раис бу айбни судда ҳам, терговда ҳам тан олмади. Хориж пулини на фириб, на пора йўли билан қўлга киритдим, демади, уни олганидан тонди.

1911views0replies
0

UzNews.uz

Хоразм вилояти Хива туманидаги “Қушчи Каттабоғ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Давронбек Эркаев ўзи раҳбарлик қилаётган маҳалла ҳудудида уй-жойга эҳтиёжи бўлган она-бола Гулбаҳор Рўзибоева ва Мурод Рўзибоев (исм-фамилиялари уларнинг илтимосига кўра, ўзгартирилган)ларнинг ер майдони сотиб олиш бўйича қилган мурожаатидан фойдаланиб, кўрсатилган ер майдони учун 5 минг АҚШ доллари сўради ва уни олаётган вақтда ушланди.
Унга нисбатан эса тергов органи Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди, ва 28,211-моддаси 2-қисми “б”банди билан жиноий иш қўзғатди.
Раис бу айбни судда ҳам, терговда ҳам тан олмади. Хориж пулини на фириб, на пора йўли билан қўлга киритдим, демади, уни олганидан тонди. Пулни машинаси ичидаги қутичага пинҳона солиб қўйишгани ва бармоқлари унга бехосдан тегиб, кукуни қўлига юққанини эса, такрор-такрор тилга олди.
Судда гувоҳ сифатида қатнашган қўшни “Чанашиқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б. Ҳасанов можарога сабаб бўлган ер майдони аслида ўз қариндоши Н. Раҳимовга тегишли экани, у ушбу майдонни 4 500 АҚШ доллари эвазига сотиш ниятида бўлганини айтди. Шу сабаб иморат ўрни Рўзибоевлар оиласига ўлчаб топширилганидан хабардор эканини билдирди.
Жараён қатнашчилари судланувчининг соф Хоразм шевасида пул талаб қилганига оид жонли овозини ўз қулоқлари билан эшитдилар. Судга гувоҳ сифатида таклиф қилинган она-бола Г. ва М. Рўзибоевлар, холислардан А. Ёқубов, А. Саидназаров, У. Солаев, М. Ҳасановлар “диктофон” аталмиш ушбу матоҳ томонидан келтирилган далилларни якдил тасдиқладилар.
Аён бўлишича, Рўзибоевлар оиласига сотилган ер майдони аслида бундан 13 йил муқаддам туман ҳокимининг қарорига мувофиқ фуқаро Н. Раҳимовга ажратиб берилган, аммо, орадан бир йил ўтмаёқ, Б. Ҳасановнинг ихтиёрига ўтказилган, 2008 йил кузига келиб эса, шу иш юзасидан чиқарилган қарор ҳам бекор қилинган.
Чунки, ушбу майдон аслида дахлсиз ҳисобланган катта захкаш бўйида жойлашган. Бундай майдонларда иморат қуриш ман этилади ва унга ҳеч кимнинг дахли йўқ. Ер ҳозирда туман ҳокимлигининг захира майдонлари рўйхатида турибди. Ушбу майдонни ўзбошимчалик билан эгаллашга ҳеч ким, жумладан, раис Д. Эркаевнинг ҳам, уни сотишда воситачи бўлган Б. Ҳасановнинг ҳам, ер учун нақ 5 минг АҚШ долларини берган Рўзибоевлар хонадонининг бу ерда ҳаққи йўқ.
Айбланувчининг қилмиши Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмидан 2-қисмига қайта малакаланди. Мазкур кодекснинг 28,211-моддаси (пора беришга суиқасд) 2-қисми бўйича қўйилган айб ҳам юқоридаги асосларга кўра, судланувчининг зиммасидан олиб ташланди. Суд уни ушбу модданинг 1-қисми бўйича жавобгар деб топди. Айни пайтда Д. Эркаев томонидан бошқарув тартибига қарши жиноят содир этилгани факти ҳам юзага қалқиб чиқди.
Д. Эркаевнинг оилавий шароити, 5 нафар фарзанднинг отаси, оила устуни экани, муқаддам судланмагани, ҳамқишлоқлари томонидан ижобий тавсифлангани, жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслиги инобатга олинди.
Жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди раиси Муроджон Ҳасановнинг “UzNews.uz”га маълум қилишича, айбланувчи Жиноят кодексининг ўзига нисбатан қўлланилган ҳар иккала моддаси тегишли қисмлари бўйича 3 йил муддатга озодликдан, айрим ҳуқуқлардан мосуво этишга доир 45-моддаси тартибида эса, 2 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
1911views0replies
0

Изоҳлар