Излаш
RUUZ

Жамият

Шавкат Мирзиёев Мирзо Улуғбек туманидаги DMC хусусий клиникасига борди

Президент инновацион клиникадаги шароитларни кўздан кечириб, шифокорлар билан суҳбатлашган.

5472views0replies
0

Мазкур шифо масканида офтальмология, нейрожарроҳлик, пластик жарроҳлик, кардиология, педиатрия, реабилитация каби ўн бешдан ортиқ ихтисослик бўйича ташхислаш ва даволаш йўлга қўйилган. Бу жараёнга тиббиёти ривожланган давлатларда қўлланилаётган амалиёт ва технологиялар жорий этилган.
Хусусан, клиника АҚШ, Германия, Австрия, Японияда ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Шифокорлар Германия, Австрия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япониядаги етакчи тиббиёт марказларида малака оширган.
Беморлар биринчи қаватда ташхисдан ўтказилиб, мутахассислар маслаҳатини олади. Иккинчи қаватда жарроҳлик амалиётлари бажарилади. Зарур ҳолларда юқори қаватларда ётиб даволанади.
Президент инновацион клиникадаги шароитларни кўздан кечириб, шифокорлар билан суҳбатлашган. Касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш, сифатга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаган.
"Биз нима учун тиббиётда хусусий тармоққа шароит яратяпмиз? Рақобат бўлиши керак. Рақобат бўлса, сифатга интилиш бўлади, даволаш, хизмат кўрсатиш яхшиланади", - деган Шавкат Мирзиёев.
Клиника кўриш қобилиятини тиклаш бўйича етакчи марказлардан биридир. Бу ерда кўз тўр пардаси касалликлари ва патологик ҳолатларни ташхислаш имконини берадиган “Topcon” тамограф-ангиограф текшируви, нейрофизиологик реабилитация, компьютерли биобошқарув каби ноёб даволаш усуллари қўлланилади.
Президентимиз компьютерли биобошқарув хонасида ҳам бўлиб, бу усул орқали медикаментларсиз даволаш, руҳий ва нутқий нуқсони бор беморларни соғлом ҳаётга қайтариш мумкинлигига эътибор қаратган.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, шу ерда кўз микрожарроҳлиги бўйича ўқув симулияцион марказ ташкил этиш лойиҳаси тақдим қилинган. Давлатимиз раҳбари лойиҳани маъқуллаб, кадрлар малакасини оширишга хизмат қиладиган бундай симулияцион марказларни тиббиётнинг бошқа йўналишлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этиш зарурлигини таъкидлаган.
5472views0replies
0

Изоҳлар