1 USD = 10490.65 1 EUR = 12513.25 1 RUB = 140.52
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10490.65 1 EUR = 12513.25 1 RUB = 140.52
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Иқтисодиёт
4 января, 12:13 801 0

Бюджет соҳасида янги жарималар жорий этилди

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси бўйича киритилган қатор тузатишлар кучга кирди.

Бюджет соҳасида янги жарималар жорий этилди
Фото: UzNews.uz

2020 йил 30 декабрда “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга киритилган қатор тузатишларга мувофиқ, янги жарималар жорий этилади. Бу ҳақда Норма ахборот-ҳуқуқий портали хабар берди. 

МЖТКнинг 1756-моддасига давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этиш тартибини бузиш ҳам киритилди. 

2020 йилдан бошлаб давлат мақсадли жамғармалари тўлиқ ғазначилик ижросига ўтказилган, уларнинг ҳисоботлари эса халқаро талабларга мувофиқлаштирилган.

Давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот қуйидагиларни ўз ичига олади:

•  бюджет ижросининг балансини;

•  даромадларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;

•  харажатларнинг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни;

•  дебиторлик ва кредиторлик қарзлари тўғрисидаги маълумотларни;

•  номолиявий активларнинг ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни;

•  миллий ва чет эл валютасидаги пул маблағлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни;

•  тақсимловчи органлар бўйича тармоқ, штатлар ва контингентга доир режанинг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни.
 

Тақсимловчи органлар ҳар ойда Молия вазирлигига таҳлилий мақсадлар учун давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари даромадлари ва харажатларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни тақдим этади. Юқорида айтиб ўтилган таркибий элементларни ўз ичига олган тўлиқ ҳисоботлар Молия вазирлигига (илгари – Вазирлар Маҳкамасига) қуйидаги тартибда тақдим этилади:

•  Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган муддатларда – чораклик ҳисоботни;

•  ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелига қадар – йиллик ҳисоботни.

Ҳисоботларни белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун айбдор мансабдор шахсларга 1 БҲМдан 2 БҲМгача миқдорда жарима солинади. Молия вазирлиги ва ҳудудий молия органлари ходимларига МЖТКнинг 1756-моддаси бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомани тузиш ва уни кўриб чиқиш учун судга юбориш ваколати берилди.

Шунингдек, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузиш деб номланган янги модда киритилади. Мазкур ҳолатда тегишли маълумотларни оммага эълон қилиш орқали очиқликка эришилади.  

Бунда, ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг сайтлари мавжуд бўлмаган тақдирда, улар тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг сайтларига маълумотни жойлаштиради.

Белгиланган муддатларни бузганлик учун мансабдор шахсларга 2 БҲМ миқдорида жарима солиниши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома Ҳисоб палатаси томонидан тузилади, кейин эса кўриб чиқиш учун судга юборилади.   

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей