Шунингдек, йил мобайнида ҳудудий бошқармага юридик ва жисмоний шахслар томонидан юборилган 39 та ариза ва мурожаат кўриб чиқилиб, уларда кўрсатилган масалалар қонуний ҳал этилиши таъминланган ҳамда акциядорларга 114,5 млн. сўм миқдоридаги дивидендлар ундирилиб берилган.
Жумладан, фуқаро С.Алибоевнинг аризасини кўриб чиқиш жараёнида “Оқ олтин” акциядорлик жамиятининг 101 нафар ишчи-ходими “Андижонпахтасаноат” акциядорлик жамияти акцияларини сотиб олиш учун иш ҳақларидан маблағ тўлаганлиги, лекин акциялар уларнинг ҳисобига расмийлаштирилмаганлиги аниқланган.
Акциядорларнинг ҳуқуқларини тиклаш ва дивидендларнинг тўлаб берилишини таъминлаш мақсадида судга даъво ариза киритилди ва даъво суд томонидан қаноатлантирилди. Натижада 101 нафар акциядорнинг ҳуқуқлари тикланди, яъни уларнинг тегишли “ДЕПО” ҳисоб рақамларига акциялар ўтказилди, 39,4 млн. сўм миқдоридаги дивидендлар ундирилиши белгиланди.
Шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш даврида қайта ташкил этилган жамиятга таъсисчи бўлиб кирмаган акциядорларга тўланмаган маблағларнинг ундирилишини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти иқтисодий судига даъво-аризалар киритилиб, улар суд томонидан қаноатлантирилди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитасининг “UzNews.uz” га хабар қилишича, даъво суммалари “Андижон вилояти МТПлар бирлашмаси” АЖ бўйича 350,5 млн. сўм, “Асакатранснефт” АЖ бўйича 478,3 млн. сўм ва “Андижон хизмат” АЖ бўйича 1 347,5 млн. сўмни, жами 2 млрд. 176 млн. сўмни ташкил этди.