1 USD = 10760.27 1 EUR = 12186.01 1 RUB = 145.55
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10760.27 1 EUR = 12186.01 1 RUB = 145.55
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Сиёсат
12 ноября, 21:19 218 0

Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 8-саммитида иштирок этди

Ўзбекистон президенти томонидан экспорт ва импорт ҳажмини ошириш, транспорт ва транзитни ривожлантириш ҳамда саноат маркази, ақлли шаҳарларни яратиш бўйича экспертлар платформасини яратиш ва бошқа кўплаб нарсалар таклиф қилинган.

Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг 8-саммитида иштирок этди
Фото: president.uz

Бугун, 12 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саккизинчи саммитида иштирок этди.

Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан тадбир Истанбулдан жануби-шарқда жойлашган ҳамда Туркия учун тарихий аҳамиятга эга бўлган Демократия ва эркинлик оролида бўлиб ўтди.

Тадбирда Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳамда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Венгрия Бош вазири Виктор Орбан қатнашди.

Саммитда кун тартибига мувофиқ, савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқининг аввалида Ўзбекистон Туркий Кенгаш номини «Туркий давлатлар ташкилоти» деб ўзгартириш ҳамда Туркманистонга ташкилотда кузатувчи мақомини бериш тўғрисидаги тарихий қарорларни қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Бу муҳим қадамлар ташкилот фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиб, унинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини ошириши қайд этилди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон раҳбари мамлакатлар ҳамкорлигининг улкан салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш ва ташкилотни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Мамлакатлар ўртасидаги савдо алоқалари кенгайиши учун қулай ва жозибадор шароитлар яратиш бош устувор вазифа экани кўрсатиб ўтилди.

Бу борада мавжуд имкониятларни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш таклифи билдирилди.

Шавкат Мирзиёев транспорт ва транзит соҳаларини ривожлантириш ҳамкорликнинг муҳим йўналиши экани, Ташкилотдаги мамлакатларнинг савдо-иқтисодий шериклиги кенгайишига хизмат қилишини таъкидлади.

Бугунги вазият Хитойдан Европагача мамлакатларимиз ҳудудлари орқали ўтган трансқитъавий транспорт йўлакларини янада ривожлантириш ва янгиларини яратишни тақозо этмоқда.

Бу борада тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида “Туркий давлатлар ташкилотининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик дастури”ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Президент саноат кооперациясини кучайтиришга чақирди. Бу борада қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун аъзо давлатлардаги ихтисослашган ташкилотлар негизида Инжиниринг ва технологиялар марказлари ташкил этиш таклифи билдирилди. Келгуси йили Ўзбекистон Туркий давлатлар саноат ҳафталигини ўтказишга тайёр экани маълум қилинди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев “ақлли” шаҳарларни яратишда тажриба алмашиш ва инновацияларни трансфер қилиш мақсадида экспертлар ва IT-мутахассислар учун доимий платформани ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу борада илк қадам сифатида 2022 йилда экспертлар конференциясини ўтказиш таклиф қилинди.

Экологик ҳалокатларнинг салбий оқибатларини юмшатиш, улар тарқалишининг олдини олиш учун Шавкат Мирзиёев БМТ билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш, унинг қароргоҳини эса Оролбўйининг экологик фожиадан энг кўп жабр кўрган туманларидан бирида жойлаштириш ғоясини илгари сурди.

Ўзбекистон президенти туризмни ривожлантириш мавзусига алоҳида урғу бериб, «Туркий дунё туризми» ва «Табаррук зиёрат» лойиҳаларини амалга ошириш, ҳунармандчилик кўргазмалари ва этноспорт мусобақаларини ўтказиш, маданий мерос объектларини сақлаш ва тиклаш масалалари, соҳадаги ҳамкорликнинг бошқа йўналишларини қамраб олган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқишни таклиф қилди.

Шавкат Мирзиёев бу галги саммит давомида Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилингани учун миннатдорлик билдириб, ташкилотга аъзо мамлакатлар фондларида сақланаётган нодир асарларни тадқиқ ва таржима қилиш, уларнинг ягона электрон базасини яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти 2022 йилни Туркий дунёда “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилишни таклиф этди. Унинг доирасида биргаликда аниқ чора-тадбирлардан иборат қўшма дастурни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, мазкур масалани навбатдаги саммит кун тартибининг асосий мавзуси этиб белгилаш таклиф этилди.

Президент ўз нутқида барчанинг эътибори марказида турган Афғонистондаги ҳозирги мураккаб вазиятга тўхталди.

Ушбу мамлакатнинг гуманитар инқирозга тушиб, халқаро майдонда яккаланиб қолишига, унинг террорчилар маконига айланишига йўл қўймаслик ниҳоятда долзарбдир. Афғонистоннинг янги Ҳукумати билан мулоқотларда ёндашувларимиз умумий ва якдил бўлиши лозим”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Саммит якунида ташкилотга раислик Озарбайжон Республикасига ўтиши ва Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказилиши тўғрисидаги қарорлар қабул қилинди.

Давлат раҳбарлари 10 дан ортиқ ҳужжат - саммитнинг якуний декларациясини, “Туркий дунё нигоҳи - 2040” дастурий ҳужжати ва кун тартибига киритилган бошқа қарорларни имзоладилар.

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей