Излаш
RUUZ

Жамият

Боғчада "истаган" ишини қилган мудиранинг кирдикорлари очилди

Боғча мудираси текширув келганини эшитгач 9 кг гўштни ахлатга ташлатди.

5711views0replies
0

ЎзА

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 197-сонли мактабгача таълим муассасасида соҳадаги ислоҳотлар таъсир этмай, ўзбилармончилик асосида жиноят содир этилаётгани аниқланди. Бу ҳақда “Ўзбекистон24” телеканали орқали лавҳа намойиш этилди. Лавҳада Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 197-сонли мактабгача таълим муассасасидаги “ўйин”лар намойиш этилди.
Болаларнинг ризқини қийиш орқасидан даромад қилаётгани етмагандек, уларнинг саломатлигига зиён етказувчи "тадбиркорлик"нинг йўлга қўйилгани барчани ларзага солди. Ота-оналар фарзандларини соғлом бўлиб улғайиши ва ижтимоийлашуви учун боғчага қўйсалар, мудира ва мудиранинг онаси ўз қилмишлари орқали барча инсонийлик чегараларидан чиқдилар.
“Муассасани мудиранинг онаси Нодира исмли аёл бошқариб келган. Ушбу ҳолат юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатлар асосида муассаса фаолияти ўрганилди.
Ота-оналар, ҳатто ходимлар ҳам мудира сифатида Нодира опани билишар экан. Бундан ташқари, муассасага 3 нафар шахс турли лавозимларга расмийлаштирилиб, уларга ойлик маош ёзилиб келинган.
Муассасада “тижорат” гуруҳи ташкил қилинган бўлиб, ота-оналардан давлат томонидан белгиланган пулдан ташқари, турли баҳоналар билан улардан 125 минг сўмдан қўшимча тўлов ундирилган.
Болаларга озиқ-овқатни ташкил қилиш масалалари ўрганилганда, қозонга солиниши керак бўлган 56 кг. гўшт маҳсулоти аниқланмади. Шу куни текширувчилар келганидан хабар топган масъуллар қозонда пишаётган овқатга олдиндан пиширилган гўштни солгани аниқланди. Қозондаги гўшт текширилганда эса истеъмолга яроқсизлиги ойдинлашди.
Суриштирувларда аниқланишича, чаққон ходимлар ўша пайтнинг ўзида текширувчилардан яшириш мақсадида олдиндан пишириб қўйилган, аммо айниб кетган гўштни ахлатхонага ташлаб юборишган. Ахлатхона текширилганида эса умумий оғирлиги 9 кг. бўлган гўшт топилган.
Яна бир ачинарли жиҳат – мудира боғча ҳудудида чинни пиёла ишлаб чиқарадиган цех очган. Мутахассисларнинг эътирофича, бу ерда фойдаланиладиган хомашё ва бўёқ болаларнинг соғлиги учун жиддий таъсир кўрсатади”, дейди Мактабгача таълим вазирлиги Ички аудит бўлими ходими.
5711views0replies
0

Изоҳлар