1 USD = 10670.00 1 EUR = 12525.46 1 RUB = 146.84
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
1 USD = 10670.00 1 EUR = 12525.46 1 RUB = 146.84
БРВ = 270 000 сум МРОТ = 822 000 сум
Спорт
10 сентября, 18:33 379 0

Шавкат Мирзиёев паралимпиячилар билан учрашди

Президент бугун XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчи ва мураббийлар билан учрашди. Улардан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Шавкат Мирзиёев паралимпиячилар билан учрашди
Фото: president.uz
Учрашувда жисмоний имконияти чекланган фуқароларни спортга кенг жалб этиб, паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, иқтидорлиларни саралаб, тарбиялаш, хориждан тажрибали мутахассис ва мураббийлар жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.   

Спорт таълими масканларида паралимпия бўйича бўлимлар ташкил этилиб, қўшимча квоталар ажратилиши, махсус ўқув дастурлари ва методика жорий қилиниши айтилди.

Келгуси ўқув йилидан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қошида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш институтини ташкил этиш вазифаси қўйилди.  

Паралимпиячиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш мақсадида уларни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига бириктириш, дори-дармон билан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Бу йўналишни қишки спорт турлари бўйича ҳам ривожлантириш, “Амирсой” тоғ-чанғи спорт мажмуаси ҳамда “Ҳумо-Арена” муз саройи базаларида паралимпиячилар учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси таркибида “Матонат мактаби” ташкил этиш таклифини билдирди.

– Афсуски, ҳозирги вақтда ёшлар орасида ҳаётда озгина тўсиқ ёки қийинчиликка учраса, ўзини йўқотиб, умидсизликка тушиб қоладиган, ножўя йўлларга кириб кетадиган йигит-қизлар ҳам йўқ эмас. Сизлар ёшлар билан учрашиб, ўз ҳаётингиз, машаққатли йўлингиз, қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганингиз ҳақида сўзлаб берсангиз, улар албатта, сизларга эргашади, – деди президент.

Паралимпиячиларнинг ҳаётини, ютуқ ва зафарларини кенг тарғиб қилиш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.

Президент фармонига мувофиқ, Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХVI ёзги Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланди. Тадбирда юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.


Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей