Излаш
RUUZ

Жамият

Фото: Ўзбекистон ҳарбийлари Британиядаги мусобақада ғалаба қозонди

Ўзбекистон разведкачилари Брэкон шаҳрида ўтказилган “Кембрия патрули” танловида ғолиб бўлди.

3948views0replies
0

mudofaa.uz

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари жорий йилнинг 15-17 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида қўшин разведкачилари ўртасида ўтказилган “Кембрия патрули” халқаро танловида биринчи ўринни қўлга киритди.
Мудофаа вазирлигининг таҳририятимизга маълум қилишича ўтказилган мусобақада 34 давлатдан 123 та жамоа қатнашган.
“Кембрия патрули” мусобақаси 40 йилдан буён Уэльсда анъанавий равишда ўтказиб келинади. Ушбу танлов дунё ҳарбий хизматчилари ичида ўтказиладиган энг мураккаб ва нуфузли мусобақалардан бири ҳисобланиб, уни махсус бўлинмаларга саралаш жараёни билан ҳам таққослашади. Бунда асосий эътибор ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ва руҳий тайёргарлигига қаратилган.
Иштирокчилар Кембрия тоғларида тўлиқ жанговар қуролланган ҳолда ҳеч қандай навигация воситаларисиз камида 25 килограмм юк билан 70 километр масофани 1500 метр баландликка кўтарилиб, 1000 метр тик нишабликни 48 соат ичида босиб ўтишлари лозим.
2017 йилда мазкур мусобақада 29 мамлакатдан 139 та жамоа қатнашган эди. Унда биринчи марта иштирок этган мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги жамоаси фахрли иккинчи ўринни эгаллаганди. Бу йилги танловга қатъий тайёргарлик ва аниқ мақсадлар билан борган ҳамюртларимиз мезбон давлат вакиллари билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди.
Иккинчи ўрин Буюк Британия, Ҳиндистон ва Франция жамоаларига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Буюк Британия ва Қозоғистондан келган жамоалар эгаллади. Қизиқарли жиҳат, ушбу танловда мезбонларнинг 90 та жамоаси иштирок этди.
Нуфузли мусобақада ғолиб бўлган ҳамюртларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейида ғолибларни шарафлашга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Тадбирда мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи Павел Эргашев, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган хорижий мамлакат элчихоналарининг ҳарбий атташелари, ғолиб жамоа ва уларнинг яқинлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида “Кембрия патрули” танловининг ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Абдусалом Азизов мамлакатимизга олтин медаллар билан келган ғолиб жамоа аъзоларини қутлади ва ўтган йилларга нисбатан вазирлик қўшинларида жанговар тайёргарлик машғулотлари ҳам сифат, ҳам сон бўйича кўпайгани эвазига мана шундай ютуқларга эришилаётганини таъкидлади.
Президентимизнинг жорий йилда Бухоро вилоятида жойлашган ҳарбий қисмга ташрифи давомида ўтган йилда “Кембрия патрули” танловида иккинчи ўринни қўлга киритган қўшин разведкачиларимиз бу йилда, албатта, ғолиблик шоҳсупасини эгаллаб, ёруғ юз билан Ватанга қайтишга ваъда беришганди ва бунинг уддасидан чиқишди.
Бир ҳақиқатни тан олишимиз керак – бундай ғалабага Ватанни севмасдан, унга содиқ бўлмасдан эришиб бўлмасди, деди Абдусалом Азизов.
Шунингдек, тадбирда иштирок этган ғолиб ҳарбий хизматчиларнинг ота-оналарига миннатдорлик билдирилди. Тўққиз нафар танлов ғолиби Ўзбекистон мудофаа вазирининг “Намунали хизмати учун” кўкрак нишони ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
3948views0replies
0

Изоҳлар