1 USD = 10552.01 1 EUR = 12669.80 1 RUB = 137.11
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10552.01 1 EUR = 12669.80 1 RUB = 137.11
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Коронавирус
17 марта, 09:40 318 0

ЖССТнинг AstraZeneca вакцинаси тўхтатилди ёки тўхтатилсин, деган расмий тавсияси йўқ – Баҳодир Юсупалиев

Ўзбекистонга олиб келинган AstraZeneca вакцинаси ҳақида тарқалаётган турли маълумотларга мутасаддилардан изоҳ олинди.
ЖССТнинг AstraZeneca вакцинаси тўхтатилди ёки тўхтатилсин, деган расмий тавсияси йўқ – Баҳодир Юсупалиев
Фото: UzNews.uz
Бугун, 17 март куни Ҳиндистондан келтирилган AstraZeneca вакцинаси ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган турли маълумотларга UzNews.uz мухбири мутасаддилардан изоҳ олди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев ушбу ҳолатга ўз изоҳини билдирар экан, оммавий эмлаш жараёнлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

– Ҳақиқатан ҳам айрим давлатларда ушбу вакцинада эмланиш вақтинчалик тўхтатилган, деган маълумотлар бор. Лекин, шу билан бирга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан AstraZeneca вакцинаси тўхтатилди ёки тўхтатилсин, деган расмий тавсиялар йўқ. Айни вақтда Республика махсус комиссияси иш бошлаган ва комиссия бу борада ўзининг тегишли хулосаларини беради.

Баҳодир Юсупалиев шунингдек, ушбу вакциналар билан оммавий эмлаш жараёнлари Наврўз байрамидан сўнг бошланишини ҳамда биринчи навбатда, хавф гуруҳи юқори бўлган фуқаролар эмланиши режалаштирилаётганини маълум қилди.

– Агар рўйхатга киритилган фуқаро вакцина билан эмланишни истамаса, эмлаш жараёни амалга оширилмайди. Эмлаш жараёни ихтиёрий. Ҳеч ким бунга мажбурланмайди, - дейди мутахассис.

Таъкидланишича, мамлакатда аҳолининг камида 50 фоизини эмлаш кўзда тутилмоқда. Бунда вакцинациялаш жараёни бепул амалга оширилади ва энг биринчи бўлиб “Темир дафтар”га киритилган ҳамда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига эътибор қаратилади.

Ўз навбатида ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган AstraZeneca вакцинаси билан боғлиқ турли хабарларга изоҳ берди.

– Ушбу вакцинани ҳеч бир давлат рад этгани йўқ. Айни пайт бир неча мамлакатда мазкур воситадан фойдаланишни вақтинча тўхтатиш ҳақида қарор қабул қилинган. Бугун Европа Иттифоқининг тегишли бўлинмаси шу ҳақда изоҳ берди. Яъни, кузатилган ножўя таъсирлар айнан AstraZeneca вакцинаси билан боғлиқлиги тўғрисида узил-кесил хулоса мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам ЖССТ эмлаш жараёнини давом эттиришни тавсия этмоқда, - дейди Мунир Мамедзаде.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 17 март куни Ҳиндистондан Ўзбекистонга AstraZeneca вакцинасининг 660 минг дозаси келтирилди.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей Весь топ обсуждаемых статей