Излаш
RUUZ

Сиёсат

Видеоселектор йиғилишида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг айрим раҳбарлари ишдан бўшатилди

Президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ўз хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйган кўплаб раҳбарлар қатъий огоҳлантирилди, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

4501views0replies
0

president.uz

Бугун, 10 январь куни Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимиз тинчлиги ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш борасидаги келгуси вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Танқидий руҳда ўтган йиғилишда кадрлар масалалари ҳам кўрилган бўлиб, ўз хизмат вазифаларини бажаришда камчиликларга йўл қўйган кўплаб раҳбарлар қатъий огоҳлантирилган, айримлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, йиғилишда давлатимиз раҳбари жиноятчиликни жиловлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш зарурлигини таъкидлаган. Масалан, Андижон вилоятининг деярли барча туманларида оғир турдаги жиноятлар сони ошган. Вилоятда аёллар жиноятчилигининг салмоғи юқори бўлиб, республика кўрсаткичининг 8,5 фоизини ташкил этган. Қорақалпоғистонда жиноятчилик 31 фоизга камайган бўлса-да, қотиллик ҳолатлари кўпайган. Наманган вилоятида ҳам бу борада аҳвол қониқарсиз эканлиги кўрсатиб ўтилди.
Бугунги кунда “Маҳалла посбони” тузилмаси раҳбари лавозими ўрнига профилактика инспекторининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси лавозими жорий этилиб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича уларнинг шахсий жавобгарлиги белгилаб қўйилган. Келгусида жамоат хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган ёрдамчиларга ички ишлар органларининг олий таълим муассасаларига квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилиши қайд этилган.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва унга қарши самарали курашиш бўйича “ҳудудлар тажрибаси”ни жорий этиш зарурлиги таъкидланган. Масалан, Тошкент шаҳрида босқинчилик, Фарғонада фирибгарлик, Тошкент вилоятида ўғирлик жинояти кўп содир этилаётганини ҳисобга олиб, уларни профилактика қилиш бўйича ҳудудий усуллар шакллантириш талаб этилади.
Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масаласи муҳокама қилинар экан, кейинги вақтда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари кўпайиб кетаётгани кескин танқид қилинган.
“Бунинг асосий сабаби – иситиш жиҳозларининг созлигини техник кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш етарли даражада назорат қилинмаяпти. Бу билан нодавлат ташкилот ҳисобланган Ўзбекистон ёнғинга қарши курашиш жамияти шуғулланяпти”, - деган Президент.
Бош прокуратура ва Адлия вазирлигига ушбу жамият фаолиятини ялпи текширишдан ўтказиш ва соҳани такомиллаштириш бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда аҳолининг мулк дахлсизлигини таъминлаш борасидаги вазифалар ҳам кўриб чиқилган. Жазони ижро этиш муассасаларида меҳнатга лаёқатли шахсларни иш билан таъминлаш, давлат-хусусий шериклик тамойили асосида янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича ҳам топшириқлар берилган. Бундай шахсларни касбга ўргатиш, эртага улар томонидан такрорий жиноятларни содир этилишининг олдини олишга хизмат қилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга раҳбарлар тайинлашда бутунлай янгича механизм жорий этиш бўйича топшириқ берилган. Унга мувофиқ, номзодлар маълум муддат давомида мақсадли индикаторларга эришиш шарти билан лавозимга тайинланиши, шартлар бажарилмаган тақдирда шартнома муддати узайтирилмаслиги лозимлиги белгиланди.
4501views0replies
0

Изоҳлар