Жамият

Янги тартибга кўра маҳкумлар тергов ҳибсхоналарида 10 кун кўпроқ “ўтиради”

“Нимаси оғир?!” – Олий суди раиси ўринбосари “зона”ларга нисбатан тергов ҳибсхоналарида шароит оғирлиги ҳақидаги фикрга ўз муносабатини билдирди.

Янги тартибга кўра маҳкумлар тергов ҳибсхоналарида 10 кун кўпроқ “ўтиради”
Фото:UzNews.uz

Бугун, 22 декабрь куни АОКАда Олий суд мутасаддилари иштирокидаги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мазкур матбуот анжуманида Сенат ялпи мажлисида суд-ҳуқуқ соҳасига оид маъқулланган қонунларнинг мазмун-моҳияти бўйича ҳам маълумотлар берилди.

 

Жумладан, янги тартибга кўра, суд ҳукми устидан апелляция шикоятларини бериш муддатлари узайтирилмоқда.

 

Яъни, Жиноят-процессуал кодексида биринчи инстанция судининг ҳукми ва ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш муддати 10 кундан 20 кунга узайтирилади.

 

Амалдаги тартибга кўра эса, ушбу муддат 10 кун бўлиб, бу муддат ичида судга аппеляция шикояти киритмаган маҳкум 10 кундан сўнг тергов ҳибсхонасидан жазони ижро этиш муассасаларига юборилади.

 

Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Ҳудойбердиевга кўра, янги киритилаётган тартиб маҳкумларнинг ҳуқуқларини чеклаш баробарида унинг шароити оғир бўлган тергов ҳибсхоналарида 10 кун қолиб кетишига ҳам сабаб бўлади.

 

Блогернинг тергов ҳибсхоналари ҳақида ишлатган “шароити оғир” жумласига Ўзбекистон Олий суди раиси ўринбосари Икром Муслимов ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди.

 

–  Нимаси оғир?! Маҳкумнинг тергов ҳибсхонасида сақланаётган ҳар бир куни озодликдан маҳрум қилинган жазо муддатига қўшиб ҳисобланади, - деди Икром Муслимов.

 

Эслатиб ўтамиз, амалдаги Жиноят кодексининг 50-моддасига кўра, турмага қамаш тариқасидаги озодликдан маҳрум қилиш, жазонинг муайян қисмига, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга:

 

а) ўта хавфли рецидивистларга;

б) оғир ёки ўта оғир жинояти учун беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан тайинланиши белгилаб қўйилган.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