Сиёсат

Президент электр энергетикаси соҳасини янада ислоҳ қилиш вазифаларини белгилаб берди

20 февраль куни Шавкат Мирзиёев электр энергетикаси тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Президент электр энергетикаси соҳасини янада ислоҳ қилиш вазифаларини белгилаб берди
Фото:president.uz

Шавкат Мирзиёев 20 февраль куни электр энергетикаси тармоғида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва соҳани ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга эътибор йўқлигини танқид қилди, деб хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

 

Давлатимиз раҳбари мавжуд муаммоларни бартараф қилишга кўрсатма берди. Масалан, халқаро молия институтлари иштирокидаги “Тахиатош иссиқлик электр станциясидан Хоразм-Саримой пунктигача 220 киловольтли электр линияларини тортиш”, “Юқори кучланишли подстанцияларни модернизация қилиш”, “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини қуриш” лойиҳаларини амалга ошириш муддатлари кечиккан.

 

Шу боис Энергетика вазирлиги, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига халқаро молия ташкилотлари маблағларини тўлиқ ўзлаштириш, лойиҳаларни ўз вақтида бажариб, маблағларни иқтисод қилиш вазифалари қўйилган.

 

Электр энергиясини экспорт қилиш бўйича мамлакатимизнинг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, Сурхон-Пули-Хумри тармоғини қуришни тезлаштириш бўйича кўрсатмалар берилган.

 

Шунингдек, 2019 йилги Инвестиция дастурига электр энергияси тизими бўйича умумий қиймати 8,1 миллиард долларлик 33та лойиҳа киритилган. Бу йил қарийб 620 миллион доллар ўзлаштирилиб, 7 та йирик лойиҳа ишга туширилиши белгиланган.

 

Вазирлар Маҳкамаси, Энергетика вазирлиги, “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятига умумий қиймати 2,5 миллиард долларлик 13та истиқболли лойиҳа бўйича хорижий ҳамкорларни аниқлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш бўйича манзилли “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш топширилган.

 

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари соҳадаги муҳим йўналишларни белгилаб берди. Хусусан, давлат-хусусий шерикчилик асосида муқобил энергетикани ривожлантириш, бундай лойиҳаларга чет эл инвестициялари жалб этиш имконияти катта экани таъкидланган.

 

Ҳозирда юртимизда қуёш ва шамол электр станциялари қуриш бўйича Туркиянинг “Йилдирим груп”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Маздар” жамғармаси ва Халқаро молия корпорацияси билан иш олиб борилмоқда.

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 февралдаги қарорида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамиятини қайта ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини тайёрлаш белгиланган эди. Давлатимиз раҳбари бу қарорда ишлаб чиқарувчи – етказиб берувчи – тақсимловчи вазифалардан келиб чиқиб, корхоналарнинг функцияларини аниқ ажратиш, соҳага бозор муносабатлари, жумладан, давлат-хусусий шерикчиликни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.

фикрлар
Мавзу бўйича қизиқарли ва маъноли фикрлар қабул қилинади.
ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР
ДОЛЗАРБ
ОММАВИЙ
ҚИЗИҚАРЛИ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР БИЗ БИЛАН БЎЛИШИНГ
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
АСОСИЙ ЯНГИЛИКЛАР
ОММАВИЙ
ДОЛЗАРБ
ҚИЗИҚАРЛИ