1 USD = 10703.02 1 EUR = 12461.53 1 RUB = 151.62
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10703.02 1 EUR = 12461.53 1 RUB = 151.62
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Жамият
16 сентября, 20:28 183 0

Самарқандда давлат харидлари бўйича 50 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди

Ҳокимият, солиқ инспекцияси ва мактаблар биноларининг қурилиши ва таъмири тендер ғолибларисиз амалга оширилган.
Самарқандда давлат харидлари бўйича 50 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди
Фото: anticorruption.uz
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Самарқанд вилоятида бюджет буюртмачилари томонидан «dxarid.uz» ва «tender.mc.uz» махсус ахборот порталида жойлаштирилган эълонлар жойига чиқиб ўрганилди. Унда буюртмачилар томонидан давлат харидларини амалга оширишда 18 та ҳолатда жами қиймати 50 млрд сўмлик қонунбузилишлар аниқланди.

Хусусан, Халқ таълими вазирлиги ва Солиқ қўмитасининг қуйи тизимларига қарашли объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича умумий қиймати 42 млрд сўмлик жами 9 та тендер эълонлари тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, қурилиш ишлари бошлаб юборилган.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги инжиниринг компанияси томонидан 3 август куни Каттақўрғон шаҳар Давлат солиқ инспекцияси биноси қурилиши бўйича қиймати 5,5 млрд сўмлик эълон берилган. Бироқ, қурилиш ишлари эълонда кўрсатилган муддатдан 3 ой олдин, яъни май ойида бошланган.

Шунингдек, Самарқанд вилоят ҳокимлиги ИК томонидан умумий қиймати 37 млрд сўмлик Ургут туманидаги 22, 57, 61, 93-сонли, Иштихон туманидаги 8, 41-сонли, Каттақўрғон туманидаги 54-сонли, Самарқанд шаҳардаги 43-сонли мактаб биноларини қуриш ва таъмирлаш ишлари бўйича берилган эълонлар тендер ғолиблари белгиланмасдан туриб, объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Ушбу ноқонуний ҳолатлар оқибатида мазкур объектлардан чиққан қурилиш моллари туман халқ таълими бўлимига кирим қилинмасдан, қурилиш ташкилоти томонидан ишлатилган ҳамда маҳаллий аҳолига тарқатиб юборилган.

Самарқанд вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан мебель ва тиббиёт ускуналарини харид қилиш бўйича жами қиймати 5,5 млрд сўмлик 5 та танлов эълонлари ва ўтказилган танлов ҳужжатлари ўрганилганда, қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Шунингдек, Самарқанд вилоят Кўп тармоқли тиббиёт маркази томонидан 4 та лот бўйича тиббиёт ускуналарини харид қилиш учун эълон берилган. Мазкур ўтказилган танловлар ҳужжатлари ўрганилганда, унда ғолиб бўлган жамиятлар, яъни Sam Med Torg, Samarkand Eko Med, Gamma Med, Samarqand Ideal Pharm МЧЖларнинг таъсисчилари ўзаро қариндошлиги маълум бўлди.

Cамарқанд иқтисодиёт ва сервис институти томонидан мебеллар тўпламини харид қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш мақсадида жами қиймати 2 млрд 200 млн сўмлик 3 та танлов эълон қилинган бўлиб, ўрганиш натижасида ушбу ҳолатлар бўйича ҳам қонунбузилишлар қайд этилди.

Ҳукумат қарори талабларига зид равишда институт томонидан бир турдаги харажатларга тегишли бўлган таъмирлаш ишлари, яъни Иқтисодиёт факультетининг иккинчи қаватини мукаммал таъмирлаш бўйича умумий харид ҳажми икки қисмга бўлиниб, танлов эълон қилинган.

Жомбой тумани ҳокимлиги томонидан ҳокимликнинг маъмурий биносини қуриш бўйича қиймати 400 млн сўмлик танлов эълони ўрганилганда, танлов ғолиблари аниқланмасдан туриб, қурилиш ишлари якунланганлиги маълум бўлди. 

Агентлик томонидан вазирлик ва идораларга давлат харидлари билан боғлиқ бўлган мазкур лотларни бекор қилиш бўйича тақдимномалар киритилиб, тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилди.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей