1 USD = 10757.57 1 EUR = 12074.30 1 RUB = 144.34
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10757.57 1 EUR = 12074.30 1 RUB = 144.34
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Сиёсат
21 октября, 10:14 441 0

"Кўпчилик партиялар камбағалликни олдини олиш борасида аниқ режага асосланмаган фикрлар беришди" — ТАТУ ректори

Президентликка номзодлар ўртасидаги теледебат борасида ТАТУ ректори, иқтисодиёт фанлари доктори Бахтиёр Маҳкамов муносабат билдирди.
Фото: Муаллифнинг Facebook'даги саҳифаси
Мамлакатимизда сўнги йилларда кечаётган улкан ислоҳотлар замирида аввало, инсон қадри барча нарсадан устун эканлиги асосий хусусият касб этиб бормоқда. Бу жиҳат 19 октябрь куни ОАВларида кенг ёритилган президентликка номзодларнинг вакиллари иштирокидаги теледебатларида ҳам яққол кўзга ташланиб турди. Чунки, мамлакатимиз тарихида президентлик сайловларида мутлақо эркин, очиқ, тенг ҳуқуқлилик асосида бундай теледебатлар олдин ташкил этилмаган эди. Бу теледебатлар янги Ўзбекистонда шаффофлик ва демократия тамойилларининг асосий ўринга чиқаётганлигидан далолатдир. Шунингдек, ушбу партиялараро теледебат Ўзбекистоннинг бутун дунёга очиқлигини яна бир бор намойиш қилди. 

Ушбу теледебат, бир томондан, ҳар бир партиянинг жамиятдаги ўрни ва унинг электорати олдидаги масъулиятини, иккинчи томондан, уларнинг дастурларидаги ўхшашлик ва фарқли жиҳатларни аниқ кўрсатди. Айниқса, давлатнинг мамлакат иқтисодиётига аралашуви даражаси ҳақидаги савол партиялар вакилларининг кескин муҳокамаси ва фикрлар хилма-хиллигига сабаб бўлди. ХДП ҳамда “Адолат” СДП вакиллари давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини кучайтириш ғоясини қўллаб-қувватлади.

Экологик партияси вакиллари эса ушбу фикрга қарши ўлароқ, иқтисодиётда давлат назорати ва улуши қанча кўп бўлса, иқтисодий фаровонликка эришиш шунча қийин бўлишини уқтиришга ҳаракат қилишди. ЎзЛиДеП вакили ҳам давлатни иқтисодиётга аралашувини кучайиши бевосита яна бюрократик иқтисодиётни шаклланишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди. Чунки, дунё амалиётидан кўриш мумкинки, иқтисодиётга давлат аралашуви бозор қонунларини яхши ишламаслигига олиб келади.

Шунингдек, ҳар бир партия вакилларига мамлакатимизда камбағалликнинг олдини олиш, қашшоқликни қисқартириш борасида келажакда қандай чоралар белгиланганлиги ҳақидаги савол ҳам теледебатнинг қизғин боришига сабаб бўлди. Чунки бу мавзу бугунги кунда ўта оғриқли масалага айланиб улгурди. Ушбу саволга жавоб сифатида Экологик партия вакили “яшил иш ўринлари” ва тоза ичимлик суви яратилишини таъкидлаб ўтган бўлса, ЎзЛиДеП вакили эса камбағалликнинг олдини олиш, қашшоқликни камайтириш бўйича сўнгги бир неча йил мобайнида маҳаллаларнинг темир дафтарларига киритилган аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ёрдам фаол равишда амалга оширилаётгани, давлат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш учун (касблар бўйича ўқитиш, имтиёзли кредитлар) 8 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратганлигини, бу ишлар тизимли амалга оширилишини айтиб ўтди. 

Афсуски ушбу саволга қолган партия вакиллари ҳақиқатдан йироқ, аниқ режаларга асосланмаган фикрлар билан жавоб беришди.

Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда ўсиб бораётган ташқи қарзи масаласи ҳам теледебатларда кўтарилди. Лекин кўпчилик партия вакиллари ушбу масалага олинган қарз маблағларининг сарфланиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги каби умумий фикрлардан нарига ўтиша олмади. Фақат ЎзЛиДеП партияси вакили ташқи қарз барча ривожланган давлатлар учун нормал ҳолат эканлигини тушунтириб бера олди. Масалан, Франция, Испания, Италия давлатларида ташқи қарз миқдори ЯИМдан 100% кўпроқдир. Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори 38%ни ташкил қилади. Мамлакатимиз олган маблағлар ҳар доим аҳоли манфаати учун сарфланади. 

Теледебат давомида ЎзЛиДеП вакили ўзининг аниқ фактлари, сўнгги беш йилда амалга оширилган ишларнинг натижаси бўйича чиқишлари билан яққол ажралиб турди. Хусусан, партия вакили томонидан камбағалликни қисқартириш, ишсизлик масалалари, нарх-навони барқарорлаштириш, энергетика, коммунал хўжалиги, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммоларни ечимига оид ғояларни илгари сурди. Шу билан бирга ҳудудлардаги мавжуд иқтисодий салоҳиятдан самарали фойдаланиш, давлат мулки объектлари, хусусий сектор ҳамда тадбиркорлик субъектлари самарадорлигини ошириш нуқтаи назаридан прагматик тўғри танланган иқтисодий сиёсат вазифаларини очиб берганлиги билан ўз фаоллигини яна бир бор намойиш этди.

Хулоса қилиб айтганда, ЎзЛиДеП вакилларининг муҳокамадаги масалаларга факт ва рақамларга асосланиб жавоб берганлиги, партиянинг яқин беш йил ичида мамлакатимиз тараққиёти учун амалга оширмоқчи бўлган режалари аниқ ҳисоб-китобларга таянилганлиги, муҳокамада асосли ва ҳаққоний далилларни кўпроқ келтириб ўтганлиги уларнинг ушбу теледебатда бошқа партиялардан устунлигини таъминлаб берди. Бу эса ўз навбатида ЎзЛиДеП томонидан Ўзбекистонни кейинги беш йилликда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун ишлаб чиқилган стратегия мукаммал эканлигини яна бир бор исботлади.

Маҳкамов Бахтиёр Шуҳратович, ТАТУ ректори, иқтисодиёт фанлари доктори
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей