1 USD = 10535.24 1 EUR = 12686.54 1 RUB = 138.23
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10535.24 1 EUR = 12686.54 1 RUB = 138.23
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Жамият
18 февраля, 15:57 456 0

“Тез ёрдам”нинг бир марталик ташрифи ўртача 150 минг сўмга тушиши айтилди

Абдулла Азизов аҳоли мурожаатларининг 40 фоизи нотўғрилиги ва “тез ёрдам”нинг кеч қолиш сабабларини маълум қилди.
“Тез ёрдам”нинг бир марталик ташрифи ўртача 150 минг сўмга тушиши айтилди
Фото: ССВ
Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов “Ўзбекистон 24” телеканалига тизимдаги ислоҳотлар ҳақида маълумот бераркан, “тез ёрдам”га нотўғри чақирувлар кўплигини таъкидлади.  

“Ўзбекистонда сурункали касаллиги бўлган кўплаб беморлар оилавий шифокори ёки поликлиникага бориб олиши мумкин бўлган муолажани қилмасдан, 103 га телефон қилиб шу орқали муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилишади. Европада сурункали касаллиги бўлганлар ҳеч қачон 103 га телефон қилмайди. Бутун чақирувларнинг 40 фоизини сурункали касаллиги бўлганлар ҳисобига тўғри келади. Бу албатта, чақирувларнинг қанчалик нотўғри эканлигидан далолат беради”, - дейди вазир ўринбосари. 

“Ҳар битта машинани бир хонадонга бориб қайтиши харажати ўртача 150 минг сўмга тўғри келади. Албатта, бу бюджетга яна қўшимча юклама тушиши дегани. Бу бўйича халқимиз орасида кенг жамоатчилик ишларини олиб боришимиз керак”, - қўшимча қилди Абдулла Азизов.

Вазир ўринбосари “тез ёрдам”нинг кеч қолиш сабабларига ҳам тўхталди.

–  Тошкент мисолида оладиган бўлсак, кўпинча кечикишга асосий сабаб бу йўллардаги тирбандлик. Бошқа ривожланган давлатларда кўп ҳайдовчилар “тез ёрдам” машинасига дарҳол йўл беради. Бизда эса кўпинча “тез ёрдам” машинасига йўлини очиб беришмайди, - дейди у.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида 3 мингта мурожаатдан атиги 500 таси (18 фоизи) шифохонага ётқизилади. Ривожланган давлатларда бу рақам 80-90 фоизни ташкил қилади. 

Шунингдек, кўп қаватли уйлар атрофида нотўғри “парковка” қилинган автомобиллар сабаб “тез ёрдам” машинаси киришига ноқулайлик яратади. 

У келтирилган муаммоларни ҳал қилиш учун ижтимоий роликлар тайёрлаш кераклиги ёки видеорегистратор орқали йўл бермаган ҳайдовчиларни қонуний томондан жаримага тортишни илгари сурди.
Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей