Излаш
RUUZ

Жамият

Қонуний никоҳдан ўтмаган ёшларга шаръий никоҳ ўқиган 2 мулла жаримага тортилди

Қонуний никоҳдан ўтмаган ёшларга шаръий никоҳ ўқиган икки нафар мулла энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида жаримага тортилди.

8368views0replies
0

ЎзА

Маълумки, Бош қомусимизнинг 63-моддасида белгиланганидек, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Албатта, оила мустаҳкамлиги никоҳнинг қонунийлигига ҳар жиҳатдан боғлиқ. Аммо бу теран ҳақиқатни ҳамма ҳам бирдек англаб етавермайди. Бинобарин, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 13 июнь куни бўлиб ўтган "Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби" мавзусидаги анжуманда бу ҳақида алоҳида тўхталиб, шундай таъкидлаган эди: "Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган "никоҳ"дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди".
Шу билан бирга, бундан буён ФҲДЁ томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирилганди.
Аммо Поп туманининг Олтинкон шаҳарчасида яшовчи, 68 ёшли Турсунмуханбат (исми ҳужжатларда айнан шундай — муаллиф изоҳи) Лочинбоев ўз ҳамёнини ўйлаган муллалардан бўлиб чиқди. Гап шундаки, у махсус диний маълумотга эга бўлмаган ҳолда 2016 йил апрель ойида ФҲДЁ бўлимида қонуний никоҳдан ўтмаган Аширбой Жамолов ва Марҳамат Шорустамоваларга шаърий никоҳ ўқиб қўйганди.
Лекин нимадир бўлди-ю, 2018 йил ёз ойларида Марҳамат арзимас оилавий келишмовчилик туфайли ота-онасиникига кетиб қолди. Т. Лочинбоев эса, панду насиҳат қилиб ҳамда ҳаётий тажрибаларига таяниб, уларни яраштириб қўйиш ўрнига 2018 йил 10 октябрь куни Аширбой ва Меҳринисса Аширматовага шаръий никоҳ ўқиб, яна диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузди. Ваҳоланки, шаърий никоҳ ўқийдиган шахс диний идоранинг масъул ходими бўлиши, фуқаролар аввал қонуний никоҳни расмийлаштириб, никоҳ қайд этилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани олганидан сўнггина шаърий никоҳдан ўтиш учун диний идорага мурожаат қилиши, шундан сўнг шаръий никоҳ ўқилиши шарт. Шунинг учун М. Шо­рус­тамованинг туман ИИБга қилган мурожаати туфайли Т. Лочинбоевга нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди.
Яна бир мисол: 1948 йилда туғилган, туманнинг Иттифоқ маҳалласида яшовчи Самижон Сотимов ҳам, гарчи ваколати бўлмаса-да, 2018 йил август ойида Саиджон Обидовнинг илтимосига биноан уни Марҳабо Султонова билан шаърий никоҳдан ўтказиб қўйган.
Айтиш керакки Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 2-қисмида "Диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бош­қа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш энг кам иш ҳақининг саксон бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади", кодекснинг 33-моддасида эса, "Суд маъмурий жазо чорасини қўллаётганда жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда сабаблар ва асосларни албатта, кўр­сатиб, ушбу кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо чорасини қўллаши мумкин", дея қайд этилган.
Бинобарин, суд ҳар иккала ҳуқуқбузарнинг нафақа ёшида эканлиги, уларнинг қилмишидан пушаймонлиги, оилавий шароити, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, юқоридаги модда санкциясида белгиланганидан ҳам камроқ, яъни энг кам ойлик иш ҳақининг 50 (эллик) баравари миқдорида — 9 215 000 сўм (ўша пайтда энг кам ойлик иш ҳақи 184 300 сўм бўлган) жарима жазоси та­йинлади.
Бундан ташқари суд ушбу ҳуқуқбузарликларни фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти етишмаслиги, диний қарашларнинг нотўғри сингдирилиши, ҳуқуқбузарларнинг ўз шахсий манфаати йўлида динни ниқоб қилиб олганлиги, маҳалла ҳамда жамоатчиликнинг эса, бунга мутлақо бефарқлиги, энг ачинарлиси, жойларда бу борада маънавий-маърифий ишлар қониқарли даражада йўл қўйилмагани, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тегишли чора-тадбирлар лозим даражада амалга оширилмагани туфайли юзага келган, деб топди.
Шу боис қонунбузилиш ҳолати, унинг келиб чиқиш омиллари ва шарт-шароитларини бартараф этиш юзасидан "Маҳалла" хайрия жамоат фондининг Поп туман кенгаши ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Поп туман вакиллигига тақдимнома ҳам киритилди.
Энди бир мулоҳаза қилиб кўрайлик. Чиндан ҳам, оила қўрғонини муқаддас деб билмаслик, арзимас сабаблар билан ажралишлар, бегуноҳ болаларнинг тирик етим бўлиб, меҳр ва эътиборга энг ташна вақтида ота-она тарбиясидан четда қолиши қонуний никоҳдан ўтмай, шаръий никоҳ асосида турмуш қуришнинг оқибати эмасми?
Шундай экан, нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ҳокимият ва ФҲДЁ ходимлари, балки ота-оналар, қўни-қўшни, маҳалла-кўй, жамоатчилик вакиллари ҳам оила масаласига янада жиддий масъулият билан ёндашиши шарт. Зеро, юқоридаги каби ҳеч кимнинг гулдек оиласи завол топмасин, тинч-тотув ҳаётига асло путур етмасин.
Самаджон ҚОДИРОВ,
Поп туман маъмурий
судининг раиси
8368views0replies
0

Изоҳлар