Излаш
RUUZ

Сиёсат

Шавкат Мирзиёев германиялик ишбилармонлар билан учрашди

Бугун, 23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев Мюнхен шаҳрида Германиянинг етакчи компания ва банклари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

3935views0replies
0

president.uz

Унда “Siemens”, “Thyssenkrupp”, “Volkswagen”, “Knauf”, “Claas”, “MAN”, “Deutsche Bahn”, “Linde Group”, “Falk Porcshe Technik”, “Atlas International”, “Tenova”, “Giesecke & Devrient”, “Papenburg”, “Euler Hermes”, “Deutsche Bank”, “Commerzbank” каби Европа ва жаҳон бозорининг етакчи компаниялари, молиявий тузилмалари раҳбарлари иштирок этди.
Учрашувда бугунги кунда Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган қатъий янгиланиш ва ислоҳотлар, айниқса, иқтисодиётнинг эркинлаштирилаётгани мамлакатимизнинг изчил ривожланиши ва аҳоли фаровонлигининг юксалиши учун шарт-шароит яратаётгани таъкидланди, деб ёзмоқда Президент матбуот хизмати.
Хорижий инвесторлар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида, амалга оширилаётган ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, долзарб масалалар, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Эксперт кенгашини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари учрашув иштирокчиларини ушбу кенгаш фаолиятида фаол иштирок этишга таклиф қилди.
Германия ишбилармон доиралари вакиллари Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолаб, валюта ва солиқ тизимларининг либераллашуви, виза олиш тартиби соддалаштирилгани, жумладан, 30 кунгача муддатга визасиз тартиб жорий этилгани Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш учун қўшимча қулайликлар яратганини таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон ва Германия молиявий ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш, инвестиция-технологик ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат чоғида мазкур ташриф икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларга янги мазмун бағишлашига ишонч билдирилди.
"Биз бу ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдормиз", – деган давлатимиз раҳбари. – "Ўзаро ишончга асосланган истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз."
Мулоқотда Ўзбекистон ва Германия молия муассасалари, фирма ва компаниялари ўртасида алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
3935views0replies
0

Изоҳлар