Излаш
RUUZ

Сиёсат

Эмомали Раҳмон бир қатор ўзбекистонликларни мукофотлади

Бош вазир Абдулла Арипов ҳамда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистоннинг юксак давлат ордени билан мукофотланди.

2999views0replies
0

prezident.tj

Бугун, Тожикистон Республикасининг мустақиллик куни муносабати билан Президент Эмомали Раҳмон томонидан ўзбекистонлик илм аҳли, таълим ва маданият ходимлари, давлат арбоблари мукофотлар билан тақдирланишди.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон томонидан 2018 йилнинг 28 август куни имзоланган фармонга биноан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов 2-даражали “Исмоил Сомоний” ордени билан мукофотланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамраев 1-даражали “Шараф” ордени билан, Ички ишлар вазирининг маслаҳатчиси Зокиржон Алматов, Самарқанд вилояти Тожик миллий маданий маркази раҳбари Абдуваҳоб Воҳидов, Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков, “Овози Тожик” газетаси бўлим бошлиғи Тўхтамиш Тўхтаев, Бухоро давлат университети профессори Таваккал Чориев “Дўсти” Ордени билан мукофотланишди.
Тожикистон Республикаси Президенти расмий-веб сайтининг хабар беришича, ҳофиз Шерали Жўраев ҳамда “Устоз-Шогирд мактаби” ходимаси Мавлуда Халилова “Тожикистон халқ артисти” мукофотига лойиқ деб топилди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикасидаги қатор давлат ва жамоат арбоблари, маданият, илм-фан вакилларини тақдирлаш бўйича фармонни имзолаган эди.
2999views0replies
0

Изоҳлар