1 USD = 10710.63 1 EUR = 12436.11 1 RUB = 149.57
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10710.63 1 EUR = 12436.11 1 RUB = 149.57
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Жамият
5 октября, 15:21 205 0

Энди ҳуқуқбузар жабрланувчи билан ярашса маъмурий жавобгарликдан озод қилинади

Бунинг учун қоидабузар қатор талабларни бажариши шарт. Президент тегишли қонунни имзолади.
Энди ҳуқуқбузар жабрланувчи билан ярашса маъмурий жавобгарликдан озод қилинади
Фото: advokatnews.uz
Президент томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида қонун имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ, МЖтКга ярашилганлик муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилиш институти киритилди.

Энди бир қатор моддаларда назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган шахс айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи билан ярашса ва етказилган зарарни қопласа маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) тарафларнинг ярашуви муносабати билан ишни судга юбориш тўғрисида қарор чиқаради ва маъмурий жавобгарликдан озод қилиш ҳақидаги масалани ҳал этиш учун иш материалларини судга юборади.

Жабрланувчи ёхуд унинг қонуний вакили ярашув тўғрисидаги аризани иш ваколатли органлар (мансабдор шахслар) томонидан кўриб чиқилиши вақтида, шунингдек суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд қарор чиқаргунига қадар бериши мумкин.

Агар иш бўйича бир неча жабрланувчи бўлса, фақат барча жабрланувчилар билан ярашувга эришилган тақдирда, ярашув тўғрисидаги ишни юритиш мумкин.

Ярашув тўғрисидаги ишлар бўйича суд муҳокамаси иш судга келган пайтдан эътиборан 3 кундан кечиктирмай ўтказилади.

Ҳуқуқбузарликни бир йил ичида такроран содир этган шахс томонларнинг ярашуви муносабати билан маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайди.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей