1 USD = 10778.98 1 EUR = 12249.23 1 RUB = 144.17
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10778.98 1 EUR = 12249.23 1 RUB = 144.17
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Жамият
15 ноября, 15:25 3382 0

Пластмасса тажрибаси: Тошкент кўчаларидаги янги тўсиқлар

Бир неча ойлардан бери Тошкентда пластмассадан тайёрланган йўл тўсиқлари – «отбойниклар» мавзуси кенг муҳокама қилинмоқда.

Пластмасса тажрибаси: Тошкент кўчаларидаги янги тўсиқлар
Фото: t.me/makarenko_channel

Бир неча ойдирки, маҳаллий ОАВ ва блогерлар ҳокимият ва жамоатчиликнинг эътиборини Тошкентда жорий этилаётган инновациялардан бирига қаратмоқда. Гап пластмассадан тайёрланган йўл тўсиқлари – «отбойниклар» ҳақида кетяпти. Бундай тўсиқлар автомобилнинг зарбини амортизациялаш учун мўлжалланган. Металл отбойниклардан фойдаланиш амалиёти дунёда кенг тарқалган бўлиб, улар Ўзбекистон йўлларида ҳам жорий этилган.

Тошкентда, Махтумқули кўчасини «Янги Ўзбекистон» боғи билан боғловчи йўлда ғаройиб пластмасса тўсиқларни кўриш мумкин. Уларнинг пайдо бўлиши ва ўрнатилиш усули саросима ва ҳайратга сабаб бўлди. Таниқли блогер Никита Макаренко "Бундай ечим фақат Кореяда қўлланилади. Лекин, бу шубҳали амалиёт", деб ёзди.

Пластмасса тўсиқларни ўрнатишнинг мақсадга мувофиқлигини машҳур паблик Troll.uz, блогерлар Davletov.uz ва Отабек Ортиков шубҳа остига олиб, ўз фикрини билдирди. Пластик отбойникларнинг ўрнатилганлиги факти Uzreport TV телеканалининг махсус репортажида батафсил ёритилди.

Умуман олганда, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари Ўзбекистонда йўл инфратузилмасини яхшилаш ишларини жадаллаштириш лозим, деган фикрда. Шу билан бирга, бюджет пуллари сарфланадиган ишларни наридан-бери бажармасдан, халқаро амалиётда ижобий исботланган ечимларни қўллаш муҳимдир.

Ўзбек "ноу-хау"си чет эл урбанистларининг ҳам эътиборига тушди. Шаҳар режасини тузиш соҳасидаги россиялик машҳур мутахассислардан бири, "Шаҳар одамлар учун" блогининг муаллифи Аркадий Гершманнинг сўзлари:
Twitter / Аркадий Гершман

"Бу каби ечимни биринчи марта кўриб турипман. Пластмасса тўсиқлар одатий металл тўсиқлар каби ўз вазифасини бажаради деб тахмин қилишим мумкин. Шундай бўлса-да, ҳозир самолёт элементлари ҳам композицион материаллардан ишлаб чиқариляпти. Яна бир жиҳат шундаки, юклама турли тезликда ҳаракатланаётган ҳар хил турдаги машиналар учун ҳисобланиши ва ишлаб чиқаришдаги брак бартараф этилиши муҳим – пластмассадаги нуқсонлар, металл билан солиштирганда, маҳсулот сифатига катта таъсир кўрсатиши мумкин", - деб айтди Аркадий Гершман.

"Техник хизмат кўрсатиш масаласини ҳам эсдан чиқармайлик: металл отбойникнинг шикастланган элементини алмаштириш муаммо эмас – технология йўлга қўйилган ва турли ишлаб чиқарувчилар мавжуд, аммо йўлга техник хизмат кўрсатувчи корхона пластмасса отбойникни мустақил равишда алмаштириш ва утилизация қилиш имкониятига эга эмас", - дейди россиялик урбанист.

Бундай амалиёт мавжуд стандартларга қанчалик жавоб беради ва давлат органлари томонидан тасдиқланганми? Изоҳ учун Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Йўл ҳаракатини ташкил этишни назорат қилиш бўлимининг етакчи мутахассиси, подполковник Бахтиёр Ғофуровга мурожаат қилдик:

"Корея-Ўзбекистон қўшма корхонасининг вакиллари бизга ўзларининг пластмасса отбойникларидан намуналар олиб келишди. Республика ҳудудида уларни ишлаб чиқариш истиқболи ҳақида айтиб ўтишди. Биз улар таклиф этаётган маҳсулот учун зарур краш-тест ва синовларни ўтказиш орқали миллий сертификатлаштиришни ташкил этиш таклифини илгари сурдик. Шундан кейингина ушбу маҳсулотларни фойдаланиш учун тавсия этиш-этмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин. Шу пайтгача бундай пластмасса отбойниклардан фойдаланишга ЙҲХББ рухсат бермаган", - деб сўзини тугатди подполковник Бахтиёр Ғафуров.
Sputnik

"Биз эътибор берган афзалликлардан бири – пластмасса отбойниклар зарб кучини яхши қайтариш хусусиятига эга экани. Шунга қарамай, биз бундай маҳсулотлар айнан Ўзбекистонда синаб кўрилиши, краш-тестдан ўтиши керак деб талаб этяпмиз. Умуман олганда, ЙҲХББ йўлларни лойиҳалаштириш ва қуришда қабул қилинган раҳбар ҳужжатларнинг меъёрларига риоя этилиши ва замонавий қурилиш технологияларига амал қилиниши тарафдори. «Янги Ўзбекистон» боғига олиб борувчи йўлга ўрнатиб бўлинган намуналарга келадиган бўлсак, ушбу йўл лойиҳасини мувофиқлаштириш билан Тошкент вилояти ҳокимияти шуғулланган. Лойиҳада "йўл тўсиқлари" дейилиб, уларнинг тури кўрсатилмаган", - дейди мутахассис.

Россиялик мутахассислар пластмасса отбойниклар ҳақида ҳеч нарса эшитмаган, уларда бундай маҳсулот учун маҳаллий сертификат ёки тестлар мавжуд эмас. Ушбу технология бутун дунёда кенг қўлланиладими? МОМИҲ дастурининг 2018 йил 3 апрелда чиқарилган 3-сон "Йўл ҳаракати хавфсизлигининг муҳандислик таъминоти" йўриқномасида ушбу турдаги отбойниклар ҳақида сўз юритилмаган. Аксинча, Осиё тараққиёт банки МОМИҲ лойиҳасининг экспертлари шаҳар мутассадиларига мурожаат қилиб, қуйидагиларни таъкидлаб ўтган:

"Ўзингиз ўрнатган тўсиқларнинг халқаро синовлардан ўтгани ва тўғри ўрнатилганига ишонч ҳосил қилишингиз керак. Дунёда бундай синовларни ўтказувчи ва йўл жиҳозларининг элементлари (шу жумладан, тўсиқлар) учун меъёрларни ўрнатувчи бир нечта етакчи ташкилотлар мавжуд. Америка Қўшма Штатлари Давлат автомобиль йўллари ва транспорт хизматлари мутассадиларининг уюшмаси (AASHTO) ва Европа стандартлаштириш қўмитаси (CEN) меъёрларни ўрнатиш бўйича, эҳтимол, энг машҳур агентликлардир", дейилади қўлланмада.

Пластмасса отбойникларни ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхонанинг бундай сертификати борми? Очиқ манбалардан шуни билиш мумкинки, Ўзбекистонда 2019 йилнинг июль ойида пластмасса тўсиқлар ва поливинилхлорид смолаларидан тайёрланган бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қурилиш-монтаж ишларини бажариш учун «Caris Transyo‘lqurilish” қўшма корхонасини ташкил этиш режалаштирилган эди.

Унинг таъсисчилари 20% улуш билан «Трансйўлқурилиш» ДУК ва 80% улуш билан Caris Co., Ltd бўлиши, “Caris Transyo‘lqurilish” МЧЖ ҚК устав капиталининг ҳажми эса 43,75 млн АҚШ долларини ташкил этиши хақида айтиб ўтилган эди.

Давлат статистика қўмитасининг юридик шахслар реестридан кўчирмага кўра,“Caris Transyo‘lqurilish” МЧЖ ҳақиқатда 2019 йилда ташкил этилган, аммо қўшма корхона шаклида эмас. Caris Co., Ltd 85,80% улушга, Caris Rail Uzbekistan 2,80% улушга ва жисмоний шахс Ю Чеол 11,40% улушга эга бўлган. Шу билан бирга, Caris Rail Uzbekistan МЧЖга, реестрга кўра, ушбу Caris Co., Ltd компанияси 100% эгалик қилади.

Caris Co., Ltd – пластмасса маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи кореялик машҳур корхона. Расмий веб-сайтда " Caris Transyo‘lqurilish" «Ҳамкор компаниялар» бўлимида кўрсатиб ўтилган.

Caris Co., Ltd нинг сайтида маҳсулотлар учун кўплаб сертификатларни топишингиз мумкин, лекин уларнинг барчаси фақат Корея идоралари ва органлари томонидан берилган. Бундай пластмасса тўсиқлар дунёнинг бошқа мамлакатларида сертификатлангани ёки сертификатланмагани ҳақида ҳеч қандай маълумот топилмади. Шунингдек, очиқ манбалардан дунё мамлакатлари йўлларида пластмасса тўсиқлардан кенг фойдаланишга ҳеч қандай мисол топиб бўлмади, Корея Республикаси бундан мустасно.

Тошкент аҳолиси ва интернет фойдаланувчиларида бундай тўсиқларнинг самарадорлигига шубҳалардан ташқари, янги йўлда пластмасса тўсиқларни ўрнатиш усули билан боғлиқ савол ҳам туғилади. Масалан, номаълум сабабларга кўра, тўсиқлар ариқнинг орқа тарафида ўрнатилган – бундай ўрнатиш асосий функцияни, яъни ҳайдовчи ва йўловчиларга шикаст етказишнинг олдини олиш функциясини бажаришни имконсиз қилиб қўяди. Катта тезликда «учиб келган» машина, ариққа ғилдираги билан тушса, катта эҳтимол билан ағдарилиб кетади ёки жиддий зарар кўради.

"Тўсиқдан фойдаланишнинг ғаройиб усулини қайд этмасликнинг иложи йўқ – у, қандайдир сабабларга кўра, усти очиқ ариқнинг орқа тарафига ўрнатилган. Бундай ҳолатнинг масъул шахсларни хавфсизликдан кўра тўсиқларнинг бутун қолиши кўпроқ қизиқтиради, деган фикрдан бошқа мантиқий сабабини топиш қийин: ҳайдовчи тўсиққа етмай туриб фалокатга учраса, тўсиқни ўзгартиришингиз шарт эмас", - дейди Аркадий Гершман.

"Тўсиқларни ариқларнинг орқа тарафига ўрнатиш усулига нисбатан ижтимоий тармоқлардаги норозиликка келсак, шуни айтишим мумкинки, давлат стандартларига кўра тўсиқлар йўл четидан 0.5 метр узоқликда бўлиши керак. Бу талаб бажарилган. Ариқни эса, билишимча, бетон плиталар билан ёпиш кўзда тутилган. Бироқ, бу йўл ҳали давлат томонидан қабул қилинмаган. Йўл қурилиш ишлари тугамаган", - деб фикр билдирди подполковник Бахтиёр Ғафуров.

Таъкидлаш жоизки, йўл отбойниклари тўғри ишлатилиши керак. Масалан, "яшил" тўсиқлар афзал кўриладиган шаҳар кўчаларида отбойниклар ўрнатилмайди. ЙҲХББда ўз тасдиғини топган металл отбойникларнинг ҳам нотўғри ўрнатилиши фактлари ҳақида атиб ўтилди:

"Яқинда Қамчиқ довонидан ўтувчи А373 халқаро йўлни текширдик. Текшириш тоғли ҳудудларда, йўл ёқасига ўрнатилган тўсувчи тўсиқлар Низомга мувофиқ мустаҳкамланиши, мисол учун, устунлари орасидаги масофа 1 метрдан кам бўлмаган икки ярусли тўсиқларни ўрнатиш кераклигини кўрсатди. Ҳозирги кунда, устунлар орасидаги масофа, аслида, 2 метрни ташкил этади. Бу уларнинг барқарорлиги ва зарбни сингдириш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. Транспорт воситаси унга урилганда, йўлнинг қатнов қисмидан ёки қарама-қарши йўналишга чиқиб кетади, бу эса ЙТҲ натижасидаги жиддий оқибатларга олиб келади", - деди Бахтиёр Ғофуров.

"Технологиядан ташқари, унинг шаҳар кўчалари учун долзарблиги ҳақида ҳам савол туғилади. Отбойниклар - амалда юқори тезликда ҳаркакатланишга мўлжалланган ва ҳаркатланишнинг бошқа ҳеч қандай иштирокчилари (пиёдалар, бекатдаги йўловчилар, велосипедчилар) бўлмаган трассанинг элементидир. Агар шаҳар кўчалари ҳақида гапирадиган бўлсак, уларда юқори тезлик ва ҳайдовчи хатоларининг оқибатларини бартараф этишга ҳаракат қилинмаяпти, аксинча, турли усуллар билан трафик енгиллаштириляпти. Айрим муниципалитетларда отбойниклар шаҳар шароити учун яроқсиз хавфсизлик элементи сифатида, умуман олганда, кўкаламзорлаштириш қоидалари билан тақиқланган, уларнинг ўрнига яшил тўсиқлар барпо этилади", - деб таъқидлаб ўтди Аркадий Гершман.

Аҳоли Тошкент ва Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида хавфсиз шаҳар кўчалари қурилишини узоқ вақтдан бери кутяпти. Аммо узоқ кутилган реконструкция ва янги қурилиш ишлари учун бюджет маблағлари ажратилганда, шубҳасиз, халқаро стандартларни ҳисобга олиш керак. Тажриба-синовлар қимматга тушиши – нафақат пул билан, балки инсон ҳаёти билан ҳам ўлчаниши мумкин.

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей