1 USD = 10710.63 1 EUR = 12436.11 1 RUB = 149.57
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10710.63 1 EUR = 12436.11 1 RUB = 149.57
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Маданият
29 сентября, 21:43 360 0

Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллади

Президент 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан муаллим ва устозларга табрик йўллади.
Шавкат Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларга табрик йўллади
Фото: president.uz
Ўзбекистон президенти ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табригида уларнинг қадрини тиклаш бўйича бошлаган ишлар ҳақида айтди.

"Муҳтарам устоз ва мураббийлар!

Қадрли фахрийлар!

Аввало, сиз, азизларни, таълим-тарбия соҳасининг барча жонкуяр ходимларини умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Ушбу қутлуғ айёмда сиз, заҳматкаш устозларга кўнглимизда, юрагимизда бўлган юксак ҳурмат-эҳтиром ва эзгу тилакларни сўз билан тўлиқ ифода этиш қийин, албатта. Чунки сизлар дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонларсиз. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядир.

Шу боис бугун сизларнинг шаънингизга билдираётган олижаноб истакларимиз, таъзим ва ташаккурларимизни бутун эл-юртимизнинг чексиз ҳурмат ва эҳтироми рамзи сифатида қабул этгайсиз", - дея табрик сўзини келтиради Шавкат Мирзиёев.


Шунингдек, президент сўнгги беш йил ичида таълим соҳасини ривожлантириш учун қилинган ишлар ҳақида ҳам сўз юритган.

"Беш йил олдин юртимизда 5 минг 211 та боғча фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда бу рақам 19 минг 316 тага, тизимдаги қамров 62 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса 77 фоизга етди.

Ҳозирги кунга келиб, математика йўналишида 112 та, физика йўналишида 14 та, кимё-биология бўйича 87 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 99 та, хорижий тиллар бўйича 207 та ихтисослашган мактаблар фаолият олиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.

Олий таълим соҳасида ҳам жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Охирги беш йилда чет эллардаги нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 67 та янги университет ва институтлар ҳамда филиаллари барпо этилиб, уларнинг умумий сони 144 тага етказилгани, қамров даражаси 3 карра ортиб, 9 фоиздан 28 фоизга етгани ҳам шундан далолат беради.

Жорий ўқув йилида энг замонавий талаб ва стандартлар асосида ташкил этилган Янги Ўзбекистон университети дастлабки талабаларни ўз бағрига қабул қилди.

Бундай янгиланиш жараёнларида устоз-мураббийларимизнинг ишга, ҳаётга муносабати ва масъулияти тубдан ўзгариб, уларнинг доимий изланиб, янгиликка интилиб яшаётгани, илғор таълим технологиялари ва методикаларини пухта ўзлаштириб бораётгани, ҳеч шубҳасиз, ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.

Ҳурматли устоз ва мураббийлар!

Жамиятимизда боғча тарбиячиси, мактаб муаллими, олийгоҳларнинг профессор-ўқитувчилари ва илмий-ижодий зиёлиларни бугун биз интилаётган Учинчи Ренессанснинг тўрт таянч устуни деб эътироф этмоқдамиз.  Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳурмат-эътиборини ошириш, хусусан, муаллим ва устозларнинг қадри, шаъни ва ғурурини тиклаш, машаққатли ва шарафли меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш бўйича бошлаган ишларимизни албатта янги поғонага кўтарамиз.

Сиз, азизларни қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, эзгу фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ҳамиша соғ-омон бўлинг, муҳтарам устозлар!",
- дея якунланган табрик сўзлари.

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей