1 USD = 10588.01 1 EUR = 12881.37 1 RUB = 146.62
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10588.01 1 EUR = 12881.37 1 RUB = 146.62
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Коронавирус
30 апреля, 09:53 318 0

Ўзбекистонда COVID-19’га қарши эмлаш тадбирлари қандай кечяпти?

Айни пайтда эмлаш жараёнлари учун мамлакат бўйлаб 4 минг нафардан ортиқ шифокор ва 11 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими жалб қилинган.
Ўзбекистонда COVID-19’га қарши эмлаш тадбирлари қандай кечяпти?
Фото: t.me/vaksinauzb
Ўзбекистонда аҳолини коронавирусга қарши эмлашга доир бир неча босқични ўз ичига олган жараён давом этмоқда. Жумладан, ҳозирги кунда оммавий эмлаш мақсадида дунёнинг 12 та фармацевтика компанияси ҳамда илмий-тадқиқот марказлари билан COVID-19’гa қарши вакциналарни тезкор етказиб бериш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. 

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг GAVI ташкилоти билан ҳамкорлиги доирасида йилнинг охирига қадар мамлакатга умумий миқдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражадаги вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутиларини етказиб берилиши кўзда тутилган. 

—  Ўзбекистон GAVI ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киради. Шу боис, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил январь ойида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан GAVI ташкилотига буюртма берилган эди, - дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов.

Маълум қилинишича, айни пайтда эмлаш жараёнлари учун мамлакат бўйлаб 4 минг нафардан ортиқ шифокор ва 11 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходими жалб қилинган. Эмлаш жараёнлари учун республика бўйича 3 138 та, Тошкент шаҳридаги оилавий поликлиникалар қошида эса 210 та эмлаш пунтклари ташкил этилган. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бугунги кунда 2 миллион 960 минг доза вакцина бор. Уларнинг 660 минг дозаси COVAX жамғармаси томонидан олиб келинган AstraZeneca вакцинаси, 2 миллион дозаси – Ўзбекистон – Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ҳамда апрель охирида келтирилган 300 минг дона “Спутник V” вакциналаридир.

Мамлакатда аҳолини коронавирусга қарши эмлаш тадбирлари 1 апрелдан вилоятлар марказлари ва катта шаҳарларда бошланди. Май ойида эмлаш тадбирлари туман марказлари ва кичик шаҳарларда амалга оширилади. Июнь ойидан бошлаб эса бошқа аҳоли қатлами эмланади. Шунингдек, 15 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганларга онлайн-маълумотномаларни бериш бошланди.

Шу билан бирга, бутун мамлакат бўйлаб – вилоят ва туман миқёсида вакцина омборхоналари қуриш, совуқлик хоналарини жиҳозлаш, совутгичлар ва музлатгичлар ҳамда вакциналарни ташиш учун транспорт воситаларини сотиб олиш ҳамда вакциналар логистикаси бошқарув тизимни ишлаб чиқиш учун ЮНИCЕФ ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Миллий иммунизация дастурини қўллаб-қувватлашга деярли 20 миллион AҚШ доллари миқдорида сармоя киритди.

Бундан ташқари, ЮНИCЕФ вакциналар ва эмлашлар бўйича глобал альянс (GAVI) кўмаги билан вакциналарни хавфсиз ва сифатли етказиб беришни таъминлаш учун 223 та махсус автомашиналарни Ўзбекистонга тақдим этди. 

Қолаверса, ходимлар малакасини ошириш, совуқлик занжири объектларидан фойдаланиш ҳамда совутгичли юк машиналарини, вакциналар учун контейнерлар ва совуқлик камераларни ишлатиш бўйича зарур қўлланмалар ишлаб чиқишда ҳам ёрдам бермоқда.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей