1 USD = 10757.57 1 EUR = 12074.30 1 RUB = 144.34
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10757.57 1 EUR = 12074.30 1 RUB = 144.34
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Жамият
15 ноября, 14:01 123 0

«Ўзбекнефтгаз» Газлида коррупцияга қарши кураш бўйича йиғилиш ўтказди

«Ўзбекнефтгаз» Газлида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда коррупцияга қарши кураш ва йўл қўйилган хато-камчиликлар, унинг олдини олиш бўйича йиғилиш ўтказди.

«Ўзбекнефтгаз» Газлида коррупцияга қарши кураш бўйича йиғилиш ўтказди
Фото: «Ўзбекнефтгаз» АЖ

Йиғилишда «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Бектош Сойипов, Газли шаҳар ҳокими Шерали Пўлотов, Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари подполковник Шермат Шодиев, Ромитан тумани прокурори Фаррух Атоев, Бошқарув раиси ўринбосарлари, Департамент ва бўлим бошлиқлари, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси раҳбарлари ҳамда меҳнат жамоаси вакиллари иштирок этишди.

Йиғилиш аввалида, Газлида углеводородларни қазиб чиқариш ва геология-қидирув ишлари учун белгиланган прогноз кўрсаткичларни бажаришга қаратилган геолого–техник тадбирларни амалга оширилиши ҳолати таҳлил қилинди. Бир неча йиллардан буён эътиборсиз қолган Бошқарма учун етарли шароитлар яратиб берилгани, тўлиқ молиявий таъминланаётганига қарамай ишлар ҳануз белгиланган даражада эмаслиги танқид қилинди.

Бошқарув раиси бир неча бор Бошқарма фаолияти ўрганилиб, коррупцияни олдина олиш бўйича комплаенс назорат қилинаётган бўлсада, ўғирлик ва талон-тарож қилишга уринаётган ишчи-ходимлар борлиги ачинарли аҳвол эканлигини таъкидлади.

Жумладан, Газли заводида йиллик қуввати 5,0 млрд куб метр табиий газ босимини ошириб беришга мўлжалланган Учқир сиқув компрессор станцияси, Газни олтингугуртдан тозалаш қурилмасининг 6-тармоғи, янги қозонхона, Газни қуритиш қурилмаси ҳамда Газдан пропан-бутан аралашмасини ажратиб олиш қурилмаси фойдаланишга топширилиб, «Учқир» газни олтингугуртдан тозалаш мажмуаси «Газли» газни қайта ишлаш заводи деб номлангани, янги ишчи ўрни яратилиб маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлаш биринчи ўриндаги вазифа этиб белгиланди.

Қайд этилишича, Бошқармадаги масъул раҳбар ходимларнинг ва мутахассисларнинг эътиборсизлиги сабабли талон-тарожликлар ва камчиликларга йўл қўйилмоқда.

Бундан ташқари, Автотранспорт цехида эҳтиёт қисмлар ҳақиқатда ўрнатиб берилмаганлиги, ҳужжатларга сохта маълумот киритилгани, Цехда сақланаётган NIVA ва UAZ русумли автотранспорт воситаларининг двигатель ҳамда асосий эҳтиёт қисмлари ўғирланиб, жиддий талофат етказилган бўлсада, тезкорлик билан тегишли чоралар кўрилмагани кескин танқид қилинди.

Автотранспорт цехидаги транспорт воситаларига жами 40,4 млн сўмлик эҳтиёт қисмлар ҳақиқатда ўрнатиб берилмаганлиги тасдиқланди, ҳақиқатда ўрнатилмаган эҳтиёт қисмлар ҳужжатларга сохта маълумот киритиш йўли билан бухгалтерия ҳисобидан чиқарилганлиги аниқланди.

Эҳтиёт қисмларини ва ёқилғи мойлаш маҳсулотларини ҳисобдан чиқаришда ҳам муаммолар аниқланган. Мисол учун, Зил-131 русумли ўт ўчирувчи транспорт воситаси носоз ҳолда Водий нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасидан «траллер»га ортиб олиб келинган бўлсада, жорий йилнинг июнь ойида жами 3 931,2 минг сўмлик 546 литр бензин ёқилғиси бухгалтерия ҳисобидан асоссиз ҳисобдан чиқарилган.

Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси учун харид қилинган 4 дона жами қиймати 1 млрд. 620 млн сўмлик электродвигателлар ўрганилганда, улар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқарилмаганлиги, биркалари ўзгартирилганлигида коррупция аломатлари мавжудлиги тўғрисида шубҳа пайдо бўлди. Шу сабабли текширув ўтказилиб тўпланган ҳужжатлар қонуний кўриб чиқишлик учун Бухоро вилоят прокуратурасига ариза билан мурожаат қилинди. Ҳозирги кунда терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўғирликлар айнан ишчи-ходимлар томонидан қилинаётгани ҳам жуда ачинарли аҳвол эканлиги таъкидланди. Масалан, Ётоқхона коменданти 2021 йил 25 сентябрь 2 дона акфа роми, 2 дона акфа эшик, 3 дона узунлиги 3 метр бўлган д-73 мм.ли бўлган НКТ қувури, 20 дона узунлиги бир метр бўлган д-50 мм.ли бўлган қувур, 5 дона узунлиги-2.50м. баландлиги -1.5м.ли ҳажмли бўлган тўр панжараси ва “COVID-19 дезинфекция туннели»ни давлат рақамли белгиси 80/889 OAA «КАМАЗ» русумли юк автоуловига юклаб, усти беда билан ёпиб, Учқир ҳудудидан асоссиз олиб чиқиб кетилган.

Бундай ҳуқуқбузарликлар мунтазам давом эттирилгани танқид қилинди.

Яна бир ҳолатда айнан шу ётоқхона комендантининг ўғли узрли сабабларсиз ишга келмасдан жами 36 млн сўм асоссиз иш ҳақи тўловлари тўлаб келинган. Айни мана шу ва бошқа ҳолатлар бўйича қонуний чора кўрилишини сўраб, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасига расмий мурожаат киритилган.

Бошқарув раиси ушбу йиғилишга ташриф буюрган ҳуқуқ тартибот идоралари масъул раҳбарларидан ким бўлишидан қатъий назар барча ўғирланган ва йўл қўйилган салбий ҳолатларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилиши, ҳар қандай коррупцион схемаларни йўқотиш, ўғирлик ва талон-тарожликларга йўл қўйганларга нисбатан жазо чоралари кўрилиши, қонун устуворлигини таъминлаш, ошкоралик ва очиқлик сиёсати йўлида амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилди.

Бухоро вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Бектош Сойипов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасидаги амалга оширилаётган янги ислоҳотлар янги босқичга кўтарилгани, Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани, қонунни мустаҳкамлаш, коррупцияга қарши курашишнинг моҳияти, унинг ўрни, унинг олдини олишда амалга оширилаётган ишлар, йил бошидан буён амалга оширилган ҳуқуқбузарликлар, талон-тарожликлар, мансаб лавозимларини суистеъмол қилиш каби ҳолатларга йўл қўйиб бўлмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, ишга жойлашиш масаласидаги мурожаатлар кўриб чиқилмаслик ҳолатлари бўйича прокуратурага келиб тушаётган аризалар, вакант лавозимлар, ишга қабул қилишдаги шаффофликни таъминлаш масалалари хамда келгусида ўзаро ҳамкорликда ишларни давом эттириш юзасидан ўз фикрини билдирди.

Прокуратура билан биргаликда Газлидаги барча ўғирликлар, талон-тарож, коррупция ҳолатлари ва «кўринмас кучлар»га қарши кураш ҳамда содир этилаётган ёки этилиши мумкин бўлган барча ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, бартараф этиш йўналишида Прокуратура органлари ҳамкорликка ҳар доим тайёр эканликларини билдирди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўриқлаш бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари подполковник Шермат Шодиев ҳам мажлис қатнашчиларига қўриқлаш ишларини амалга оширишда постлар ва мобил гуруҳлар ташкил этилганлиги, аниқланган турли талон-тарожликлар, ўғирлик ҳолатлари, ўзаро ҳамкорликда амалга оширилаётган ишларни таъкидлаб ўтди.

Шу вақтга қадар Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари билан талон-тарож ҳамда ўғирликларга қарши кураш ўз самарасини бериб, бир қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош этилди. «Кулбешкак» ва «Учқир» конларида ўтказилган ўрганишлар жараёнида, худди чўпон сифатида фаолият юритиб, аслида конденсат ўғирлиги билан шуғулланаётганлар аниқланди. У ерда конденсат сақлаш жойи аниқланиб, ҳажми 20 литрдан бўлган 15 дона, ҳажми 200 литр бўлган 1 та дона пластмасса идиш ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

«Учқир» конидаги 214-сонли қудуқдан табиий газ ва машъала қувурлари ўғирлаб кетилгани фош этилди.

– Қоракўл тумани «Учқир»-«Қумли» йўналишида жойлашган Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Андақли» конига қарашли 7-сонли қудуқ олдида турган 4 дона D89 мм.ли, 1 дона 10 метрли темир қувурлари номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилган.

– «Кулбешкак-Дояхотин» йўналиши ҳудуди чўлларида 4 нафар фуқаро И.О., К.Ҳ., Б.Ҳ., О.Т. газ қувурларини кесиб олишаётган вақтида ушланганлар.

– 2021 йилнинг 13 май куни «Қумли», «Саватли-Кулбешкак» конларидан, 27 июнь куни «Кулбешкак» ва «Учқир» конларидан газ конденсати ва 5 июль куни «Учқир» конидаги 214-сонли табиий газ қудуиғининг «узел задавка» қисмида ҳамда машъала (факел) қувурларини ўғирлангани ҳамда уни ўғирлашда гумон қилинганлар аниқланган.

– Жорий йилнинг 17 октябрь куни тахминан соат 23:00 да «Ўзбекнефтгаз» АЖ Газли нефть ва га қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Ҳожиказган-Қумли-Чақақум» газоконденсат қувурлари автойўналиши атрофида Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходимлари билан ҳамкорликда навбатдаги тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбир давомида Миллий гвардия қўриқлаш хизмати ходимлари томонидан давлат рақам мавжуд бўлмаган УАЗ русумли автотранспорт воситаси тўхтатиб текширилган.

Автотранспорт юкхонасида бўлган ҳар бирининг ҳажми 60 литрни ташкил қиладиган 24 дона бўш елим бочка холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

2021 йил якунига қадар табиий газ ва газ конденсати қазиб чиқариш режа кўрсаткичларини ўз вақтида ва сўзсиз бажариш, бу борада режалаштирилган геолого-техник тадбирларни амалга ошириш, углеводород захираларини кўпайтириш, шунингдек, Бошқарманинг молиявий иқтисодий ҳолатини ва ходимлар ўртасидаги муҳитни яхшилаш мақсадида, Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасида қазиб чиқариш кўрсатгичларини бажарилишида қолоқликка йўл қўйган, молиявий иқтисодий ҳолат ёмонлашишига сабабчи бўлган, меҳнат интизомига риоя қилмаган, ўз хизмат вазифаларини қўпол равишда бузган 8 нафар масъул раҳбар ва ишчи ходимлар эгаллаб турган лавозимидан озод этилади.

Беш нафар ходимларга нисбатан «ҳайфсан» интизомий жазо чоралари, 10 нафарига ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чоралари қўлланилиши белгиланган.

Бошқарув раиси Бошқармада бу йўл қўйилаётган салбий ҳолатлар ҳали ҳаммаси эмаслиги, афсуски, бундай ҳолатлар Жамият обрўсига путур, манфаатларига зарар етказишини билдириб, янги раҳбар Хислат Назировни бутун жамоа қўллаши кераклигини, у қисқа муддатда ишлаб чиқаришда сезиларли ўзгариш қилганлигини, Бошқарма фаолиятида кўплаб кўрсаткичлар бажарилганини таъкидлаб, «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг барча департаментларидан биттадан малакали ходим бир ой давомида шу ерда фаолият олиб боришини билдирди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ Матбуот хизмати

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей