Кечадан бошлаб аҳолининг Tashkent City хиёбонига кириши пуллик бўлганди. Бу ижтимоий тармоқларда аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлди.
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
– Паркларни сақлаб туришнинг бошқача чораси йўқ. Мисол учун, шунча дарахтлар экилган, шунча энергия кетади, бошқачасига билмайман, қандай бўлади”, - дейди ҳоким.
Унинг сўзларига кўра, хиёбонни сақлаб туришга 900 миллион сўм кетади. Бир кунда ҳар битта фонтан 1 миллион сўмга тушмоқда.
“Бюджетдан пул ажратилмайди. Чунки солиқ тўловчилар кирса-кирмаса пул тўламайди-ку, тўғрими? Киргани тўласа, шунда адолатли бўлса керак. Яъни бюджет солиқ тўловчиларнинг ҳисобига шаклланади. Одамларда ҳақли равишда савол туғилади: “Умуман “Tashkent Сity”га кирмасам нима учун мен тўлаётган солиқдан пул тўлаяпсизлар”, дейиши мумкин. Шунинг учун ўзини-ўзини боққани актуал, менимча”, - дейди пойтахт ҳокими.