1 USD = 10588.01 1 EUR = 12881.37 1 RUB = 146.62
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10588.01 1 EUR = 12881.37 1 RUB = 146.62
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Жамият
1 мая, 18:40 567 0

Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси Қибрайда қуриладиган бўлди

Бу ҳақда президентнинг Тошкент вилояти Қибрай туманига қилган ташрифида маълум қилинди.
Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси Қибрайда қуриладиган бўлди
Фото: president.uz
Мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси Қибрайда қуриладиган бўлди. Бу ҳақда бугун, 1 май куни президент Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент вилояти Қибрай туманида барпо этилаётган боғ ҳудудига ташрифида маълум қилинди.

Мазкур боғ лойиҳаси давлат раҳбари иштирокида жорий йил 25 февраль куни муҳокама қилинган эди. Айни пайтда унга илк кўчатлар экилди.

Шу муносабат билан бу ерга парламент ва ҳукумат аъзолари, Тошкент шаҳри жамоатчилиги, нуронийлар, илм-фан ва санъат вакиллари, спортчилар, ёшлар йиғилди.

– Бугунги муборак Рамазон кунларида сизлар билан кўришиб турганимдан хурсандман. Халқимиз учун муносиб шароитлар яратиш бўйича кўп ишларни бошлаганмиз. Худо хоҳласа, мана шу баҳаво жойда 104 гектарлик боғ барпо этмоқчимиз. Бу хайрли ишнинг бошланиши ҳозирги улуғ айём кунларига тўғри келгани ҳам хосиятли, деб ўйлайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, боғга келгусида каштан, эман, чинор, лола, липа боғлари барпо этилиб, ноёб манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилади. Сунъий кўл, спорт майдонлари, болалар ўйингоҳлари, фавворалар қурилади.

Шунингдек, мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган Истиқлол мажмуаси ҳам шу ерда барпо этилади.

Президент бу мажмуанинг тарихий-ғоявий аҳамиятини таъкидлади.

– Бу йил мустақиллигимизнинг 30 йиллигини нишонлаймиз. Лекин давлатчилигимиз 3 минг йиллик. Бу ана шу буюк тарихни кўрсатадиган мажмуа бўлади. Бу ерга келган ёшларимиз, чет эллик меҳмонлар ҳам шуни англайдиган далиллар акс эттирилади, – деди давлат раҳбари.

Президент шунингдек, бу боғга “Янги Ўзбекистон” деб ном беришни таклиф этди. Йиғилганлар бу таклифни қўллаб-қувватлади. Давлат раҳбари жамоатчилик билан бирга янги боққа кўчатлар ўтқазди.

Аввал хабар қилинганидек, мазкур боғнинг ёнида Олимпия шаҳарчаси ҳам бунёд этилади.  

Эслатиб ўтамиз, 23 апрель куни бўлиб ўтган Сенат ялпи мажлисида қурилиш вазири Ботир Зокиров Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган “Истиқлол” мажмуаси концепцияси лойиҳаси яқин кунларда тасдиқланиши ҳақида маълум қилган эди.

Аввалроқ эса мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган “Истиқлол” мажмуасида ўрнатиладиган стела Тошкент шаҳри ҳудудидаги “Мовий гумбазлар” ресторани ёнига ўрнатилиши айтилган ва бу шаҳар аҳолисининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлган эди.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей