1 USD = 10766.49 1 EUR = 12194.13 1 RUB = 145.60
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10766.49 1 EUR = 12194.13 1 RUB = 145.60
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Медицина
5 ноября, 11:50 352 0

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига мурожаат қилиб, чанг-туман бўйича кўрсатмалар берди

Маълумотга кўра, 4 ноябрь куни кечқурун нафас олиш тизимидаги муаммолар туфайли қарийб 700 нафар одам тез ёрдам хизматига мурожаат қилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолига мурожаат қилиб, чанг-туман бўйича кўрсатмалар берди
Фото: my.gov.uz
ССВ Матбуот хизматининг хабарига кўра, бундай об-ҳаво шароитида, айниқса, бронхиал астма, аллергик ринит, аллергик конъюнктивит, томоқдаги қичишиш билан кечадиган йўтал, бронхит, бронхиал гиперреактивлик ва бошқа сурункали касалликларга чалинганлар учун тоза ҳавода сайр қилмаслик зарур. 

"Бундай ҳаво таркибида чанглар билан бирга, ўсимлик чангчалари, замбуруғ споралари жуда катта концентрацияда бўлади. Шунинг учун хасталиклари бор кишилар шифокор маслаҳати билан аллергияга қарши дори воситалари дозаларини оширишлари лозим. Ним таъсир қилувчи тузли сув билан томоқ ва бурунларни чайиш, хоналарни ёпиқ сақлаш, ҳўл сочиқларни хоналарга осиш, каттароқ сиғимли идишларга сув солиб қўйиш зарур", - дейди Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори,  тиббиёт фанлари доктори Илмира Розиқова.

Очиқ ҳавода юрганда, албатта, тиббий ниқоб тақиб юриш ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш шарт. Болалар, ҳомиладор аёллар ва ёши катта инсонлар ҳам бундай вазиятда эҳтиёткор бўлишлари тавсия этилади. 

Агар нафас қисиши, бурун битиши, аксириш, бурун оқиши, кўзларда қичишиш ва қизариш, томоқда кучли қичишиш, қичишиш билан кузатиладиган йўтал белгилари юзага келса, зудлик билан аллерголог шифокорга мурожаат қилишлари лозим.

"3 ноябрь куни тез ёрдам хизматига бўлган жами чақириқлар сони 3433 тани ташкил этганди. Кеча бу кўрсаткич 4082 тага етди. Шундан 678 та ҳолатда беморлар нафас сиқиши билан мурожаат қилган. Ушбу беморларга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, маълум қисми госпитализация қилинди", - дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр Бўрибоев.

Эслатиб ўтамиз, кеча Тошкент ва бошқа шаҳарларда ҳаводаги чанг миқдори белгиланган миқдордан 5 баробарга ошгани ҳамда махсус ўлчагичлар Тошкентда ҳаво ифлосланишининг "жуда ёмон" даражасини аниқлагани ҳақида хабар бергандик.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей