Излаш
RUUZ

Жамият

“Ўргимчак тўри”даги тузоқ

Ўзбекистонда яшаб туриб, қонуний тартибда хорижда ишлаётган юртдошини фириб тўрига илинтирган кимсанинг қилмиши тафсилотлари билан танишинг.

5124views0replies
0

UzNews.uz

Аслида Сарварнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилди) табиатида тўғ¬ри йўл қолиб, эгри йўлдан юриш, умуман айтганда, жиноий қилмишга мойиллик бор эди. Бундай дейишимиз бежиз эмас, албатта. Нега деганда, бундан бир неча йил муқаддам у Хатирчи туман марказида пайнет шохобчаси очганди. Аммо узоқ фаолият юритолмади. У ноқонуний қилмишга қўл ургани учун Жиноят кодексининг 228-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан суднинг 2016 йил 29 февралдаги ҳукми билан бир йилу олти ой муддатга ахлоқ ту¬затиш ишлари жазоси та¬йин¬ланди. Шу тариқа пайнет шохобчаси ҳам ёпилиб кетди.
Бир куни у уйига яёв кетаётганда, йўлдан "Қорача" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сирожиддин Эрйигитовга тегишли фуқаролик паспортини топиб олади. У 2009 йилнинг 13 мартида С. Эрйигитовга берилган фуқаролик паспортини тегишли тартибда туман ИИБга топшириши ёки эгасига қайтариши лозим эди. Аммо Сарвар бундай йўл тутмади, аксинча, бир кун керак бўлиб қолар, деган фикрда уйига яшириб қўйди.
Ўтган 2017 йилнинг июнь ойи охирларида Сарвар Шамсиев интернет ижтимоий тармоғидаги "Одноклассники.ру" сайтига уланади ва "Сарвар султан" профилини очиб, ўзининг танишлари, ўртоқлари билан гаплашиб турадиган бўлди.
Айни шу кезларда Сарвар кутилмаганда Жанубий Корея давлатида ишловчи ўзбекларнинг гуруҳига тушиб қолади. Гуруҳ аъзоси "Рамзиддин Юсупов" номли профилдаги эълон унинг эътиборини тортади.
Гап шундаки, Рамзиддин Юсупов 1993 йил 25 февралда Самарқанд вилоятининг Қўш¬работ туманида туғилган. 2014 йилнинг 19 августида беш йиллик давлат шартномаси асосида ишлаш мақсадида Жанубий Кореяга борган. У Хувасон шаҳрида яшаб, автомобиль эҳтиёт қисм¬лари ишлаб чиқариш корхонасида оддий ишчи бўлиб ишлаётганди.
Энди "Рамзиддин Юсупов" профилидаги эълонга тўхталадиган бўлсак, унда "Корея давлатида юрган ўзбек қизлари билан танишаман ва моддий жиҳатдан ёрдам қиламан" деб қайд этилганди.
Бу эълонни ўқигач, Сарварнинг кўнглида хўрак ташлаб, бу бойваччани "чув" туширса бў¬ларкан, деган фикр пайдо бўлади. Шундан сўнг у тезда ишга киришди, "Одноклассники.ру" ижтимоий сайтидан ўзига янги "Паризода Ҳошимова" деб профиль очди. Унинг манзил қисмига "Корея" деб ёзиб қўйишни ҳам унутмади.
Шундан сўнг фирибгар С. Шамсиев "Рамзиддин Юсупов" номли профилга кирди.
Орадан уч-тўрт кун ўтиб, ушбу профилдан унга "салом" деган хабар келди. Сарвар ҳам унга аслида йўқ "Паризода"нинг номидан жавоб ёзди. "Танишайлик" деганига, "майли, танишамиз" дея жавоб қайтарди.
