1 USD = 10477.86 1 EUR = 12606.96 1 RUB = 141.84
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10477.86 1 EUR = 12606.96 1 RUB = 141.84
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Медицина
12 января, 11:10 620 0

Нурмат Отабеков компьютер қаршисида кўп ўтиришнинг зарарли оқибатларидан сақланиш бўйича тавсиялар берди

Мутахассис компьютер нурини “кесувчи” махсус линза ва кўзойнаклар тўлиқ ҳимояни таъминлай олмаслигини таъкидлади.

Нурмат Отабеков компьютер қаршисида кўп ўтиришнинг зарарли оқибатларидан сақланиш бўйича тавсиялар берди
Фото: Халқаро пресс-клуб

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати директорининг ўринбосари Нурмат Отабеков компьютер қаршисида кўп ўтиришнинг зарарли оқибатларидан қандай қилиб сақланиш бўйича тавсиялар берди.  

Унинг таъкидлашича, компьютер нурини “кесувчи” махсус линза ва кўзойнаклар тўлиқ ҳимояни таъминлай олмайди. Улар қисман ёрдам беради, холос. 

Компьютерда ишлаш пайтида кўзлар толиқмаслиги учун махсус машқлар бажарилиши керак.

—  3-5 сония давомида кўзлар юмиб, очилади;

—  кўз қорачиғи ўнг, чап, юқори ва пастга қараб ҳаракатлантирилади;

—  нигоҳлар қурилма мониторидан “узилган” ҳолатда бошқа тарафга қаритилади; 

—  кўзларда ачишиш сезилгани ҳамон уни юмиб, 3-4 дақиқа дам бериш керак. 

Компьютердан кўп фойдаланганда кўзда оғриқ, қизариш, ачишиш, ёшланиш, пешона соҳасида оғриқ, тез чарчаш, ҳолсизлик кузатилиши “дисплей синдроми” дейилади. 

Компьютер кўз нурини “ўғирламаслиги” учун

—  монитор билан кўз оралиғидаги масофа 45 см.дан кам бўлмаслиги зарур;

—  ташқаридан келаётган ёруғлик нури монитор экранига тушиб турмаслиги лозим;

—  экран юзасини тез-тез артиб туриш мақсадга мувофиқ. Боиси, у ўзида чанг зарраларини йиға олади. 

Нурмат Отабеков бўлажак оналар компьютер ёки планшет каби қурилмалардан узоқ вақт фойдаланишдан сақланишлари керак. Ҳомиладорликнинг дастлабки уч ойлигида компьютерлардан камроқ фойдаланган маъқул. Иш зарурати туфайли мажбур бўлинса, ҳар соатда танаффус қилиш керак бўлади. 

Компьютерда узоқ вақт ишлаш тана қисмларининг бир хил ҳолатда қотиб қолишига олиб келади. Натижада, нафас олишнинг қийинлашиши, елка, бўйин мушаклари ва бош оғриғи, остеохондроз ҳамда қўл кафти бўғимларига салбий таъсири каби ҳолатларнинг олдини олиш учун, аввало, қулай стул ва стол танланишига аҳамият бериш лозим. 

Гавдани тик тутиш қийин кечса, махсус ёстиқлардан фойдаланса бўлади. Бундай ёстиқлар елкадан хиёл пастроққа жойланиб, гавда текис бўлишига ёрдам беради. Мушаклар “сиқилиши”ни бартараф этишда жисмоний машқлар (ишда ўриндан туриб, хона бўйлаб юриш мумкин ёки зинадан тушиб, чиқиш) тавсия этилади. 

Қўллар учун машқ:

—  қўлларни 10-15 маротаба силкитинг;

—  бармоқларни мушт тугиб, бўшатинг (10-15 марта);

—  қўлларни мушт туккан ҳолатда айлантиринг (8-10 марта);

—  бир қўл билан иккинчи қўл бармоқларини уқаланг. 

Шунингдек, компьютер қаршисида ўтирганингизда ушбу қоидаларга амал қилинг:

— доим бошни тик тутиб ўтиринг;

— гавда ростланган бўлиши керак. 

— иш жараёнида кўзларни тўғрига қаратинг.

— мониторга қаралганида кўзлар пастга эмас, балки қурилма баландлигига мос ҳолатда бўлиши керак. 

— кафтлар ва билакларни эркин ҳолатда ушланг.

— оёқ тагига кичикроқ тахтача қўйиш мумкин. 

— вақти-вақти билан қўлларни юқорига кўтариб бирлаштиринг ва гавдани ўнг, чап тарафга ҳаракатлантиринг.

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей