Излаш
RUUZ

Жамият

Бош прокуратура 450 минг долларга “ухлатилган” хитойлик тадбиркор иши юзасидан жиноий иш очди

Аввалроқ, Ўзбекистонга катта миқдорда инвестиция киритмоқчи бўлган хитойлик тадбиркор фирибгарлар қўлига тушгани ҳақида маълум қилган эдик. 

9754views0replies
0

Ушбу масала юзасидан тадбиркор томонидан кўплаб ташкилотлар эшиги қоқилган бўлсада ҳеч бир натижа кузатилмаётган эди. Бироқ "Алданган хорижлик тадбиркорни ким ҳимоя қилади?" номли мақола эълон қилингач ҳамда ижтимоий тармоқларда тарқалгач Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан 27 февраль куни жиноят иши қўзғатилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини ташкиллаштириш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилгани Бош прокуратура томонидан, жииноят иши Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси иш юритувига қабул қилингани ҳақида ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан маълум қилинган.
Бош прокуратура хати. 
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти. 
Хитойлик тадбиркорнинг илтимосига биноан ушбу фирибгарлик билан боғлиқ материалларни эълон қилишга қарор қилдик. Жанг Сиопеннинг айтишича, унга "ишончли шерик" бўлганлар ҳозирда ҳам унинг фирмаси этикеткаси туширилган маҳсулотларни сотишмоқда. Унинг маълумотларни ошкор қилишдан мақсади эса ўзбекистонликларга ноқонуний маҳсулотлар сотилишининг олдини олишдир.
Унда ҳолат билан танишинг.
А) Қарийб 10 йиллик фаолият давомида ҳаммаси яхши бўлган, бироқ олинган маҳсулотнинг пулини тўлаб қўйиш вақти келганда эса, юртдошларимиз М.Шамсиева ва К.Нажмитдиновлар Жанг Сиопенни танимаслигини айтиб бўйин товладилар. Аслида эса улар билан кўп марта дастурхон бошида ўтирган ва хитойлик тадбиркор бошчилигида турли мамлакатларга саёҳатлар уюштирган ҳамюртларимиз Жанг Сиопенни тергов вақтида умуман танимасликларини айтишди, биргаликда тушилган фотосуратлар терговга тақдим этилганида эса “Хитойда кўрганмиз” деган фикрларни билдиришди. 
Б) Бугунги кунда ҳам “Жанг Сиопенсиз безнес” давом эттирилмоқда. М.Шамсиева 2003 йил 6 апрель куни Қозоғистондаги Хуаянг компаниясига дистрибютор бўлиб ишга кирган ва 2004 йилдан бошлаб мустақил равишда Ўзбекистонга Хуаянг компанияси маҳсулотларини олиб кирган. 2015-2016 йилларда олинган маҳсулотлар учун тўлов амалга оширилмаган. Бироқ М.Шамсиева бошчилигидаги тадбиркорлар Жанг Сиопеннинг Хуаянг компанияси товарларини мамлакатимизда сотишда давом этмоқда. Жанг Сиопеннинг айтишича, Хитойда Хуаянг маҳсулотларини қайсидир корхона этикеткасиз, ноқонуний усулда ишлаб чиқармоқда ва ушбу маҳсулотлар ҳозирда ҳам Хуаянг бренди остида Ўзбекистонда сотилмоқда. Бу эса ноқонуний маҳсулотлар Ўзбекистонга олиб кирилаётганини билдиради.
Бугунги кунда тармоқли маркетинг орқали сотилаётган тиббий воситаларни Хуаянг компанияси ишлаб чиқармагани айтилган бўлсада, дистрибюторлар Хуаянг номидан иш олиб бормоқда.
В) М.Шамсиева ва К.Нажмитдиновларга юборилган жами 780 қути товарларнинг умумий нархи 1 миллион 300 минг АҚШ долларни ташкил этган. Товарларнинг барчаси М.Шамсиева томонидан қабул қилиб олинган бўлиб, атиги 8 минг АҚШ долларига баҳоланиб, божхонадан ўтказилган. Бу эса ўта катта ҳажмдаги божни яшириш эмасми? Ушбу масалага оид ҳужжатларни Жанг Сиопеннинг адвокати тақдим этди.
Г) Тошкентга етказилган маҳсулотлар Божхона текширувидан ўтказилган ва тиббий воситалар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган маҳсулот сертификатига асосан олиб кирилган. Ўзбекистон ичкарисига чегаралардан киритилган маҳсулотлар учун сертификат Хуаянг компанияси номига олинган ва М.Шамсиева товарларни муаммосиз Ўзбекистон ҳудудида сотган. М.Шамсиева эса товарларни ўзи Хитойдан олиб келганини ҳамда Жанг Сиопенни танимаслигини даъво қилмоқда. Хуаянг компанияси товарлари Хитой бозорида фақат ушбу компания томонидан сотилади, уларнинг бошқа ўхшаши йўқ.
Таъкидлаш ўринлики, "uznews.uz" Жанг Сиопен мурожаатини ўрганишда давом этмоқда, энди барчасини холис тергов ва адолатли судлов ҳал этади. Бош прокуратура, ИИВ, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармасидан тезкорлик ва холисликни сўраган ҳолда яқин кунларда Жанг Сиопен билан боғлиқ масалага ойдинлик киритилишига умид билдирамиз.
Эслатиб ўтамиз, Жанг Сиопен “Jia Sing Group” компанияси 2018 йилда Ўзбекистонда тиббий дори-дармонлар ишлаб чиқарадиган замонавий завод қуриш учун 20 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритишни режалаштираётганини айтиб ўтди.
Шу мақсадда бугунги кунда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигидан 5 хил турдаги дори-дармонларни ишлаб чиқариш бўйича лицензия олинган.
9754views0replies
0

Изоҳлар