1 USD = 10705.00 1 EUR = 12421.01 1 RUB = 150.32
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10705.00 1 EUR = 12421.01 1 RUB = 150.32
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Жамият
12 октября, 12:10 307 0

Сиёсий партиялар дастурларида баландпарвоз иқтисодий масалаларни таклиф қилмоқда — ТДИУ ректори

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори тўртта сиёсий партиянинг сайловолди дастурларидаги аксарият ғоялари реалликдан анча йироқлигини таҳлил қилди.
Сиёсий партиялар дастурларида баландпарвоз иқтисодий масалаларни таклиф қилмоқда — ТДИУ ректори
Фото: Қўнғиратбой Шарипов
Сиёсий партияларнинг сайловолди дастурларидаги аксарият ғоялари реалликдан анча йироқ. Айниқса, иқтисодиётимизни кўтаришга қаратилган таклифларнинг турли учрашувлар, ҳатто оддий суҳбатлар чоғида ҳам иқтисоддан хабари бор одамлар ўзаро баҳслашиб, ҳисобини чиқаролмай овора.

Дарҳақиқат, баъзи сайловолди дастурларида давлат бюджети ҳисобига баландпарвоз иқтисодий масалаларни таклиф этилаётгани анчайин баҳсталабдир.

“Адолат” СДПдан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурида ҳам ўзига хос баҳсли таклифлар мавжуд.

Биринчиси, уй-жойларнинг нархини кескин камайтириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаш масаласи.

Ҳисоб-китобларга кўра, халқимиз эҳтиёжини тўла қондириш учун ҳар йили 145 минг хонадондан иборат уйлар қуриш керак. Бунинг учун эса қарийб 30 трлн сўм зарур бўлади. Бу маблағ давлат бюджетининг 23 фоизидан зиёдини ташкил этади. Ўз-ўзидан аёнки, давлат бюджетининг бунча қисмини биргина шу соҳага ажратиб бўлмайди. Шунингдек, давлат хусусий сектор иштирокисиз аҳоли эҳтиёжини тўла қондириши қийин. Шу боис, ипотека тизимига босқичма-босқич ўтиш, бозор механизмларини жорий этиш, соҳада хусусий секторнинг ўрнини ошириш катта аҳамиятга эга.

Иккинчиси, пенсиядаги юқори чекловларни бекор қилиш, меҳнатга, маошга ва ижтимоий тўловларга яраша пенсия таъминотини йўлга қўйиш борасидаги таклифлар.

Агар амалдаги чегаравий базавий миқдор бекор қилинадиган бўлса, 352 200 кишига тўланадиган пенсия миқдори сезиларли даражада ошиши аниқ. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимизнинг бюджетига салбий таъсир кўрсатади.

Дастурнинг солиқлар билан боғлиқ йўналиши ҳам эътиборга молик. Жумладан, унда солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ўрнатиш орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни моддий қўллаш таклиф этилмоқда. Ижтимоий тенгликни ўрнатиш мақсадини кўзлаган бўлса-да, ушбу таклиф хуфёна иқтисодиётнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Учинчиси, махсус жамғармаларни бекор қилиш орқали давлат бюджетига тушумларни кўпайтириш таклифи.

Маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йил учун тасдиқланган давлат умумий бюджет харажатларининг давлат мақсадли жамғармалари учун 40,8 трлн сўм миқдорида маблағ ажратилган. Бу умумий харажатлар миқдорининг 19 фоизини ташкил қилади. Қайд этиш керакки, давлат ташкилотларининг турли хил жамғармаларини бекор қилишга аниқ асос йўқ, чунки уларнинг барча даромадлари ва харажатлари шаффоф тарзда жамоатчиликка тақдим этиб борилади.

Экологик партиядан номзод Нарзулло Обломуродовнинг сайловолди дастурида тежамкор суғориш технологияларини кенг жорий этиш орқали асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ўртача 25-30 фоизгача ошириш бўйича таклиф илгари сурилган. Бир қарашда аҳамиятли таклиф. Аммо қишлоқ хўжалигида тежамкор технологияларни жорий қилиш ҳосилдорликни ошириш учун етарли эмас. Бундан ташқари, пировард мақсад қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш эмас, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўлиши лозим. Биргина мисол, жорий йилда пиёз нархининг кескин қулаши натижасида ҳосилни йиғиштириб олиш харажатлари пиёзнинг бозор нархидан ошиб кетгани сабабли Сурхондарёдаги баъзи деҳқонлар ҳосилини шудгорлаб юборди.

Шунингдек номзод глобал ривожланиш шароитида вужудга келган чиқинди муаммоларини самарали ҳал этиш учун маиший чиқиндиларни қайта ишлаш ҳажмини 40 фоизга, ҳосил бўлаётган саноат чиқиндиларини қайта ишлаш миқдорини эса 20 фоизга етказиш таклифини илгари сурмоқда.

Аҳамиятли таклиф. 2020 йилда маиший чиқинди ҳажми йилига 7 млн тоннадан зиёд бўлиб, унинг 19 фоизи қайта ишланган. Маиший чиқиндини қайта ишлаш даражасини 40 фоизга етказиш қайси муддатларда эришиладиган кўрсаткич ва мазкур кўрсаткичларга қандай механизмлар орқали эришилади, деган савол очиқ қолмоқда.

“Миллий тикланиш” ДП номзоди эса, ўз сайловолди дастурида ишчи ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси таъминланиши, меҳнат шартномасида ходимнинг соғлиғидан тортиб, ижтимоий талабларигача бўлган барча ҳолатлар кафолатланиши таклифини билдиради. Лекин бу аҳамиятга молик эмас. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида ходимларнинг манфаатлари ва иш берувчининг барча мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Шунингдек, номзод кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлашнинг қадриятларга таянган янги тизимини жорий қилиш, эҳтиёжманд кишиларни иш билан таъминлаган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бериш тартиби қонун билан белгиланиши ҳақида ҳам мулоҳазали таклифни илгари сурмоқда.

Камбағалликка қарши курашиш узоқ ва мураккаб жараён бўлиб, у институционал ва тизимли ёндашувни тақозо этади. Камбағалликка қарши фақат эҳсон, хайрия, ҳомийлик орқали курашилмайди. Ижтимоий ҳимоя тизимида давлат доимо асосий кафолатланган қисмини амалга ошириши лозим. Хайрия ва эҳсон унинг устига қўшимча равишда амалга оширилиши лозим.

Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига кўрсатилган номзод сайловолди дастурининг иқтисодий йўналишида аҳолининг даромадига қараб, табақалаштирилган солиқ солиш тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Бу аҳамиятга молик бўлмаган таклиф. Негаки, юқори солиқ юки ва солиқ тизимининг мураккаблиги норасмий сектор пайдо бўлишининг асосий сабабларидан ҳисобланади. Шу муносабат билан 2019 йили жорий этилган янги солиқ тизими орқали меҳнатга солиқ юки енгиллаштирилди. Бир қатор мажбурий тўловлар ва жисмоний шахсларнинг 4 шкалали даромад солиғи ставкалари ўрнига ягона 12 фоизлик ставка белгиланди. Натижада солиқ юки камайиб, мазкур солиқ тури бўйича бюджетга тўловлар ҳажми ортиб бормоқда. Масалан, 2018 йилга қадар даромад солиғидан бюджетга тушумлар миқдори ЯИМга нисбатан ўртача 2 фоиз атрофида ташкил этган бўлса, 2020-2021 йилларда бу кўрсаткич 2,6 фоизга етган. Бундан ташқари, табақалаштирилган солиқ тизими асосан ривожланган ва норасмий сектор улуши паст бўлган давлатларда қўлланилади. Бошқача айтганда, табақалаштирилган солиқ тизимини қайтариш норасмий секторни янада кучайтиришга ва давлат бюджети даромадларининг пасайишига олиб келади.

Номзоднинг яна бир таклифи ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш масаласи билан боғлиқ. Жуда аҳамиятли ва долзарб масала. Чунки иш ўринларини яратиш жуда муҳим. Бироқ асосий масала мазкур иш ўринлари қаерда, қайси соҳада, ниманинг ҳисобига яратилади? Қанча иш ўринлари яратилади? 

Яна бир таклифда ўрта муддатли истиқболда кам таъминланган аҳоли қатламлари улушини камида 2 баравар қисқартириш масаласи кўтарилади. Аммо ХДПнинг мазкур режани қандай амалга ошириш бўйича аниқ ҳисоб-китоби келтирилмаган. Мисол учун Либерал демократик партиянинг дастурида ҳам камбағалликни 2 бараварга қисқартириш вазифаси қўйилган бўлиб, бунинг учун келгуси 5 йилда жон бошига тўғри келувчи ЯИМ миқдорини 1,6 барабарга кўпайтириш ҳисобига эришмоқчи. 

Хулоса қилиб айтганда, юқорида санаб ўтилган 4 та партиянинг иқтисодий масалаларни ҳал қилишда кўпроқ давлат бюджетига таяниб қолмоқда. Шунингдек, таклиф этилаётган иқтисодий ечимлар аниқ механизмларга эга эмас.
Қўнғиратбой ШАРИПОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей