Излаш
RUUZ

Жамият

Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимида янги сифат босқичи бошланди

Мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимида янги сифат босқичи бошланди

23350views0replies
0

Мазкур фармонга мувофиқ 2019 йил 1 февралдан Халқ қабулхоналарининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича амалдаги тизими билан бир қаторда Халқ қабулхоналарининг муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишини, давлат органларининг аҳоли билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янги тизим жорий қилинди.
Ҳар қандай ислоҳотнинг амалиётга самарали жорий қилиниши, биринчи навбатда, кадрлар салоҳияти ва малакасини доимий ошириб бориш билан боғлиқ. Шу боис ҳам мамлакатимиз раҳбари фармонида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан бирга Халқ қабулхоналари ходимлари учун махсус малака ошириш курсларини ташкил этиш вазифаси белгиланган эди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган малака ошириш ўқув курслари давлатимиз раҳбари фармонида белгиланган ана шу муҳим вазифанинг ижроси бўлиш билан бирга Халқ қабулхоналари институти фаолиятини янги босқичга олиб чиқишдаги яна бир муҳим қадамдир.
Малака ошириш курслари 5 кунлик ўқув-амалий машғулотларидан иборат бўлиб, унда Президент Администрациясининг масъул ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги барча Халқ қабулхоналарининг мудирлари 10 та гуруҳга бўлинган ҳолда ўз билим ва малакасини оширмоқда. Малака ошириш курсларида давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти, аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини ва ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари, уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш тартиби, “Hudud” ахборот тизимини қўллаш чоралари каби турли мавзулар кенг ўрганилмоқда. Машғулотларда “ақлий ҳужум”, кичик гуруҳларда ишлаш, жамоавий муҳокама, тақдимот каби интерфаол усуллардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жойида ҳал қилиш имкони бор муаммоларга ўрганишлар жараёнининг ўзида ечим топилса, маълум вақт ва маблағ талаб қиладиган масалалар бир тизимда жамланса – нафақат аҳолининг мурожаатлари, шикоят ва аризалари кескин камаяди, балки ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳам ошади, халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуддаги куч-имкониятлар бирлаштирилиши, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва амалда ҳал қилишга сафарбар қилиниши лозим.
Шу боис ҳам ўқув курсларида Халқ қабулхоналари фаолиятини янгича асосда ташкил этиш, уларнинг секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бундан ташқари, ишчи гуруҳ – жамоани шакллантириш ва унинг самарали ишлашини ташкил қилиш, тайм-менежментни амалда қўллаш – ҳар бир сониядан унумли фойдаланиш, аҳоли муаммолари билан ишлаш учун ҳар томонлама кучли тайёрланиш, аҳоли билан самарали мулоқотни йўлга қўйиш усуллари каби мавзуларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудудлардаги Халқ қабулхоналарида ўтказиладиган сайёр ўқув машғулотлари билан эса бу борада назария ва амалиёт уйғунлигига эришилади.
Малака ошириш курсининг илк машғулотида таъкидланганидек, бундан буён давлат органлари Халқ қабулхоналари бошчилигида ўзлари масъул бўлган ҳудудларда маҳаллама-маҳалла, кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила муаммоларини ўрганиб, уларни ҳал қилиш чораларини кўради. “Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган афзал” деганларидек, муаммо ҳақида кимдир мурожаат қилиб келишини кутиб ўтирмасдан, халқ ичига, одамлар орасига чуқур кириб бориб, улар дуч келаётган муаммоларни эрта аниқлаб, ҳал қилиш янги тизимдан кўзланган бош мақсад ҳисобланади.
Давлат бошқаруви академиясида ташкил этилган малака ошириш курслари тингловчилари Олмазор тумани 3 сектор штабида ишларнинг ташкил этилиши юзасидан сайёр амалий семинарда ҳам иштирок этдилар. Семинарда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг секторларда йўлга қўйилган вертикал механизми, энг чекка ҳудудларда уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини ўрганиш, ҳудудларда аниқланган муаммоларни ҳал қилиш бўйича ишларни ташкил қилиш каби мавзулар Олмазор тумани 3-сектор штаби фаолияти мисолида ўрганилди.
Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони Халқ қабулхоналари фаолиятини янги босқичга кўтариши баробарида ислоҳотлар таъсирчанлигини янада оширишга, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиши учун янада кенг имконият ва шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади. Асосий мақсад – аҳоли муаммоларини тўлиқ қамраб олиш, уларга тезкор, самарали ва ҳаётий ечим топиш, халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўришига эришишдан иборат.
23350views0replies
0

Изоҳлар