1 USD = 10705.00 1 EUR = 12421.01 1 RUB = 150.32
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10705.00 1 EUR = 12421.01 1 RUB = 150.32
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Жамият
14 октября, 11:01 169 0

ЎзЛиДеПдан бошқа номзодларнинг ўз дастуридаги умумий ёндашувлари сайловчилар томонидан салбий баҳоланмоқда — сиёсатшунос

Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Рустам Рашидов Ўзбекистон президентлигига номзодларнинг олиб бораётган тарғибот-ташвиқот ишларини таҳлил қилди.
ЎзЛиДеПдан бошқа номзодларнинг ўз дастуридаги умумий ёндашувлари сайловчилар томонидан салбий баҳоланмоқда — сиёсатшунос
Фото: Рустам Рашидовнинг Facebook саҳофаси
Жорий йилдаги президентлик сайловлари ўзининг қизғин палласига кирмоқда. Сайловчи сифатида мазкур жараёнларни кузатар эканмиз, октябрь ойининг дастлабки ўн кунлиги давомида номзодларнинг сайловчилар билан фаол тарғибот-ташвиқот тадбирлар самарали олиб борилмоқда. Уларнинг мазмун-моҳияти жиҳатдан бир-биридан фарқ қилиши, ҳам георафик жиҳатдан, ҳам мазмун жиҳатдан бойлиги ҳамда сайловчиларнинг фаол иштироки билан ўтказилганлигини қайд этиш мумкин.
 
Номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари давомида асосий эътибор сайловолди дастурларини маъно-мазмунини сайловчиларга янгича ёндашув асосида тушунтиришга қаратилди. Учрашувлар республикамизнинг барча ҳудудларини ва аҳолининг кенг қатламларини қамраб олмоқда. 

Номзодларнинг сайловолди дастури янгича ёндашув асосида ва партиялар электорати манфаатлари имкон даражасида кенгроқ қамраб олинган ҳолда шакллантирилганлиги жойлардаги сайловчилар билан бўлган учрашувлар чоғида намоён бўлмоқда. 

“Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод А.Қодиров Хоразм вилоятида учрашувлари давомида музейлар, маданий мерос объектлари ва тарихий обидаларга ташриф буюриб, “Ўзбекистон дунёдаги кам сонли давлатлар орасида энг кўп маданий меросини сақлаб қола олган мамлакат ҳисобланади. Маданий меросни, тарихий обидаларни асрамаслик тарихни асрамаслик”, – дея фикр билдирди.

Номзоднинг педагогика тўла равишда давлат тасарруфида бўлиши лозимлиги хусусидаги таклифига ва олий таълим тизимини тубдан қайта кўриб чиқишга қаратилган режаларига сайловчиларнинг маълум бир қисми ижобий муносабат билдирмоқда. Унинг фикрича, “бўлажак педагогларни руҳий тестдан ўтказиш керак. У болани яхши кўрадими, йўқми билишимиз зарур. Сурхондарёда бўлгани каби йиғлайверган болани қўрқитиш учун пичоқ кўрсатмайдиган, Қашқадарёда бўлгани каби жаҳли чиқиб қолган пайтда болани уриб, кўр қилиб қўймайдиган, дарсни қилиб келмагани учун сева оладиган инсонларни саралаб олишимиз лозим”.

Халқ демократик партияси номзоди М.Ворисованинг Андижон вилоятида сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувда “иқтисодий сиёсатнинг ижтимоий самарадорлигини таъминлаш, ўрта муддатли истиқболда кам таъминланган аҳоли қатламлари улушини камида 2 баравар қисқартириш мақсадида камбағалликни бартараф этиш бўйича самарали ишларни амалга ошириш, юқори қўшимча қийматга эга секторлар ва меҳнат талаб қиладиган тармоқларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, иқтисодиётнинг инновацион илғор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш тармоқларини жадал ривожлантириш мақсадида самарали молиявий ва солиқ имтиёзларини қўллаш лозим”, – дея таъкидлади.

М.Ворисова учрашувлар чоғида “олис ва чекка ҳудудларда шифокорлар ҳамда ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” ва “Қишлоқ ўқитувчиси” дастурларини амалга ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш тизимини қонунчилик асосида мустаҳкамлаш, аҳолининг кам таъминланган қатламларига бепул, сифатли ва тўлақонли бирламчи тиббий ёрдам кўрсатиш” масалаларига ҳам тўхтаб ўтди.

Н.Обломуродовнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари чоғида асосий урғу сайловолди дастуридан жой олган “яшил” иқтисодиётни барпо этиш масалаларига қаратилди. Н. Обломуродовнинг атроф-муҳитни асраб-авайлаш жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири эканлиги ҳақидаги ғоялари ва баёнотлари электорат томонидан қўллаб-қувватланди. Шу билан бирга, сайловчилар Ўзбекистон Экопартияси ва унинг номзоди Н. Обломуродовнинг фаолиятига, хусусан атроф муҳитга қарши жиноятларга, айниқса, дарахтларнинг кўплаб кесилиши билан боғлиқ масалаларга мутлақо бефарқлигига танқидий баҳо бермоқдалар.

Президентликка номзод Нарзулло Обломуродовнинг қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашуви самимий, конструктив руҳда ўтди. Учрашувда у мазкур ҳудуд билан боғлиқ қатор муаммоларни санаб ўтди.

“Инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичларини экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш стратегик мақсадимиз бўлиб қолади”, - деди Нарзулло Обломуродов.

“Яшил тараққиёт” сайловолди дастуримиздаги энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Қорақалпоғистонлик ва мўйноқлик ёшлар бу улкан вазифаларни амалга оширишда фаоллик кўрсатишига, бизга кўмакчи бўлишига умид қиламиз”, - деди Н.Обломуродов.

“Адолат” социал демократик партиясидан номзод Б.Абдуҳалимов сайловолди учрашувлари чоғида жамиятда хотин-қизларнинг ролини ошириш ҳамда ёш авлодни етук ва билимли қилиб тарбиялаш масалаларига алоҳида тўхталди. Хусусан у Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашув чоғида мактаб таьлимини ривожлантириш ва таълим сифатини янада ошириш тарафдори экани ҳақида атрофлича фикр юритди.

“Жумладан, педагог-муаллимлар меҳнатини рағбатлантириш, ўқитувчилик касби нуфузини ошириш,умумтаьлим мактабларида ижтимоий адолат ва тенглик тамойилларининг қарор топишини янада жадаллаштириш керак. Дарсликлар сифатини ошириш учун дарсликларни тайёрлаш маркази ташкил этиш зарур” – дея таклифларини ифода қилди номзод.

“Адолат” социал-демократик партияси номзоди мамлакатимизда юзага келган экологик муаммоларга нисбатан Ўзбекистон экологик партиясининг бефарқлиги, мазкур муаммоларга нисбатан ўзининг фаол партиявий позициясини кўрсатмаётганлигини танқид қилиб ўтди. 

Шунингдек учрашувда “биз, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий этиш каби муҳим масалаларни илгари сурамиз. Дори воситаларининг ноқонуний айланишига тўлиқ чек қўйиб, қалбакилаштирилган, сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш тарафдоримиз. Ўтган йилдан буён дунёга чанг солиб турган коронавирус пандемияси ҳам жамиятда тиббий маданиятни юксалтиришнинг ўрнини кенг намоён этди. Шу жиҳатдан биз жамиятда тиббий маданият кодекси ишлаб чиқилишини зарур”, деб ўз ташаббусларини ифода қилди. 

Сайловчилар Ш.Мирзиёевнинг биринчи президентлик давридаги ютуқларни ижобий баҳолаб, арзон ва сифатли уй-жой етишмаслиги, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда шу каби муаммоларнинг ечими масаласида қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганлигини қайд этдилар ва ушбу янгиланишларнинг ривожланиш динамикасини сақлаб қолиш ва давом эттириш зарурлиги ҳақида фикр билдирдилар.

Ш.Мирзиёев қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда “Мен Қашқадарё тўғрисида ўйлаганимда, бугунги учрашувга тайёргарлик кўрганимда, мени энг кўп қийнайдиган масала – бу ҳудуд аҳолисига муносиб ҳаёт, тўкин дастурхон ва доимий даромад манбаларини таъминлаб бериш”, - дея таъкидлади.

Шунингдек, “жорий йилдан бошлаб, “Боғдод тажрибаси” асосида уйлар, саноат корхоналари ва ижтимоий инфратузилмани ўз ичига олган Янги Ўзбекистон массивлари барпо этилади”, – дея таъкидланди. 

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Либерал демократик партиясидан бошқа номзодларнинг сайловолди ташвиқотидаги умумий ёндашувлари сайловчилар томонидан салбий баҳоланмоқда. 

Президентликка номзодларнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши билан бир қаторда виртуал майдонда ҳам анча фаол ёритилаётганлиги, ижтимоий тармоқларда кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётганлиги жорий сайловларнинг ўзига хос янгиликларидан бири деб ҳисоблаш мумкин. Номзодларнинг сайловолди учрашувлари, партияларнинг тарғибот-ташвиқот тадбирлари сиёсий партияларнинг расмий сайтлари ҳамда Telegram, Facebook, YouTube каби ижтимоий тармоқларда сайловолди тадбирлар фото, видео ва матн шаклида батафсил ёритилмоқда.

Ўтган ҳафта мобайнида маҳаллий ОАВлар ва ижтимоий тармоқларни кузатиб бориш ва уларнинг контентини таҳлил қилиш натижасида айтиш мумкинки, сайлов жараёнларига боғлиқ “Миллий тикланиш” демократик партиясига тегишли 2890 та, “Адолат” социал-демократик партиясига тегишли 200 га яқин, Халқ демократик партиясига тегишли 200 дан ортиқ, Экологик партияга тегишли 489 та ҳамда Ўзбекистон Либерал демократик партиясига тегишли 6500 дан ортиқ турли материаллар ва чиқишлар тайёрланган ва тарқатилган.

Шундай қилиб, юқоридаги фикрларга хулоса қилган ҳолда барча номзодларнинг жойларда сайловчилар билан учрашувлари жараёнларини кузатиш орқали айтиш мумкинки, мамлакатимизда сайловолди кампанияси юқори суръатда олиб борилмоқда. Сайловлар жараёнида партиялараро баҳслар қаторида номзодлар ўртасида ҳам баҳс-мунозаралар, ўзаро репликаларнинг намоён бўлаётганлиги сайловолди жараёнида ҳақиқий кураш кетаётганлигини билдиради.

Сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, шу жумладан, сиёсий партияларнинг номзодлари ва сайловчилар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларига муносиб тарзда ўз позицияларини намоён этишларига ишонамиз.

Рустам Рашидов  — сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), доцент
 
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей