1 USD = 10490.65 1 EUR = 12513.25 1 RUB = 140.52
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10490.65 1 EUR = 12513.25 1 RUB = 140.52
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Жамият
6 января, 17:52 758 0

“Онангни қози сўкса...” – очиқ суд мажлисида журналист сўроққа тутилди

У суд мажлисидаги иштироки учун Ўзбекистон фуқароси бўлиши, бунинг устига юқори турувчи суд органини хабардор қилиши керак эдими?

“Онангни қози сўкса...” – очиқ суд мажлисида журналист сўроққа тутилди
Фото: UzNews.uz

Бугунги кунда бирор бир ОАВнинг очиқ суд мажлисларида иштирок этиши нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий ҳодиса сифатида ҳам нормал қабул қилинмоқда.

Хусусан, бу борада Олий суд раиси Козимжон Комилов ОАВ вакиллари учун ташкиллаштирилган мутбуот анжуманларининг бирида “суд тизими шу пайтгача эшиклари ёпиқ идора” бўлгани, бугунги кунга келиб, журналистларнинг судларга киришига тўсқинликлар олиб ташлангани ҳақида таъкидлаб ўтган эди.

Аммо, амалда-чи? Ҳозирги кунда суд мажлисларини журналистлар учун очиқлиги Олий суд раисининг сўзларига қанчалик мос?

“Онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан?” деган ибора халқ орасида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолмаган. Шундай экан қуйида бўлиб ўтган воқеа ҳам фақат бугуннинг муаммоси эмас. Аммо бу унинг тузатиб бўлмаслигини ҳам билдирмайди. 

2020 йил 28 декабрь куни “UzNews.uz” ахборот агентлиги мухбири тадбиркорлик субъекти мурожаатига кўра Олий суднинг иқтисодий ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилаётган иш бўйича суд мажлисида иштирок этди.

Суд мажлиси очилиши суд таркибига раислик қилувчи судья К. Комиловнинг (Олий суд раиси эмас, -таҳр.) журналистга уни ким чақирганлиги ва нимага асосан судга келганлиги, суд мажлисида журналист қатнашиши масаласида нега олдиндан Олий суд раҳбарияти огоҳлантирилмаганлиги ва рухсати олинмаганлиги каби саволлар ҳамда эътирозлардан бошланди. 

Шунингдек, К. Комилов журналистнинг Ўзбекистон фуқаролигини шубҳа остига олиб, ундан фуқаролик паспорти бор-йўқлигини (сайт мухбири хизмат гувохномасини тақдим қилган, - таҳр.) суриштиришга тушди. Олий суд судьясига кўра, чет эл фуқаролари очиқ суд мажлисларида қатнашишлари мумкин эмас. 

Бундан ташқари, журналистнинг суд жараёнида аудиоёзув ёзиш ва фотосуратга олиши ҳақидаги илтимосига, дастлаб К. Комилов аудиоёзувни фақат иш бўйича тарафлар олиб бориши мумкинлигини кўрсатиб, тақиқ қўймоқчи бўлганида, суд иштирок этаётган ҳуқуқшунослардан бирининг қонун бўйича суд мажлиси залида ҳозир бўлганларнинг ҳар қайсиси ҳеч кимдан рухсат олмаган ҳолда аудиоёзувлар олиб бориши мумкинлиги ҳақидаги эътирозидан сўнг, аудиоёзув олиб борилишига эътироз билдирмади, аммо суратга олишга рухсат бермади.

Судьянинг журналистга бўлган мазкур эътирози ва саволлари қанчалик асосга эга эканлигини аниқлаш мақсадида биз амалдаги қонунларни қайта ўрганиб чиқдик. 

Конституциянинг 113-моддасида ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши белгиланган. Ушбу тамойил иқтисодий, шунингдек фуқаролик, жиноят ва маъмурий судловларни амалга оширилишини тартибга солувчи қодексларда ҳам ўз аксини топган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг "Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида" 2020 йил 21 февралдаги 04-сон қарорида суд муҳокамаси ошкоралиги процесс иштирокчиси бўлмаган шахсларга, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакилларига суд мажлисида қатнашиш имконияти берилиши билан таъминланиши кўрсатилган. 

Лекин, бирор бир қонунда ёки бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатда очиқ суд мажлисларида фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига ҳозир бўлиш мумкинлигини белгиловчи ва чет эл фуқароларини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларни бундай ҳуқуқларини чекловчи ёки оммавий ахборот воситаларига ва журналистларга, очиқ суд мажлисларда қатнашишлари истаги ҳақида олдиндан суд идораларини хабардор килишлари ва рухсат олишлари шартлигини белгиловчи қоидаларни топа олмадик.

Балки, бундай қоидалар Олий судга маълумдир?

Эслатиб ўтамиз, мақолада мазкур ҳолат қайси суд процессида рўй берганлигини ҳамда суд процесси иштирокчиларини очиқламадик. Чунки, судда иш кўрилиши ҳали якунланмаган ва юқорида келтирилган ҳолат судда кўрилаётган ишнинг мазмуни билан боғлиқ эмас.

UzNews.uz таҳририяти

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей