Излаш
RUUZ

Жамият

Ақидапарастлик ғояларини тарқатган ўзбекистонлик боксчига “ҳукм ўқилди”

Интернет орқали ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларни тинглаган ва уларни тарқатган бокс бўйича қатор мусобоқалар ғолибига нисбатан судда ҳукм ўқилди.

7430views0replies
0

UzNews.uz

Ҳасан ёшлигидан меҳнатсевар, интилувчан, мактабда ҳам ибратли болалар қаторида эди. Спортнинг бокс тури бўйича Тошкент шаҳар биринчилигини қўлга киритганда оила аъзолари, дўстлари ва маҳалладошлари бирдек хурсанд бўлишганди. Бироқ ана шундай ҳамма ҳавас қилса арзийдиган йигит нега кутилмаганда, тўғри йўлдан адашиб кетди?
Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди судьяси Хуршид Холиқовнинг “UzNews.uz” га маълум қилишича, Ҳасан Равшанов диний илмга етарлича эга бўлмай туриб, интернет орқали турли норасмий сайтлардан ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маърузаларни эшитиб ва видео тасвирларни кўриб келган. Бу ҳам етмагандек, уларни ён-атрофидагиларга ҳам тарқатган.
Бу бузғунчи ғояларни мутассил эшитиш ва кўриш унга шунчалик таъсир қилганки, ҳатто “ҳижрат” қилиш фикрига ҳам тушиб қолиб, бу ҳақида дўстларига ҳам айта бошлайди. Аммо унинг бу юриш-туриши оила аъзолари, маҳалла-куйнинг назаридан четда қолмади. Ҳатто у истиқомат қиладиган маҳалла фаоллари ва имом-хатиб бир неча марта Ҳасан билан суҳбат ўтказиб, хатти-ҳаракатини муҳокама қилишди. Панд-насиҳат беришди.
Ҳасан Равшановнинг атрофидаги баъзи ёшларга билиб-билмай ўзи тушиб қолган йўлга даъват қилаётганлиги, албатта, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларининг ҳам эътиборини тортди. Унинг бу йўлдан қайтиш ўрнига тобора ёт ғояларга ўралашиб қолаётгани, алал-оқибат, суднинг қора курсисига етаклади.
Бироқ йўлдан адашган ўзимизнинг фарзандимиз. Унинг онгини заҳарлашга уринганлар эса, интернет тармоқларида қармоқ ташлашга доим шай. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаб айтганидек, бундай йўлларга адашиб кириб қолган ёшларни кечириб, маҳалла, ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик томонидан назоратга ўз вақтида олиш, тўғри йўлга бошлаш, қайта тарбиялаш зарур.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида имзоланган ёшлар масалалари соҳасида ўзаро ҳамкорлик меморандумидан келиб чиқиб, ёшлар ташкилотининг туман кенгаши Ҳ. Равшановга кафолат берди. Унинг биринчи марта адашиб бундай хатти-ҳаракат содир этгани ҳамда бу қилмишидан ўзи қаттиқ пушаймон эканлиги инобатга олинди. Келгусида жиноят содир этмаслиги, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб, соғлом турмуш тарзига қайтиши учун имконият яратилди. Суд ҳайъатига қонун доирасида белгиланаётган озодликдан маҳрум этиш жазоси ўрнига енгилроқ жазо тайинлаш ва жиноий жазодан шартли равишда озод этиш мақсадида илтимоснома йўлланди.
Маҳалла фаоллари ҳам келгусида Ҳасан Равшанов ва унинг таниши Исломиддин Худойбердиев жамоатчилик назоратида бўлиши, бундан буён ноқонуний ишлар билан шуғулланмаслигига кафиллик берди.
Суд мажлисида маълум бўлдики, Ҳасан ўз қилмишидан қаттиқ пушаймон. Меҳрибон ота-онаси, маҳалла-кўй ва дўстлари олдида уларнинг ишончини оқлашга, ёшлар иттифоқининг энг фаол аъзоси бўлишга ваъда берди. Судда уларнинг ота-оналари ҳам кўзларига ёш олиб, бу бағрикенглик ва кечиримлилик учун миннатдорчилик билдиришди.
7430views0replies
0

Изоҳлар