Ёзишмалар давомида Рамзиддин ўзини қўшработлик эканини, беш йиллик шартнома асосида Кореяда ишлаётганини маълум қилди. Сарвар ҳам унинг ишончига кириб, алдаш мақсадида ўзининг Паризода Ҳошимова экани, 1994 йилда туғилгани ва Тошкент шаҳрида яшашини қайд этиб, хабар ёзди. Рамзиддин қиздан суратини юборишни сў¬ради. "Паризода" эса, "йўқ" дея жавоб ёзди. Рамзиддин эса, суратини сўрайвериб, ҳол-жонига қўявермагач, у ҳар кимга суратини берадиган қизлардан эмаслигини ёзиб, унинг қизиқишини янада оширди. Бундан мақсад Рамзиддиннинг ишончига кириш эди.
Қисқаси, ана шундай ёзишмалар давомида Рамзиддин "Паризода"га бутунлай ишониб қолади. Яна қайта-қайта суратини юборишни сўрай бошлайди. Шунда Сарвар Россия Федерациясида яшовчи, тахминан, 1994 йилда туғилган, ўзига нотаниш қизнинг профилига кириб, унинг йигирмага яқин суратини ўзининг профилига жойлаштириб олади ва тармоқда "дўстларни белгилаш" тугмасини босиб, "Рамзиддин Юсупов" номли профилга ҳам улашади.
Қизнинг суратини кўргач, у ёқдан "сиз менга ёқиб қолдингиз" деган жавоб келади.
Жавоб билан биргаликда Рамзиддиннинг сурати ҳам бор эди.
Воқеанинг давомидан муҳтарам ўқувчини хабардор қиладиган бўлсак, Рамзиддин "Паризода"ни Кореяга олиб кетишини хабар қилганида, у ҳозир боролмаслиги, онаси бетоблиги, уни даволатмасдан туриб ҳеч қаерга кетолмаслигини ёзиб юборади. Бунинг ўрнига жияни Сардорни олиб кетишни илтимос қилади.
Кейин эса, Рамзиддинни яна алдайди, яъни ўзини "Паризода"нинг жияни дея таништириб, унга телефон рақамини юборади. Орадан кўп ўтмай Сарвар Кореядан қўнғироқ бўлгач, аслида йўқ "Сардор" номидан гаплашади. "Паризода"нинг жияни эканини айтади. Рамзиддин "Паризода"нинг жияни билан худди ака-укадек яқин бўлиб қолади.
Буни қарангки, бир пайт кутилмаганда, "Паризода" билан алоқа узилиб қолади.
Бундан ташвишланган Рамзиддин қизга кетма-кет хабар ёзади. Шундай кунларнинг бирида "Паризода" алоқага чиқади-да онасининг оғир бетоблиги, операция қилиш лозимлиги, шунга 1 минг АҚШ доллари миқдорида пул зарурлиги, уни ҳеч қаердан тополмаётганини ёзиб юборади.
Ўз навбатида, Рамзиддин "сенга қарз берсам, кейин қандай қилиб қайтариб оламан", дея сўрайди. "Паризода" эса, бирдан рози бўлиб қўйсам, ишонмаслиги мумкин деган фикрда унинг таклифини рад этади. Орадан уч кун ўтгач, "Паризода"га Рамзиддиндан "мендан хафа бўлдингми, сендан пулни аямайман" деган хабар келганди.
Бу хабарга "Паризода" жавоб ёзади. Унда "йўқ, сенинг пулинг менга керакмас, Тошкент шаҳридаги икки хонали уйни сотиб, бир хонали уйга алмаштирмоқчиман" дейилганди. Ҳақиқатан ҳам, фириб иш бера бошлаган, Рамзиддин Сарвар Шамсиев усталик билан қўйган тузоққа илинганди. У ёқдан Рамзиддин "уйни сотма, пул жўнатаман" деб жавоб қилади ва фуқаролик паспортининг нусхасини юборишни сўрайди.
Сарварга қилмиши ошкор бўлиб қолмаслиги учун ишонарли баҳона керак эди. У бунинг ҳам имконини топади. "Паризода" дорихонадан дори олаётганда пули етмай қолгани учун фуқаролик паспортини гаровга қолдирганини айтиб, тоғаси — воқеа аввалидан бизга таниш Сирожиддин Эрйигитовнинг паспорти нусхасини юборсам бўладими, деб сў¬райди.
