1 USD = 10710.63 1 EUR = 12436.11 1 RUB = 149.57
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10710.63 1 EUR = 12436.11 1 RUB = 149.57
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Пресс-релизы
5 октября, 07:44 71 0

Ўзбекистонда эҳтиёжманд болаларга ёрдам кўрсатувчи фонд ташкил қилинади

Сурункали ва кам учрайдиган касалликларни олди олинади ҳамда эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари бепул дорилар билан таъминланади. Бу бўйича президент қарори имзоланди.
Ўзбекистонда эҳтиёжманд болаларга ёрдам кўрсатувчи фонд ташкил қилинади
Фото: president.uz
Болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида болалар жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, ушбу фонд оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш билан шуғулланади.

Бундан ташқари фонднинг қуйидаги вазифалари белгиланди.

— Болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча механизмларини жорий этиш;

— Эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминлаш;

— Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим олишларида кўмаклашиш, шу жумладан, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш;

— Ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш ва уларни уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш;

— Оғир ташхисли касалликлари бўлган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш;

— Ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир, шу жумладан, уларга юқори технологик ихтисослашган реабилитацион тадбирларни ташкил этиш ва молиялаштириш.

Қарорда келтирилишича, болалар жамоат фондининг асосий пул маблағлари қуйидагилар ҳисобига шакллантирилади:

— Давлат бюджети ҳисобидан 2021-2022 йилларда маблағларни амалда ўзлаштирилишига қараб 100 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам;

— Жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайриялари;

— Давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар;

— Краудфандинг механизмлари орқали келиб тушган маблағлар;

— Вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Қайд этилишича, болалар жамоат фондига ҳомийлик қилинган маблағлар солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар жумласига киритилади.

Бунда, фонд солиқларнинг барча турларидан озод этилади (ижтимоий солиқ бундан мустасно).

2024 йил 1 январга қадар даволанишга муҳтож бўлган болалар учун белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича мазкур фонд томонидан олиб келинадиган дори воситалари, тиббиёт ускуналари ва протезлаш воситалари божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинади.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей