1 USD = 10535.24 1 EUR = 12686.54 1 RUB = 138.23
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
1 USD = 10535.24 1 EUR = 12686.54 1 RUB = 138.23
БРВ = 245 000 сум МРОТ = 747 300 сум
Жамият
31 декабря 2020 г. 935 0

Россияга ўзбекистонликларнинг индивидуал тарзда киришига рухсат йўқ – Агентлик

Айни пайтда Россия томони билан пандемия даврида меҳнат муҳожирларининг мамлакатга киришларини соддалаштириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Россияга ўзбекистонликларнинг индивидуал тарзда киришига рухсат йўқ – Агентлик
Фото: РИА Новости / Кирилл Каллиников

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ўзбекистонликларни Россия ҳудудига кириши учун рухсат олиб бериш бўйича таклиф этилаётган хизматлар ҳамда Ўзбекистондан Россияга бориб, мамлакатга киритилмаётган фуқаролар ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Агентликнинг маълум қилишича, коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан жорий йилнинг март-апрель ойларидан бошлаб халқаро қатновлар, шу жумладан, Ўзбекистон ва Россия ўртасида мунтазам авиақатновлар вақтинча чекланган. Чет эл фуқароларининг мамлакатга кириши бўйича Россия Ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги тегишли фармойиши билан қатор чекловлар жорий этилган.

Айни пайтда айрим тоифадаги фуқаролардан ташқари ўзбекистонликларнинг индивидуал тарзда вақтинча меҳнат фаолияти билан шуғулланиш мақсадида Россия ҳудудига киришига рухсат йўқ. Фақатгина Россия Ҳукуматининг коронавирусга қарши штаби томонидан чегара хизматларига тақдим этилаётган рўйхат асосида ташкилий тарзда ишга юборилаётган шахслар ушбу мамлакатга киритилмоқда.

Пандемия даврида хорижда ишлаш истагида бўлган фуқароларни ташкиллаштирилган ҳолда хорижга ишга жалб қилиш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан жорий йилда 264 та хорижий иш берувчилар ва рекрутинг ташкилотлари билан музокаралар олиб борилди.

Музокаралар натижасида Россиянинг 30 та, Қозоғистоннинг 52 та, БААнинг 3 та, Туркиянинг 1 та ва Тожикистоннинг 2 та иш берувчи ва рекрутинг ташкилотлари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланиб, 64 758 та бўш иш ўринлари аниқланган. Ўрнатилган карантин чекловлари ва тартибларига риоя этган ҳолда хорижий давлатларга ўрнатилган тартибда 9 мингдан ортиқ юртдошларимиз вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ташкилий тартибда ишга жўнатилган.

Айни пайтда Россия ҳудудида ишлаш истагидаги Ўзбекистон фуқароларини пандемия ва ундан кейинги даврда ташкиллаштирилган ҳолда кириш жараёнларини соддалаштириш юзасидан музокаралар олиб борилмоқда.

Афсуски, ушбу вазиятдан фойдаланиб, айрим шахслар томонидан фуқароларни турли асоссиз хабарлар билан чалғитиш ва фирибгарлик орқали пул топишга уриниш ҳолатлари юз бермоқда.

“Шу ўринда юртдошларимиздан Россия Федерацияси ҳудудига олиб кириб қўйиш хизматларини таклиф этаётган шахсларга ишонмасликларини ва турли йўллар билан ушбу мамлакатга ноқонуний кириб боришга уринмасликларини тавсия қиламиз.

Турли сохта ҳужжатлар чегараларни кесиб ўтишга уриниш Ўзбекистон ва Россия қонунларига кўра, жиноий жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши мумкин.

Россияда ишлаш истагида бўлган фуқаролар Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишлари ва иш берувчиларнинг танловларидан ўтган тақдирда ташкиллаштирилган ҳолда ушбу мамлакатга ишга кетишлари мумкин”, дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Ахборот хизмати хабарида.

Комментарии
Добавить комментарий Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
Лента новостей
Весь топ обсуждаемых статей