Рамзиддин бунга розилик билдиради. Шундан сўнг "Паризода" ролини қойилмақом бажараётган Сарвар С. Эрйигитовнинг фуқаролик паспортини ўзининг "Нокиа" русумли 6303 маркали телефон аппаратига расмга тушириб, уни "Одноклассники.ру" ижтимоий тармоғидаги ўзининг профили орқали хорижга жўнатади.
Буёғини сўрасангиз, Рамзиддин "Паризода"нинг тоғаси билан танишишга қизиқиб қолади, чоғи, унинг қўл телефони рақамини юборишни сўрайди. Рамзиддиннинг кутилмаган бу таклифи Сарварни яна танг аҳволга солиб қўяди. Охир-оқибат у ўзи фойдаланиб юрган "+998 94 221 25 66" телефон рақамини Рамзиддинга юборади.
Шундан сўнг алдовлардан мутлақо бехабар Рамзиддин қўнғироқ қилади-да, ўзини таништиради ва бу телефон рақамини "Паризода"дан олганини айтиб, "Сиз унинг тоғасимисиз?!" — дея сўрайди. Сарвар "ҳа", деб жавоб беради. Ўз навбатида, Рамзиддин "Паризода"га 1 минг АҚШ доллари юборсам, бир ойда қайтарадими?!", дея "тоға"нинг фикрини билишга қизиқади.
— Қайтаради, — деб қатъий жавоб беради Сарвар. — У Тошкентдаги икки хонали уйини сотмоқчи.
Хуллас, шундан сўнг Рамзиддин хотиржам тортиб, 1 минг АҚШ долларини Самарқанддаги танишига, Самарқанддаги таниши эса, киракаш автомашинада Мирбозор қўрғонига жўнатадиган бўлади. Мирбозорда эса, Сирожиддин Эрйигитовнинг ўғли — "Сардор" таксичига учрашиб, пулни олиши қолганди, холос.
Қисқаси, жабрланувчи Р. Юсупов фирибгарнинг алдовларига буткул ишонади.
Сарвар "Сардор" номи билан Мирбозор қўрғонига чиқиб, 1 минг АҚШ долларини олади ва Рамзиддин Юсуповга омонатни олгани ва "Паризода"га етказиши ҳақида хабар юборади.
Буёғини сўрасангиз, уддабурон фирибгар С. Шамсиев ўзганинг бойлигини алдов йўли билан қўлга киритгач, уни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборади. Жабрланувчи Рамзиддин эса, 1 август куни 1 минг АҚШ доллари "Паризода" томонидан менга қайтарилади, деган хомхаёлда бемалол юрганди. Бироқ... қарз қайтарилишига ўн кун қолганда "Паризода" билан Рамзиддин ўртасида алоқа буткул узилади. Чунки Сарвар олган пулини қайтариб бермаслик, жабрланувчи уни тополмаслиги мақсадида ўзининг Р. Юсуповга маълум бўлган қўл телефони симкартасини синдириб ташлаган, телефон аппаратини эса, Хатирчи туманидаги буюм бозорида нотаниш кишига 250 минг сўмга сотиб юборганди.
Ёдингизда бўлса, Сарвар "Сардор" номидан Рамзиддин билан бошқа телефон орқали боғланганди. Рамзиддинда ўша рақам сақланиб турганди. "Паризода" интернет орқали Рамзиддин билан боғланмай қўйгач, у "Сардор"га қўнғироқ қилади. "Паризода"ни ва онасининг соғлиғини сўрайди. Шунда "Сардор" ғамгин оҳангда "Паризода"нинг онаси вафот этганини айтади. Табиийки, Рамзиддин ўзи ёқтириб қолган қизнинг бошига мусибат тушганидан қайғуради.
