Излаш
RUUZ

Жамият

Юз бермаган жиноий ҳодиса ёки айбсиз айбдор суднинг ҳукми билан оқланди

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда Давлат солиқ инспекцияси ходимлари фуқаронинг шошма-шошарлик билан ёзган мурожаати асосида ҳеч қандай ҳужжатларсиз текширув ўтказгани аниқланди. 

4759views0replies
0

UzNews.uz

Қонунларни яхши билмаслик, тадбиркорлик фаолияти тартиб-таомилларини етарли тушунмаслик баъзан кишини оғир аҳволга солиб қўяди. Буни Н. Ғаффоров фаолияти мисолида кўриш мумкин.
Гап шундаки, Нодирхўжа Ғаффоров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мустақил ҳолда тадбиркорлик фаолиятига қўл урганида тушунмовчиликлар олдида каловланиб қолди. Текширувчиларга ўзининг ҳақ эканлигини исботлашга кучи, билими етмади. Оқибатда эса, дастлабки тергов органи Н. Ғаффоровни Жиноят кодексининг 188-моддаси ва 189-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга оид жиноят ишини судга ўтказди.
Жиноят иши биринчи босқич судининг очиқ суд мажлисида батафсил ўрганиб чиқилди. Натижада суд Н. Ғаффоров томонидан жиноий қилмиш содир этилмаган деган қонуний ва адолатли тўхтамга келди. Оқлов ҳукми ўқилиб, ёш тадбиркор ноҳақ бадном этилишдан сақлаб қолинди.
Шу ўринда воқеа тафсилотига тўхталадиган бўлсак, аввало, Н. Ғаффоровнинг қариндоши Шомурод Шоҳакимов таъсисчи сифатида "Aquarius Group" масъулияти чекланган жамияти ташкил этгани ҳақида сўз юритиш лозим. Кир ювиш кукунлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу масъулияти чекланган жамиятига унинг ўзи директорлик қилади.
Масъулияти чекланган жамиятига Ш. Шоҳакимовдан сўнг бир муддат С. Иноғомова раҳбар бўлиб ишлайди. Аммо хом-ашё тақчиллиги туфайли кейинчалик масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти сусаяди ва 2014 йил август ойида иқтисодий аҳволи оғирлашади. Корхонанинг банкдаги ҳисоб рақамида маблағи бўлмагани сабабли фойдаланилаётган бино учун ижара ҳақини тўлолмайди.
Қисқаси, масъулияти чекланган жамияти фаолиятини юритиш имконияти қолмаган бир паллада йиллик ҳисоботларни топшириш зарурияти юзага келгач, таъсисчилар Н. Ғаффоровни раҳбар лавозимига қўядилар.
Н. Ғаффоров 2014 йилнинг 14 декабридан 2015 йилнинг февраль ойига қадар мансаб лавозимида фаолият юритган пайтда МЧЖда молиявий операциялар амалга оширилмаган. Аксинча, унинг иши батамом тўхтатилиб, мавжуд солиқ, ижара тўловлари учун қарздорликни тўлаш "Картотека-2" рўйхатига ўтказилган.
Н. Ғаффоров 2014 йил учун ҳисоботларни топширишда жиддий хатога йўл қўяди. Хато шундан иборат эдики, ёлланма ҳисобчилар томонидан тузилган, аслида бўлмаган 139 миллион 952 минг 300 сўмлик хомашё заҳирасини жамият балансида мавжудлиги ҳақидаги йиллик ҳисоботни имзолайди ва электрон тарзда Олмазор туман Давлат солиқ инспекциясига юборади.
Сўнгра таъсисчиларнинг 2015 йил 26 июндаги 6-сонли йиғилиш баённомасига асосан Тошкент шаҳар Олмазор туман тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига расмий хат билан мурожаат қилинган. Шу бўйича жамият фаолияти ихтиёрий равишда тугатилган. Бу ҳақда туман тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекцияси, туман Давлат солиқ инспекцияси ва Статистика бошқармаси томонидан "Aquarius Group" масъулияти чекланган жамияти тугатилганлиги тўғрисида қарор қабул қилинган ва давлат реестрига киритилган.
Айни чоғда, Н. Ғаффоров 2015 йилнинг 25 февралида таниши Ш. Исломов билан "Aquarius Group trade" масъулияти чекланган жамияти ташкил этиб, уни тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтказган. Янги жамиятнинг асосий фаолияти ҳам кир ювиш воситалари ишлаб чиқаришга йўналтирилганди.
Н. Ғаффоров билан Ш. Исломов янги ташкил этилган масъулияти чекланган жамиятнинг фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида цех учун ижарага жой қидиришади. Улар Қибрай туманида жойлашган ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти биноси ертўласи бўш эканлигидан хабар топишади. Институт раҳбарларига учрашганларида давлат мулкини ижарага бериш маркази ходимлари билан ижара шартларини келишиб олиш кераклигини айтишади.
Ижарага бериш марказидагилар Н. Ғаффоровнинг мурожаатидан сўнг ўзларининг ходими А. Акбаровни бу ерга юборади. Мутахассис ертўлани кўздан кечириб, ижара ҳақи бир йил учун ҳар квадрат метрга 6 минг 975 сўм қилиб белгиланганини айтади ҳамда институт билан жамиятнинг ижарага тегишли барча ҳужжатларини тўплаб, ертўлани таъмирдан чиқариб, фотосуратлари билан давлат мулкини ижарага бериш марказига тақдим этишни тайинлайди.
Н. Ғаффоров шериги Ш. Исломов ва таниши З. Ниғматуллаев билан икки кун давомида ертўлани тозалаб, таъмирлашга тайёр ҳолатга келтиради.
Н. Ғаффоров таниши Жасур Айтбековга илтимос қилиб, унинг "Дамас" автомашинасида "Aquarius Group" масъулияти чекланган жамияти белгиси остида ишлаб чиқарилган, муқаддам ўзига иш ҳақи ҳисобидан берилган кир ювиш кукунлари, тозалаш маҳсулоти ва қадоқ пакетларини олиб келади.
Цехда ишлатиладиган анжомларни ҳам бир йўла ертўлага келтиришганди.
Бахтга қарши, 2015 йилнинг 11 августида Қибрай туман СВОЖЖЛДЛҚК Департаменти ҳамда Давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институти ертўласида текшируви ўтказилади. Бунга фуқаро Ю. Мирзаевнинг ҳақиқий ҳолатни чуқур ўрганмасдан, шошма-шошарлик билан ёзган мурожаати асос бўлганди.
Текширувчилар текширув ўтказишга доир ҳеч қандай ҳужжат тақдим қилишмайди. Н. Ғаффоров янги ташкил этилган "Aquarius Group trade" масъулияти чекланган жамияти ҳужжатларини уларга кўрсатиб, ертўлани ижарага олиш ниятида бу ерни таъмирлаётганини айтади, албатта. Шунда текширувчилар "Aquarius Group" масъулияти чекланган жамияти белгиси остида ишлаб чиқарилган, бу ерда турган икки хил турдаги 1 минг 843 дона кир ювиш кукунлари ҳамда кир ювиш воситасини қадоқлаш учун мўлжалланган 7 минг 100 дона полиэтилен пакетларни кўриб, шу ерда ишлаб чиқарилган, деган фикрга боришади.
Гўёки улар яширин цех ташкил этгани, кир ювиш кукунларини қадоқлаб, сотиш билан шуғуллангани ҳақида ҳужжатлар тузишади. Босим ва руҳий тазйиқ остида Н. Ғаффоровдан икки кундан буён кир ювиш кукунларини қадоқлаш билан шуғулланаётгани ҳақида тушунтириш хати олишади. Бу етмаганидек, жами 5 миллион 567 минг 630 сўмлик товар-моддий бойликларни ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб, 469-сонли юк хати билан "Gulnoza Baraka" масъулияти чекланган жамияти омборига топширадилар.
Ёдингизда бўлса, юқорида Н. Ғаффоров 2014 йил якуни бўйича молиявий ҳисоботларда 139 миллион 952 минг 300 сўмлик хомашё заҳираси мавжудлигини кўрсатиб, Олмазор туман Давлат солиқ инспекциясига ҳисобот топширгани ҳақида айтгандик. Текширувчилар эса, Н. Ғаффоровнинг гўёки ноқонуний фаолияти ортидан 2015 йилнинг I ва II чоракларида мавжуд 139 миллион 952 минг 300 сўмлик хомашё заҳирасига 51,58 фоиз, яъни 72 миллион 187 минг 400 сўм устама қўйиб, яширин цехда ишлаб чиқарилган 214 миллион 755 минг 300 сўмлик тайёр маҳсулотлар сотилган, савдодан тушган жуда кўп миқдордаги савдо пуллари ҳисоботларда кўрсатилмасдан яширилган, банк муассасасига топширилмаган, деган асоссиз хулосага келади.
Суд мажлисида аниқланишича, ертўлада кир ювиш кукуни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган жиҳозлар, яъни хомашё, уни аралаштиришга мўлжалланган махсус идиш, тайёр маҳсулотни маълум ўлчамда қадоқлаш учун ўлчов асбоблари — тарози, ўлчов идиши, маҳсулотни қадоққа солгандан сўнг уни ёпишга мўлжалланган дазмол ёки ушбу ускуналарнинг қўлбола усулда тайёрланган аналоглари йўқ эканига текширувчилар эътибор беришмаган.
Ваҳоланки, Н. Ғаффоров дастлабки тергов ва суддаги кўрсатмаларида текширувда аниқланган кир ювиш воситалари ва қадоқларни илгари ишлаган жойи — "Aquarius Group" масъулияти чекланган жамиятидан маблағ бўлмагани сабабли иш ҳақи эвазига натура шаклида олганини, сўнгра янги ташкил қилинган масъулияти чекланган жамияти фаолиятини йўлга қўйгач, ушбу маҳсулотларни янги ишлаб чиқарилган маҳсулотга аралаштириб, сотиб юбориш ва шу тариқа пулларини чиқариб олиш ниятида бўлганини билдирган.
Фуқаро Ю. Мирзаевнинг аризасида Н. Ғаффоров томонидан яширин цех ташкил этилиб, фаолият кўрсатиб келаётгани ҳақида аниқ маълумот келтирилган бўлса-да, тезкор маълумотни текшириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан назорат хариди процессуал ҳаракати ўтказилмаган. Суд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимларининг маҳсулотлар ертўлага тайёр, қадоқланган ҳолда келтирилгани, мавжуд ускуналарсиз маҳсулотни ўлчаш, қадоқлаш имконияти мавжуд эмаслиги, ертўлада "Aquarius Group" масъулияти чекланган жамияти савдо белгиси остида кир ювиш воситаларини давлат рўйхатидан ўтказмасдан ишлаб чиқариш ва сотиш фаолияти билан шуғулланганлиги ҳақидаги хулосаси билан келишиб бўлмайди, деган аниқ тўхтамга келди.
Масаланинг эътиборли жиҳати, Н. Ғаффоров аслида товар-моддий бойликларни қабул қилиб олмаган. У ишлаган даврда масъулияти чекланган жамияти оғир иқтисодий аҳволда бўлган. Жамиятнинг ҳисоб рақамида маблағ бўлмагани сабабли солиқ ва ижара тўловларидан қарздорлик келиб чиққан. Борди-ю жамият заҳирасида йиллик ҳисоботда хато кўрсатилган хомашё бўлганида тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш орқали мавжуд қарздорликлар қоплаб юборилган ва корхона фаолияти тугатилмаган бўларди.
Жиноят кодексининг 463-моддасига кўра, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларини текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши мумкин.
Ишончли далиллар хусусида тўхталаётганимизнинг боиси бор. Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Н. Ғаффоров савдодан тушган 214 миллион 755 минг 300 сўмлик жуда кўп миқдордаги савдо пулларини ҳисоботларда кўрсатмасдан яшириб, банк муассасасига топширмасдан, савдо қоидаларини бузганликда айбланган.
Бироқ тергов органи томонидан 139 миллион 952 минг 300 сўмлик хомашё заҳирасидан айнан 214 миллион 755 минг 300 сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиши ҳақидаги хулосаси асослантирилмаган. Агар шунча миқдордаги маҳсулот ишлаб чиқарилган ҳамда реализация қилинганда ишлаб чиқариш билан боғлиқ иш ҳақи, электр энергияси, амортизацион сарфлар, солиқлар, банк хизмат ҳақи ва бошқа харажатлар чегириб ташланганда, айнан судланувчи Н. Ғаффоровнинг соф даромади миқдори қанча бўлиши аниқланмаган.
Суд мажлисида гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган "Aquarius Group" масъулияти чекланган жамияти собиқ бош ҳисобчиси А. Бобоева, директор лавозимида ишлаган С. Иноғомова, масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Ш. Шоҳакимовнинг Н. Ғаффоров жамият директори лавозимига ишга қабул қилингани, кейинчалик йўл қўйилган хато туфайли жамият йиллик ҳисоботларида 139 миллион 952 минг 300 сўмлик захира хомашё мавжудлиги ҳақида маълумот киритилгани, аммо ушбу хомашё аслида бўлмагани, агар бўлган тақдирда, корхона ўз фаолиятини давом эттириши ҳақидаги кўрсатмалари жиноят ишидаги қарама-қаршиликларга ойдинлик киритди.
