Излаш
RUUZ

Жамият

13 йил олдин аёлининг ўлимига сабаб бўлган эркак озодликдан маҳрум этилди

2005 йилда устидан бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборган аёлнинг эри 2018 йилда қўлга олинди.

2898views0replies
0

UzNews.uz

Жиноятчиликка қарши курашиш барча даврларда ҳам давлатнинг муҳим вазифаси ҳисобланган. Инсон ҳамиша тинч ва хотиржам яшашни хоҳлайди. Бинобарин, тинчлик бор жойда барака ва ривожланиш бўлади.
Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида Ўзбе­кис­тоннинг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқ­бузарлик­лар­нинг олдини олиш борасидаги мақсадлари аниқ ва равшан баён этил­ган. Шу асосда 2018 йил "Коррупцияга қар­ши курашиш тўғрисида" ва "Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳи­моя қилиш тўғрисида"ги қонунлар қабул қилингани ниҳоятда муҳимдир.
Бундан ташқари давлатимиз раҳбарининг "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қа­бул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Бу ҳужжат юртимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича фаолиятни мувофиқлаштиришнинг таъсирчан тизимини яратиш, қонун бузилишларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг замонавий ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш мақсадларини кўзда тутади.
Президентимиз соҳага масъул бўлган идораларнинг асосий вазифаси жиноятчини топиш ва жазолаш эмас, балки жиноят содир этилишига шароит яратиб берган ҳолатларни аниқлаш, айниқса, тизимли муаммолар билан ишлашга алоҳида урғу қаратиш зарурлигини кўп бора таъкидлайди. Бу бежиз эмас, албатта.
Чунки бу борадаги ижо­бий ишлар натижасида ке­йинги йилларда жиноятчиликнинг олдини олишда маҳалла инс­ти­тути имкониятларидан самарали фойдаланиш йўл­га қў­йил­ди. Эндиликда со­дир этилган ҳар бир жиноий қилмиш, аввало, маҳаллада кенг муҳокама қи­линмоқда.
Жиноятчи­ликка қарши курашиш кенг жамоатчиликнинг ҳам вазифаси экани суд ва ҳу­қуқ­ни муҳофаза қилиш идораси ходимлари томонидан аҳо­лига атрофлича тушунтирилмоқда.
Бунинг натижасида жиноят содир этиб, яшириниб юрганлар қилмишининг оқибатини тушуниб, ўз­­лари ҳуқуқ­ни муҳофаза қи­лиш идорасига келган бўлса, баъзилари қидирув натижасида қўлга олиниб, жазонинг муқаррарлиги таъминланмоқда.
Шундайлардан бири Мансур Доноев 2018 йил август ойида қўлга олиниб, Жиноят ко­декснинг 103-моддаси 2-қисми билан жавобгарликка тортилди.
Гап шундаки, М. Доноев 1999 йил шаръий­ никоҳ асосида Робия исмли аёл билан турмуш қуриб, тўрт-беш ой яшайди, сўнг оилавий низо туфайли ажрашиб кетади. Кейин, яъни 2003 йил 26 май куни у ўзининг маҳалласида яшовчи О. Дўс­това билан турмуш қуради.
М. Доноев ва О. Дўстова 2005 йил январь ойига қа­дар бирга яшашади.
Бу даврда М. Доноев турмуш ўртоғига мунтазам равишда шафқатсиз муомалада бў­­либ, уни уриб-дўппослайди. Доимий равишда қўрқитиб, шаъни ва қадр-қимматини камситади.
Бундай ошкора таҳдид ва зўравонлик оқибатида О. Дўс­това 2005 йил 28 январь куни яшаш хонадонида устидан бензин қуйиб, ўзини ёқиб юборади ва шифохонада вафот этади. Эртаси куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари ҳо­латни ўрганиш учун М. Доноевнинг уйи­га келишганда, у аллақачон қочиб кетганди.
Шундан сўнг унга нисбатан қидирув эълон қилинади. Суриштирув-қидирув ишларига қарамай М. Доноев ҳеч қаердан топилмайди.
Аслида М. Доноев узоққа қочиб кетмаган, Тошкент шаҳридаги "Қўй­лиқ" бозорида  ёл­ланма ишчи сифатида ишлаб юрганди.
Шундан сўнг у 2009 йил Тошкент вилояти, Ўрта Чирчиқ туманига бориб, деҳқончилик билан шуғулланиб юради. Шу ерда Муқаддас исм­ли қиз билан танишиб қолиб, 2010 йил унга уйланади. 2014 йилда Тошкент вилояти, Оҳан­гарон тумани, Ғаллақудуқ қишлоғидан уй сотиб олади.
Буни қарангки, у 2011 йи­л Тошкент вилоятида тасодифан опаси билан учрашиб қолади ва шундан сўнг уйдагилари билан кў­ришади. Опаси унга нисбатан жиноят иши қўзғатилганини айт­са, синглисидан эса­, қидирув эълон қилинганини эшитади. Шу боис у жазога тортилишдан қўр­қиб, оила аъзоларига ўзи ҳақида ҳеч кимга айт­масликни тайинлайди.
Қариндошлари ҳам қи­дирувдаги шахсга доир маълумотни яшириб келишади.
Халқимиз "Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади", деб бежизга айтмаган. Ўт­ган йил август ойида М. Доноев қўлга олинди­ ва терговга тортилди. Унга нисбатан эс­ки таҳрирдаги Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми билан айб эълон қи­линди.
Жиноят ишлари бўйича Но­рин туман судида ушбу жи­ноят иши атрофлича кўриб чи­қилди.
Суд мажлисида М. Доноев айбига қисман иқ­рорлигини билдирди. Ҳо­зир қа­рамоғида 3 нафар вояга етмаган фарзанди борлигини инобатга олиб, енгиллик беришни сўради.
Суд давлат айбловчиси хулосаси, судланувчининг кўрсатмалари, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, М. Доноевнинг жиноят содир этганликдаги айби исботланган, деб топди. Шунингдек, жабрланувчининг қонуний вакили ва гувоҳлар кўрсатмалари, во­қеа жойини кўздан кечириш баённомаси, Наманган вилоят суд-тиббий экспертиза бюросининг 2005 йил 10 февралдаги О. Дўстованинг ўли­ми ҳақи­даги хулосаси ҳамда жиноят ишида тўпланган бош­қа далилларга таянилди.
Шу тариқа суд М. Доноевни Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор, деб топди. Унга нисбатан озодликдан маҳрум­ этиш билан боғлиқ жазо тайинланди.
Бу воқеани баён қи­лишдан  кўзланган мақсад — ҳаётда жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмаслигини таъкидлашдир. Зеро, инсоний мезонларга ҳурмат билан қараб яшаш кишининг  кўнгил хотиржамлигини таъминлаш билан бирга маънавий жиҳатдан юксалтиради.
Икромжон Орифжонов
2898views0replies
0

Изоҳлар