Излаш
RUUZ

Жамият

Аввал судланган фуқаро бир неча шахсни 345 млндан ошиқ бўлган маблағга чув туширди

Жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилган Ж.Қ. машина сотиш, гўшт сотиб бериш ва яна бошқа алдовлар билан бир неча шахсдан фирибгарлик йўли орқали катта миқдордаги маблағларни олган.

2371views0replies
0

UzNews.uz

Халқимизда "Яхши отга бир қамчи, ёмон отга минг қамчи" деган нақл бор.
Бу — кимдир ўз хатосини, ноқонуний қилмишини бир марта қоқилгандаёқ англаб етса, бошқа биров ҳар қанча жазога тортилмасин, унинг жиноятга мойил, ўрганган кўнгли яна ўша эгри кўчага етаклайверишидан далолатдир.
Бугунги "қаҳрамон"ларимиз ҳам ана шу тоифага мансуб бўлиб чиқди.
Юнусобод туманида яшовчи Жавоҳир Қулматов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 2010 йил 7 июнда, яъни нав­қирон йигирма тўрт ёшида жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а”, “в” - бандлари билан айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.
Кейинчалик — жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судининг 2013 йил 26 февралдаги ажрими билан унинг ўталмай қолган 3 йил 3 ой 13 кунлик жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган. Орадан 8 ой ўтгач, унга нисбатан яна бағрикенглик қилиниб, жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2013 йил 26 октябрдаги ажримига мувофиқ ўталмай қолган 2 йил 9 ой 23 кун ахлоқ тузатиш иши жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этилган.
Аммо ўз қилмишидан хулоса чиқариб олмаган, бошқача айтганда, сўқир кўзи очилмаган Жавоҳир яна фирибгарлик кўчасига қадам босди. Аниқроқ айтганда, у 2014 йил 16 октябрь куни Олмазор туманидаги "Тансиқбоев" деҳқон бо­зори автотураргоҳида таниши Зариф Жумаевга "Феруза-Гранд" хусусий корхонасига те­гишли бўлган "Спарк" русумли автомашинани 8 000 АҚШ долларига баҳоланганини айтиб, сотиш ниятида эканини билдирди. Табиатан содда бўлган Зарифжон эса, унинг гапларига ишониб, ўша куниёқ 4 000 АҚШ доллари (Ўзбекистон Республикаси Марказий банки маълумотномасига кўра, 2014 йил 14 октябрдан эътиборан 1 АҚШ доллари 3 375 сўмга тенг бўлиб, 4 000 АҚШ доллари 9 502 240 сўмни ташкил қилган) ни санаб беради.
— "Тойчоқ"ни ҳозир миниб тураверинг, тез орада номингизга ўтказиб бераман. Қолган пулни ўшанда бераверасиз, — дейди Ж. Қулматов танишининг кўнглида шубҳа уйғотмаслик учун.
Аммо "тез орада"дан бир нечтаси ўтиб кетса-да, у ваъдасини бажармай, пулни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади. Бундан ташқари Жавоҳир терговда шахси аниқланмаган Фозил исмли йигит билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Ҳурматилла Бозоровни ҳам чув туширади. Яъни Юнусобод туманининг Оқтепа маҳалласидаги кушхонада Ўурматилла акадан 908,5 кило, нархи 20 765 750 сўмлик мол гўштини бир кун ичида сотиб, пулини бериш шарти билан алдаб оладию, воқеа жойидан яширинади. Бироқ бундай мўмай пул топиш усули унинг "иштаҳа"сини очиб юборади.
Оқибатда орадан 2 кун ўтгач, Иноятулла Дадахоновдан 1 400 000 сўм қарз олади.
— Қарзни беш-олти кунда албатта, қайтараман, — дея ваъда беради у пулни санаб олаётиб. Аммо И. Дадахонов "Қў­линг билан бериб, оёғинг билан югуриб оласан", деган нақлнинг нақадар топиб айтилганини шундан сўнг анг­лаб етади. Негаки, фирибгар пулларни аллақачон жиғилдонига урган, берган ваъдаси эса, "хаёлидан кўтарилиб" қолган эди.
Шундан сўнг Ж. Қулматов 2014 йил 13 декабрь куни яна "ов"га чиқади.
Пировардида, Шайхонтоҳур тумани Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган кушхонада Аҳрор Ҳошимовдан 780 кило, 18 200 000 сўм­лик мол гўштини 5 кун ичида сотиб, пулини беришини айтиб олади. Лекин А. Ҳошимов кўрган зарар Учтепа туманидаги кушхонада қо­ра­мол­ларни сўйдирган Исомиддин Тожиддиновники олдида ҳол­ва экан. Чунки Жавоҳир 3 кун мобайнида Исомиддин аканинг 8 тонна 733 килограмм, нархи 164 270 000 сўмлик мол гўштини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади. Гўштни сотгач, пулини чўнтагига уради.
Буни қарангки, Жавоҳир Қулматов Барот Рихсибоевни ҳам оз эмас, нақ 141 000 000 сўмга чув туширади.
— Уйимни пул зарур бўлиб қолгани сабабли сотаяпман. Шунинг учун сизга арзонроқ қилиб бераман, — дея у Барот акани аврайди ва Мирзо Улуғбек тумани, Оққўрғон кўчасидаги 21-уйнинг 32-хонадонини ташқаридан кўрсатади. Бироқ Б. Рихсибоев ушбу хонадон мутлақо бегона шахсга тегишли эканини қаёқдан ҳам билибди дейсиз. У алданганини билганида эса, аллақачон кеч бўлганди. Шу боис Б. Рихсибоев ва бош­қа жабрланувчиларнинг мурожаатига кўра, Ж. Қулматовга нисбатан Жиноят­ кодексининг 168-моддаси 3-қисми "а" - бан­ди билан жиноят иши қўзғатилди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2018 йил 13 июндаги ҳукмига биноан жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2018 йил 28 мартдаги ҳукми билан тайинланган жазони қисман қўшиш йўли билан у узил-кесил 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Суд ҳукмида айбдордан жабрланувчиларга етказилган 345 635 750 сўм зарарни ундириш ҳам белгиланади.
Ўртачирчиқ туманида яшовчи Орифжон Абдусатторов ҳам муқаддам икки маротаба — 2016 ва 2017 йилларда фирибгарликнинг бир қа­рашда ширин, аммо аччиқ шаробини татиб кўрганди-ю, аммо кўзи очилмаган экан.
Акс ҳол­да, у қонуний жазо муд­датини ўтаётган даврида ҳамтовоғи Элмурод Неъ­матов билан бирга яна шу жиноятга қўл урмаган бўларди.
Тергов ва суд жараёнида маълум бўлишича, Орифжон ва Элмурод анчагина бадавлат бўлган Нажмиддин Банноповнинг пулини қўлга киритиш юзасидан жиноий тил бириктиришади. Шу мақсадда Нажмиддин акага Шайхонтоҳур тумани Себзор даҳасидаги "Миллий таомлар" ошхонаси ёнида жойлашган 2 сотихли ер майдонини 20 000 АҚШ доллари (162 654 600 сўм) эвазига Тошкент шаҳар ҳокимлигида ишлайдиган мансабдор танишларини моддий манфаатдор қилган ҳолда олиб беришини айтишади. Бинобарин, 2017 йил 7 декабрь куни хамир учидан патир тариқасида 2 000 АҚШ долларини олишади. Устаси фарангликни қарангки, Н. Банноповни ишонтириш учун олди-бердини шаҳар ҳокимлиги биноси ёнида амалга оширишади. Аммо фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пулни ўр­тада тақсимлаб олиб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборишади.
Шундан сўнг орадан ўн-ўн беш кун ўтиб, улар Нажмиддин Банноповнинг яна 3 600 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўзаро тақсимлаб олишади. Бу гал эса, Яккасарой тумани Ўрикзор кўчаси 155 ва 157-уйлар орасидаги 1 сотих ер майдонини 10 000 АҚШ доллари эвазига олиб беришни ваъда қилишади. Лекин фирибгарлар пулни жиғилдонга уришади-ю, Н. Банноповни эрта-индин, деб алдаб юраверишади.
— Аввал берганингиз келишган пулимизнинг ярми ҳам эмас. Ҳокимиятдагиларга эса, ҳеч бўлмаса, ярмини узатмасак, иш битмайди, — дейишади улар орадан 2 ой ўтгач.
— Майли, бераман. Фақат аниқ ҳал бўладими? — деб сўрайди Нажмиддин ака жўрттага.
— Бу ёғи сизга боғлиқ, — дея маъноли кулиб қўйишади Ориф билан Элмурод бир-бирига қараб.
Шундан сўнг Н. Баннопов О. Абдусатторов ва Э. Неъматовга қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идораларга мурожаат қилди.
Оқибатда фирибгарлар 2018 йил 23 февраль куни Ҳадра майдонидаги ошхонада ундан 10 000 АҚШ доллари ҳисобидан 2 500 АҚШ долларини олаёт­ган вақтида Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланади.
Бинобарин, уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг 2018 йил 4 июндаги ҳукмига асосан узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.
Бироқ Ж. Қулматов ва О. Абдусатторовлар суд ҳукмидан норози бўлиб, жиноят­ ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига кассация шикояти билан мурожаат қилишган. Кассация суди мажлисида биринчи босқич суди томонидан ҳар иккала судланувчининг қилмишлари тўғри квалификация қилингани ва уларга нисбатан тайинланган жазо қонуний эканлиги ўз тасдиғини топди. Шу боис суд биринчи босқич судларининг ҳукмларини ўзгаришсиз, кассация шикоятларини эса, қаноатлантирмасдан қолдирди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Жасур ва Орифжон биринчи босқич судида ҳам, кассация суди мажлисида ҳам қилмишларидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, ўз оиласининг ягона боқувчиси эканликларини маълум қилиб, қонуний енгиллик беришни сўрашди. Аммо нега улар такроран жиноят содир этаётганларида оиласи ва фарзандларини ўйлашмади? Ёки суддаги пушаймонлик шунчаки жазодан қутулиш учун тил учида билдирилган иқрорликми?
Буни эса, олий ҳакам саналмиш вақт кўрсатади.
Анжелика ШАМСУДДИНОВА,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар судининг судьяси
2371views0replies
0

Изоҳлар