Излаш
RUUZ

Жамият

Ака-ука валютафурушлар 3000 долларни сотаётганда қўлга тушди

Икки нафар валютафурушлар 3000 АҚШ долларини 24 миллион 390 минг сўмга сотаётган пайтларида қўлга олинди.

3112views0replies
0

UzNews.uz

Жамият ҳаёти бозорларда нарх-навонинг ортиши ва пулнинг қадрсизланишига етакловчи бир қатор иллатлар мавжуд эканлигини кўрсатади. Бундай иллатлар орасида аллақачон "қора бозор" номини олган валютафурушларнинг нопок уяси ҳам бор. Бу қабиҳ амални касб қилганлар асосан гавжум бозорлар, савдо масканлари атрофида ўралашиб юришади.
... Мана, навбатдаги харидор бозорга кириб келди. У йўл-йўлакай чўнтагида ўзи билан бирга олиб келган хориж пулини миллий валютамизга алмаштирди ва расталар томон йўл олди. Ха­ридни чет эл валютаси ҳисобига ҳо­зиргина чўнтакка кирган миллий пулимиз эвазига амалга оширар экан, нарх масаласида сотувчи билан анча тортишди. Ҳат­то молни хориж пулига алмаштирилган ўзбек сўмига сотиб олаётганини ҳам писанда қилди. Бироқ бо­зорларда нарх­нинг чайқалишига валюта олди-соттиси билан боғлиқ нопок амаллар ҳам сабабчи экани сотувчининг ҳам, харидорнинг ҳам хаёлига келмади.
Дарҳақиқат, бозорларимизни нарх-наво бобидаги номутаносибликлардан холи деёлмаймиз. Аммо, уқдирилганидек, харидор мақомидаги кўпчилик юртдошларимиз бунга ўз­лари сабабчи бўлишаётгани, валютанинг "қора бозор"даги савдоси орқали нарх-навонинг асоссиз ортишига имкон яратишаётганини хаёлларига келтиришмайди. Далиллар мазкур "бозор"даги ажаб савдоларга бош қўшганларнинг хатти-ҳаракатлари, кутилганидек, жамоатчилик тарафидан эмас, балки кў­пинча ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари, олиб борилаётган фаол профилактик амаллар асносида фош этилаётганини кўрсатаяпти.
Ана шундай тадбирларнинг бирида асли қўшкўпирлик ака-ука Ҳамид ва Илҳом Ҳусановларнинг жиноий қилмишига нуқта қўйилди. Улар аслида ўз­га­ларнинг чўнтаги, ҳамёнига "тузоқ" қў­йишганди. Эзгу ният ижобатини топиши аниқ.
Бироқ шум ният инсонни ҳеч маҳал рўшноликка етакламайди. Ака-укалар ўзгалар учун қўйган "тузоқ"қа ўз­лари илинишди.
Воқеа жорий йилнинг 20 апрелида рўй берди. Урганч шаҳри ва шу номдаги туманда қўним топган икковлон пулфуруш шу куни эрта тонгда яна бозор сари йўл олишди. Мундайроқ эмас, ҳамёни бақувватроқ мижознинг йўлини пойлашди. Хайрият, иш бароридан келди. Улар рўпарасидан чиқиб келган бир харидор каттароқ миқдордаги хориж пули — 3 минг АҚШ доллари зарур эканлигини билдирди. Озгина тортишувдан сўнг савдо пишди. Харидор сотувчининг ҳар бир доллар учун 8 минг 130 сўм миқдорида пул тўлаш ҳақидаги шартини қабул қил­ди. Хариднинг умумий қиймати 24 миллион 390 минг сўм­ни ташкил этди. Катта миқдордаги пул­ни шубҳа уйғотадиган тарзда, яна денг бозорнинг қоқ ўртасида ва шу ердаги ҳуқуқ-тартибот ходимлари кўз ўнг­и­­­да санаб олишнинг имкони йўқ. Ака-укалар мижозни изидан эргаштирганча ўзларига аён хуфя савдо майдони — бозор биқинидаги хилват манзил сари йўл олишди. Салкам 25 миллион сўм шу ерда бафуржа санаб олинди. 3 минг доллар миқдоридаги хориж валютаси "харидор" Барно Абдуллаева, уни сотишдан келган 24,4 миллион сўм эса, валютафурушларнинг қўлига ўтди.
Сотилган доллар-у, уни харид қилиш учун тўланган сўм­нинг сони-салмоғи чиндан ҳам, анча катта ва анча-мунча чўнтакка оғирлик қилиши, ҳат­то, тешиб чиқиши ҳам ҳеч гап эмас. Алқисса, амалда ҳам шун­дай бўлди. Харидор аёл валютафурушлардан 5-10 қадам узоқлашмаёқ, ака-укалар қошида ўзларини иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларга қарши кураш департаментининг Хоразм вилоят бош­қармаси ва унинг Хива шаҳар бўлими ходимлари, дея таништирган бир неча шахслар пайдо бўлишди.
Иш тескарига айланиб кетди. Валютафурушларнинг шум қадами пайи қирқилди.
Айтиш керакки, амалдаги Жиноят кодексида бу қабилдаги хатти-ҳаракатлар учун жиддий жавобгарлик ва жазо чораси белгиланган. Валютафурушлар кодекснинг шу йў­синдаги жиноий кирдикорлар учун назарда тутилган 177-моддаси 2-қисми "в" банди бўйича терговга тортилдилар. Айб рад этилмас далиллар орқали исботини топгани боис ака-укалар уни инкор этишдан ожиз қолишди. Ҳатто қилмишига чин кўнгилдан иқрорлик ҳам билдиришди. Судда баёнот берган И. Ҳусанов харидор Б. Абдуллаевага сотилган 3 минг АҚШ доллари аслида ўзига тегишли экани, уни акаси Ҳ. Ҳусановнинг илтимосига кўра, сотиб, фойда кўриши учун унга бер­гани, аммо қинғир ишнинг қи­йиғи чиқиб, жиноят устида қўлга тушганини қайд этди. ўубор қоплаган кў­зи машъум қилмишдан сўнг мошдай очилгани, энди қал­би тавба-тазарру ва пушаймонлик ҳисларига тўлганини ай­тиб, суддан кечирим сўради. Валютафурушликнинг бошида турган Ҳ. Ҳу­санов ҳам айбини тан олди.
Суд амалиётининг ўз тартиб-таомиллари бор. Унга кў­ра, адолат, одиллик, холислик аталмиш инсонийлик тамо­йил­лари олдинги маррага чиқмоғи зарур.
Қолаверса, қил­миш учун жазони енгиллаштиришга етакловчи ҳолатлар ҳам талайгина. Суд бу ҳолатларни синчиклаб ўрганди. Пировардида ҳар иккала айбланувчи муқаддам жиноят содир этмагани, маҳалла фуқаролар йиғини ва қўни-қўшнилар томонидан ижобий тафсифлангани, хулқ-атворида ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилаётгани, оиласи ва фарзандларининг ёлғиз боқувчиси экани, бунинг устига қилмишига астойдил иқ­рор ва пушаймонлик билдиришгани жазони жиддий равишда енгиллатувчи ҳолат сифатида эътироф қи­линди. Лекин халқ, давлат ва жамият манфаатларига қар­ши содир этилган қилмиш ҳар қандай ҳолатдаям жиноят саналади ва бундай ҳаракат қонун тарафидан қат­тиқ қораланади. Судлов ҳайъати жиноят қонунчилигининг ушбу талабини на­зарда тутган бўл­са-да, бирибир мурувват амалларидан чекинмади. Ака-ука судланувчилар жазо та­йин­­лаш амалиё­тида пайдо бўл­ган янгича таъсир чо­раси — ҳақ тўланмайдиган мажбурий жамоат ишларига тортилдилар. Энди улар­нинг ҳар бири жами 360 соат мобайнида ушбу мажбуриятни адо этадилар. Далилий ашё сифатида ака-ука валютафурушлардан олиб қўйилган ва ҳозирда Ташқи Иқтисодий фаолият Миллий банкининг Хива бўлимида сақланаётган 3 минг АҚШ доллари эса, эгаларига қайтарилмайдиган бўлди. Уқдирилганидек, бу борада қо­нуннинг қатъий талаби бор ва унга мувофиқ да­лилий ашё ёхуд жиноят қу­роли, деб топилган моддий ва молиявий қимматликлар давлат эгалигига ўтказилмоғи ёки қонуний эгасига қайтариб берилмоғи даркор. Жиноят во­ситаси, деб топилган хориж пули ушбу қоида асосида суд ҳукмига биноан давлат тасарруфига ўт­казилди.
Валютафурушлик жинояти ижтимоий жиҳатдан оғир оқи­батли ва жамият илдизини ке­мирувчи жиноий кирдикорликлар сирасига киради ва ҳатто нафақат юрт иқтисодий ҳаёти, балки иж­тимоий-сиёсий ва маънавий-ахлоқий жараёнлар, айниқса, бозор му­носа­бат­ларига ҳам салбий таъсирини ўтказади. Бундан ҳам ёмони, унинг ортидан инфляция аталмиш номатлуб жараёнлар жунбушга келади.
Жаҳон саҳнида пул интервенцияси боис, таназуллга юз тутган, ҳатто уруш оқибатларидан ҳам кў­­ра, оғирроқ асоратларга дучор бўлган мамлакатлар йўқ эмас.
Юртимизда кечаётган ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг суръати-ю сийрати, талабию тақозоси эса, мутлақо ўзгача. Валютафурушларга юкинишга асло ҳожат қолмаган, десак, хато бўлмайди. Бунга далилларимиз бор. Хориж валютасини эркин бозор нархларида истаган вақтда мамлакатимизнинг барча банк муассасалари ва уларнинг шохобчалари орқали хоҳлаганча сотиш ва сотиб олиш мумкин. Пулни хорижга конвертациялаш учун ҳам йўллар равон очилган.
Шундай бир вазиятда юртнинг ҳақиқий бозорлари соя­си ва панасида "қора бозор" аталмиш жиноий ўчоқлар ҳам хуфя фаолият юритаётгани кишига эриш туюлади.
Олимбой Машарипов,
жиноят ишлари бўйича
Хива шаҳар судининг раиси
3112views0replies
0

Изоҳлар