Сиёсат

Пандемия остида кечган раислик: Ўзбекистон МДҲни мустаҳкамлаш учун қатор таклифларни берди

Бугун Шавкат Мирзиёев раислигида МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги мажлиси бўлиб ўтди.

Пандемия остида кечган раислик: Ўзбекистон МДҲни мустаҳкамлаш учун қатор таклифларни берди
Фото:president.uz

Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришга доир қатор таклифларни илгари сурди.


Хусусан, бугунги шароитда мамлакатларимиз иқтисодиётлари, савдо ва кооперация алоқаларини жадал суръатларда қайта тиклаш устувор вазифа экани таъкидланди. Мавжуд муаммоларга қарамай, Ўзбекистоннинг МДҲга аъзо бошқа мамлакатлар билан товар айирбошлаши барқарор ўсиб бораётгани кузатилмоқда. Айрим шериклар билан савдо жорий йилда 20 фоиздан зиёдга кўпайди.

 

Ҳамдўстлик доирасида “яшил” ва соддалаштирилган йўлаклар амалиётини кенг жорий этиш, электрон савдони ривожлантириш бўйича ягона платформани ишга тушириш ва “йўл харитаси”ни қабул қилиш муҳимлиги қайд этилди.

 

Давлатимиз раҳбари саноат кооперацияси бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш зарурлигини қайд этди. Бунда агросаноат, машинасозлик, электротехника, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва бошқа устувор тармоқларда қўшма кластерлар ташкил этиш назарда тутилади. Ушбу дастур ҳамда инновацион лойиҳалар ва илғор технологиялар тақдимотини келгуси йил Тошкент шаҳрида ўтадиган МДҲ мамлакатлари саноат кооперацияси форуми доирасида ўтказиш таклиф этилди.

 

Ўзбекистон барча санитария талабларига риоя этган ҳолда ўзаро авиақатновларни имкон қадар тез фурсатда қайта йўлга қўйиш тарафдоридир. Бу ишбилармонлик, гуманитар ва сайёҳлик алмашинувларини тиклашга хизмат қилади, дея таъкидлади Президент Шавкат Мирзиёев.

 

МДҲ мамлакатларининг Ҳамдўстлик давлатларида меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласи тобора долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан Ўзбекистон раҳбари меҳнат мигрантлари ҳужжатларини ўзаро тан олишнинг ягона механизмини яратиш ва бу соҳада алоҳида дастур қабул қилиш вақти келганини қайд этди.

Бугунги кунда санитария-эпидемиологик тусдаги фавқулодда вазиятларни мониторинг қилиш ва уларга барвақт жавоб қайтаришнинг самарали тизимини шакллантириш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу муносабат билан МДҲ доирасидаги тегишли келишувни тайёрлаш ишлари тезлаштирилади.

 

Касалликларни профилактика қилиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида ҳар йили оммавий спорт ва маданий тадбирларни ташкил этган ҳолда “МДҲ саломатлик марафони”ни ўтказиш таклиф этилди.

 

МДҲ ижодий ва фан зиёлиларининг навбатдаги форуми доирасида Ўзбекистонда “Ҳамдўстлик мамлакатлари маданий мероси” конференциясини ўтказиш ғояси илгари сурилди. Бу анъанавий яқин бўлган гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

МДҲ маконидаги хавфсизликка таҳдид солаётган хатарлар тўғрисида сўз юритилар экан, Афғонистонда йўлга қўйилаётган тинчлик жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим экани қайд этилди.

 

– Ушбу мамлакатнинг тинчлиги бутун Ҳамдўстлик маконида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг муҳим омилидир. Бу, шунингдек, давлатларимизнинг Жанубий Осиё билан савдо-иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш учун янги имкониятлар дегани, – дея таъкидлади Президентимиз.

 

Мафкуравий ва ахборот соҳаларида хавфсизликни таъминлаш масалалари ҳам янги, ноодатий ёндашувларни тақозо этаётгани қайд этилди. Ушбу мавзудаги аввал қолдирилган Халқаро экспертлар форуми келгуси йилда Тошкент шаҳрида ўтказилади.

Бундан ташқари, ҳуқуқий ахборот билан алмашиш учун МДҲ Ягона электрон платформасини яратиш ва Радикаллашувдан қайтариш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

 

Саммит якунида Шавкат Мирзиёев пандемия оқибатлари билан боғлиқ барча қийинчиликларга қарамай, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан Ҳамдўстлик янги воқеликка самарали мослашишга қодирлигини намойиш этганини таъкидлади.

 

Мажлисда МДҲни янада ривожлантириш концепцияси ҳамда уни амалга ошириш бўйича асосий тадбирлар режаси, БМТ ташкил этилганининг 75 йиллиги муносабати билан ҳамда халқаро ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида қўшма баёнотлар қабул қилинди.

 

Шунингдек, келгуси йилда ташкилотга Беларусь Республикаси раислик қилиши ва навбатдаги саммитни Минск шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги қарорлар ҳамда кўп томонлама ҳамкорликнинг турли йўналишларига доир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланди.

комментарии
Приветствуются интересные и осмысленные комментарии по теме материала.
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
ГОРЯЧИЕ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ
У ВАС ЕСТЬ НОВОСТЬ? Поделитесь с нами
ВЫСЛАТЬ НОВОСТЬ
ЛЕНТА НОВОСТЕЙ
ПОПУЛЯРНЫЕ
ГОРЯЧИЕ
ИНТЕРЕСНЫЕ