Яна шуни айтиш керакки, "Ипак йўли" банкининг Сағбон филиалидан олинган айланма маблағлар ҳақидаги маълумотномада "Aquarius Group" масъулияти чекланган жамиятидан охирги марта 2014 йил 22 август куни "Merit kimyo invest" масъулияти чекланган жамияти ҳисоб рақамига кальцийлаштирилган сода маҳсулоти учун 1 миллион 500 минг сўм маблағ ўтказиб берилгани маълум қилинган. Корхонанинг қолган барча мавжуд маблағлари солиқ, ижара тўловлари, ойлик иш ҳақи, электр энергиясидан бўлган қарздорлик ва банк хизмати кўрсатиш тўловларини қоплаш учун ўтказилган. Бу ҳолат судланувчи Н. Ғаффоровнинг жамият балансида 139 миллион 952 минг 300 сўмлик хомашё захираси мавжуд бўлмаганлиги ҳақидаги кўрсатмаларини тўлиқ тасдиқлайди.
Суд юқоридаги далилларга таяниб, судланувчи Н. Ғаффоров Жиноят кодексининг 188-моддаси ва 189-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик ҳолати суд мажлисида ўз тасдиғини топмади, деб ҳисоблади.
Шунга кўра, суд Жиноят процессуал кодексининг 23-моддаси талабидан келиб чиқиб, барча шубҳа ва ноаниқликларни судланувчининг фойдасига ҳал қилишни лозим топди.
Қонунларимизнинг бағрикенглик, инсонпарварлик тамойиллари руҳи билан суғорилганлиги шундаки, Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 1-банди талабига мувофиқ, жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчи айбсиз, деб топилиши ва реабилитация этилиши лозим. Суд судланувчи Н. Ғаффоровга нисбатан эълон қилинган айблов доирасида жиноий ҳодиса юз бермаган, деган қатъий қарорга келди.
“UzNews.uz”га Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди раиси ўринбосари
Юсуф Илҳомовнинг билдиришича, судланувчига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини қонунда назарда тутилган тартибда бартараф қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Хулоса қилиб айтганда, юз бермаган жиноий ҳодиса судда синчковлик билан, ҳар тарафлама чуқур ўрганилиб, қонун устуворлиги, адолатнинг барқарорлиги таъминланди. Айбсиз айбдор суднинг ҳукми билан оқланди.
Бугунги кунда судлар асосий эътиборни фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалда кафолатли ҳимоя қилиш орқали уларнинг ишончини мустаҳкамлашга, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратмоқда. Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти, туман-шаҳар судларининг жорий йилнинг ўтган давридаги фаолияти натижалари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоят судининг кассация босқичида уч нафар шахс Жиноят процессуал кодексининг 83-моддаси 2-бандига асосан оқланди ва уларга нисбатан жиноят иши тугатилди. Жиноят ишлари бўйича туман-шаҳар судлари томонидан эса, ўн нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилди.
Судлар томонидан корхона, ташкилот, ўқув муассасалари ва маҳаллаларда ўтказилаётган учрашувлар ҳамда сайёр суд мажлислари ҳам турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни бартараф этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Масалан, вилоят бўйича умумий судланганлар сони жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 385 нафарга ёки 20,4 фоиз камайди.
Биринчи босқич судларида шу даврда кўрилган ишларнинг 664 таси ёки 43,7 фоизи сайёр суд мажлисларида муҳокама қилинди. Бу ўтган йилнинг айни даврига нисбатан сайёр суд мажлислари 33,2 фоиз кўпайганини кўрсатади.
Жорий йилнинг ўтган даврида маҳалла фуқаролар йиғини кафиллиги асосида 18 нафар шахс суд залидан озод қилинган бўлса, 28 нафар шахсга нисбатан судлар томонидан енгилроқ турдаги жазо тайинланди. Ёшлар ташкилоти кафиллиги асосида эса, 23 нафар шахс суд залидан озодликка чиқарилиб, оиласи бағрига қайтди. Шунингдек, 16 нафар шахсга нисбатан судлар томонидан енгилроқ турдаги жазо қўлланилди.
Шу ўринда мисолларга мурожаат қилишдан олдин бу ҳаётда мустақил фаолият юритишга киришган ҳар бир кишига етарли билим, тажриба ва малака сув билан ҳаводек зарур эканини таъкидлашни истардик.
4759views0replies
0

Изоҳлар