Рамзиддин "Паризода"га ҳотамтойлик қилгани учун уйи — Қўшработга отасининг мўлжалидан кам пул жўнатганди. Отаси Меҳриддин Юсупов қўнғироқлашганида ўғлидан бунинг сабабини сўрайди. Шунда Рамзиддин бир танишига пул зарур бўлиб қолгани учун қарз бергани, кейинги ойда қайтаришини айтади.
Аммо қарз ҳали-бери қайтариладиганга ўхшамасди. Негаки, "Паризода" буткул алоқани узиб қўйганди. Рамзиддин эса, "Сардор"га қўнғироқ қилиб, пулни топиб беришни талаб қилади.
— Пулни нега мен берар эканман, — дейди "Сардор" жаҳл аралаш. — Пулни опамга берган бўлсангиз, ўзидан оласиз. У Россияга кетган, ишлаб пул топгач, қарзини қайтаради.
Шу тариқа жабрланувчининг ягона илинжи бўлган "Сардор" билан ҳам алоқа буткул узилади.
Сарвар Рамзиддин билан алоқамиз узилди, энди мени тополмайди, деган ўйда бошқа телефон аппарати сотиб олади ва "Одноклассники.ру" ижтимоий сайтидан ўзига янги "Олисдаги бахт" профилини очади. Унинг манзил қисмига "Сеул шаҳри" деб ёзиб қўяди. Ўзгаларнинг бойлигидан мазахўрак бўлган фирибгар яна Кореяда ишлаб юрган юртдошларини фириб тўрига илинтириш, алдов йўли билан ишончини суиистеъмол қилиб, наф кўриш мақсадида ўлжа ахтараётганди.
Биз воқеа аввалида дунёнинг жуда тор эканлигига тўхталгандик. Қарангки, С. Шамсиев ёзишма орқали Р. Юсуповнинг шерикларидан бирига дуч келиб қолади. У ижтимоий сайт орқали ўзининг "Олисдаги бахт" профилидан чиқиб, жабрланувчи Р. Юсуповнинг шерикларидан бирини алдаб, пулини қўлга киритиш арафасида фош бўлади...
Суд дастлабки тергов органи томонидан судланувчи С. Шамсиевнинг жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми "в" банди ва 227-моддаси 2-қисми "а" банди билан тўғри малакаланган деган хулосага келди. Жабрланувчига етказилган 1 минг АҚШ доллари судланувчи томонидан дастлабки тергов даврида тўлиқ қайтарилгани суд томонидан инобатга олинди. Суд Жиноят кодексининг одиллик ва инсонпарварлик тамойилларига, Олий суд Пленумининг раҳбарий кўрсатмаларига амал қилиб, судланувчига нисбатан айбланган моддалар доирасида ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинлашни лозим топди.
Хулоса ўрнида айтганда, С. Шамсиев суднинг қора курсисида ўтириб, жиноий қилмишига яраша жазо олди. Таниш-билиш, қўни-қўшни, маҳалла-кўй олдида бадном бўлгани қолди.
Шу ўринда жабрланувчи Р. Юсупов ҳақида фикр юритадиган бўлсак, унинг хатти-ҳаракатларини ҳам мутлақо оқлаб бўлмайди. Нега деганда, Рамзиддиннинг алдов қурбонига айланишига, аввало, интернетдаги профили орқали эълон бергани сабаб бўлди. Аслида йўқ қизнинг номидан фирибгарнинг ёзишмаларига ишонгани бу унинг ғўрлиги, соддалиги ва ўта ишонувчанлигидир. Ўз навбатида, бу фирибгар кимсага ўзининг ғараз мақсадини амалга оширишида қўл келган.
Демак, бундан кўринадики, ҳаётда ўйламай босилган қадам ҳеч қачон изсиз кетмайди, аксинча, нохуш оқибатларни келтириб чиқаради.
Буни ҳамиша ёдда тутиш лозим.
Суюн БЎТАЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Хатирчи тумани судининг раиси
5124views0replies
0

Изоҳлар