Излаш
RUUZ

Жамият

Шавкат Мирзиёев инвестиция лойиҳалари билан танишди

Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларига оид маълумотлар билан танишди.

4024views0replies
0

president.uz

Президентимиз лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлиги ва ижтимоий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди. Хорижий инвесторларга кўмаклашиш, лойиҳаларнинг белгиланган муддатларда амалга оширилишини назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
“Инвестиция бўлмаса, иқтисодиёт ривожланмайди. Инвесторларга муҳит, инфратузилма яратсак, иш жойи бўлади, маҳсулот кўпаяди, солиқ тушади. Корхоналарнинг ўз маблағини яна айлантириб, фаолиятини ривожлантиришга рағбатлантириш керак”, - деди Шавкат Мирзиёев. 
Тақдимотда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни мониторинг ва назорат қилиш механизми ҳақида ҳам сўзлаб берилди.
Инвесторларга ер ажратилишидан бошлаб, лойиҳа фойдаланишга топширилгунча бўлган барча босқичлардаги чора-тадбирлар аниқ белгилаб қўйилган. Бу лойиҳаларни расмийлаштириш ва амалга ошириш жараёнида шаффофликни, ҳалолликни таъминлайди, коррупцияга йўл қўймайди, деб ёзмоқда Президент матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, уларни амалга оширишда юзага келадиган масалаларни тезкор ҳал қилиш, корхоналар ишга тушгандан кейин ҳам уларнинг самарали фаолият кўрсатишига ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади.
Сергели туманида 100 гектардан зиёд ҳудудда Европа стандартлари бўйича замонавий индустриал технопаркни ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг инвесторлар учун қулайлиги шундаки, барча бино-иншоотлар тўлиқ тайёр ҳолда топширилиб, зарур инфратузилма билан таъминланади.
Бугунги кунда технопаркни лойиҳалаш ишлари бошлаб юборилган, ҳозирданоқ 85 фоиз ер тадбиркорларга ажратиб берилган. Бу ерда 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш мўлжалланган.
Мутасаддиларга технопаркни тезроқ ишга тушириш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Тошкент шаҳрида коммунал хизматлар сифатини ошириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Хусусан, Юнусобод туманидаги кўп қаватли уйларни бошқариш тизимини тажриба тариқасида профессионал бошқарув компанияларига ўтказиш лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Президентимиз кўп қаватли уйларнинг ҳолати, одамларнинг розилиги бу тизимга боғлиқ эканини таъкидлаб, ушбу тажрибани шаҳарнинг бошқа туманларида ҳам татбиқ этиш, соҳага ихтисослашган кадрлар тайёрлашни такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди.
Тошкент шаҳрида замонавий уйлар, меҳмонхоналар, таълим ва тиббиёт муассасалари ҳамда бошқа иншоотлар барпо этиш, иссиқлик таъминоти тизимини ривожлантириш, коммунал хизматлар бошқарув марказини ташкил этиш лойиҳалари юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.
4024views0replies
0

Изоҳлар