1 USD = 10766.49 1 EUR = 12194.13 1 RUB = 145.60
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10766.49 1 EUR = 12194.13 1 RUB = 145.60
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Жамият
24 ноября, 22:19 205 0

Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштирувчиларга имтиёзли кредитлар берилади

Кластерларга шунингдек, аҳолидан маҳсулот сотиб олишга айланма маблағ учун 12 ойлик “револьвер” кредитлар ҳам берилади. Бу бўйича президент йиғилиш ўтказди.
Ўзбекистонда мева-сабзавот етиштирувчиларга имтиёзли кредитлар берилади
Фото: president.uz
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 24 ноябрь куни мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.


Йиғилишда мева-сабзавотчилик кластерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқачиликни ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидланди.

Унга кўра, шу йил 1 декабрдан бошлаб, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан мева-сабзавот етиштирувчиларни имтиёзли кредитлаш йўлга қўйилади. Бунинг учун кластер, фермер ва банк ўртасида уч томонлама шартнома тузилади. Кредитлар бир йилга, 6 ойлик имтиёзли давр билан, 14 фоиз ставкада ажратилади.

Кластерларга аҳолидан маҳсулот сотиб олишга айланма маблағ учун 12 ойлик “револьвер” кредитлар ҳам берилади. Яъни, кластер қачон зарур бўлса, маблағ олади ва фоизини кредитдан фойдаланган давр учун тўлайди.

Ушбу мақсадлар учун жами 2 триллион сўм йўналтирилади. Кичик интенсив боғ, узумзор ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш учун 14 фоизлик имтиёзли ставкада 100 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади. Бунга халқаро молия ташкилотларининг 100 миллион доллар маблағи йўналтирилади.

Яна бир қўллов – экспорт шартномаси бўлган мева-сабзавот ҳосилини хавф-хатардан суғурталаш харажатларининг 50 фоизи бюджетдан қоплаб берилади. Мутасадди вазирликларга мазкур тизимни йўлга қўйиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Кеча, 23 ноябрь куни Ўзбекистон президентининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарорда келгуси йили пахта ва ғалладан қисқартириладиган 80 минг гектар ер аҳолига деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун берилиши белгиланди.

Бу майдонлар очиқ электрон танлов ўтказиш орқали, 10 сотихдан 1 гектаргача ўлчамда, 10 йил муддатга ижарага берилади. Давлат раҳбари бунда яратиладиган иш ўрни ва деҳқончилик тажрибаси асосий мезон бўлишини, эҳтиёжманд аҳолига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.  

Бундай хўжаликлар учун оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 6 ойлик имтиёзли давр билан 2 йилгача кредит ҳам берилади. Лекин ердан оқилона фойдаланилмаса, ижара шартномаси суд орқали муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.

Мутасаддиларга ушбу тартиб асосида ерларни очиқ танловга чиқариш, кадастр рўйхатидан ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей