Излаш
RUUZ

Жамият

Тадбиркор Жаҳонгир Умаров ишида тўлиқроқ маълумотлар аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 273-моддаси 1-қисми ва 273-моддаси 2-қисми билан Жаҳонгир Умаровга нисбатан юритилаётган жиноят иши юзасидан тўлиқроқ маълумотлар маълум бўлди.

6498views0replies
0

UzNews.uz

2018 йил 22 январь куни соат 18:30 ларда Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган “Интеграл инвест” МЧЖ биносида Ж.Ш.Умаровга Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари томонидан опий гиёҳвандлик моддаси хизмат хонасига ташлаб қўйилиб, жиноят иши уюштирилиб, Ж.Ш.Умаров қўлга олингани айтилмоқда. 
Шунингдек, Жаҳонгир Умаров ҳамда унинг адвокатлари Жиноят иши Ж.Ш.Умаровнинг душманлари томонидан “заказ” асосида уюштирилган деган фикрни илгари суришмоқда.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2018 йил 14 мартдаги ҳукми билан Ж.Ш.Умаров Жиноят кодекси 276-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб, судья М.Юсупов томонидан энг кам ойлик иш ҳақининг 205 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, жарима тўлиқ тўланган.
Суд ҳукмига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари томонидан 2018 йил 30 мартда кассация протести келтирилиб, кассация инстанциясининг 2018 йил 30 мартдаги ажрими билан ҳукм бекор қилиниб, жиноят иши янгидан кўриб чиқилмоқда.
Ишни судда кўришда Ж.Ш.Умаровнинг соғлиги кескин ёмонлашиб, инфаркт ҳолатига келганлиги учун Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига ётқизилиб, юрагида жарроҳлик амалиётидан ўтказилди. 
Ҳозирги кунда судга жиноят ишининг уюштирилганлигини, ўзининг тўлиқ айбсизлигини, айбловнинг туҳмат эканлигини исботловчи аудио ва видео ёзувлар тақдим этилган бўлиб, ушбу ҳолат юзасидан гувоҳлар сўроқ қилинди. Ҳозирда суд тергови давом этмоқда.
Энг асосий фактлардан бири сифатида Тошкент шаҳар ИИББ ходими Ф.С.Нуритдиновга тегишли экани айтилган аудиоёзувда қандай “усталик билан” у, ҳеч кимга сездирмасдан гиёҳвандлик моддасини ташлаб қўйганлигини, Ж.Ш.Умаров айбини бўйнига олмасдан, курашишга уринадиган ва бу ҳақида кимгадир айтадиган бўлса, унинг ўғли Шавкатов Сайёдхонни ҳам йўқ қилиб юбориши билан таҳдид қилиб айтган сўзларини қайд этган аудиоёзув судга тақдим этилди ва 2018 йил 17 июлда бўлиб ўтган суд мажлисида тингланди.
Шунингдек, мазкур суд мажлисида Ф.С.Нуритдиновнинг ўзи уюштирган жиноят очилиб қолган тақдирда айбни бўйнига олиш учун бошқа шахсни тайёрлаш бўйича “инсценировка” ёки “репетиция” қилиш жараёни ўзи (Ф.С.Нуритдиновнинг) томонидан видеога олингани ва қандай қилиб ташлаб қўйилганлиги бўйича видеотасвир ҳам суд мажлисида кўрилди.
Ушбу аудиоёзув ва видеоёзувда қайд этилган ҳолатлар юзасидан гувоҳлар суд мажлисида сўроқ қилиниб, айбловнинг катта тезкор вакил Ф.С.Нуриддинов томонидан уюштирилганлигини, видеоёзувдаги “инсценировка” ёки “репетиция” қилиш жараёни ҳам унинг буюртмаси билан олинганлиги маълум қилинди.
Шу жумладан, гувоҳ Н.Гапурджанов суд мажлисида “инсценировка”ни Ф.С.Нуриддиновнинг буюртмаси асосида ва унинг иштирокида ташкиллаштирганлигини, бунинг учун Ф.С.Нуриддинов унга пул берганлигини маълум қилди.
ЖПК 73-моддасининг 2-қисмига кўра, тергов ҳаракатларини юритишда иштирок этиш учун ишнинг оқибатидан манфаатдор бўлмаган, камида икки нафар вояга етган фуқаро чақирилиши лозим. Албатта одил суд бу ҳолатга ҳам баҳо беради.
Жиноят иши материалларида Ж.Ш.Умаровни 2018 йил 23 январь куни соат 16:40 да озод қилиб, соат 19:05 да, яъни 2 соату 25 дақиқадан кейин қайта ушлаш ҳақида қарорлар мавжуд бўлиб, суд тергови жараёнида Ж.Ш.Умаровнинг у ҳақиқатда қўйиб юборилмаганлиги, мазкур қарорлар сохталиги ҳамда унинг ушлаб туриш муддатини сунъий равишда чўзиш мақсадидагина иш ҳужжатларига қўшиб қўйилганлиги ҳақидаги эътирозлари исботланди.
Ж.Ш.Умаровни озод қилиш ҳақидаги 2018 йил 23 январдаги қарорда унинг соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли озод қилинаётганлиги кўрсатилган бўлиб, терговчи Ж.Якубов Ж.Умаровнинг соғлиғининг ёмонлашганлиги нималарда намоён бўлганлиги, бу қандай тиббий ҳужжатлар билан тасдиқланиши, уни қўйиб юборишда шахсий буюмларининг қайтариб берилган-берилмаганлиги, соғлиғи ёмонлашган бўлса, нима сабабдан 2 ярим соат ҳам ўтмасдан қайта ушланганлиги, қайта ушлаш қандай амалга оширилганлиги, бу ҳақида кимга кўрсатма берганлиги ҳақидаги саволларга “эслолмайман, менинг хатоим” деб жавоб берди.
6498views0replies
0

Изоҳлар