Эндиликда, ФҲДЁ бўлимларида фойдаланилган хизмат учун тўланадиган маблағ ҳақида телефонга SMS-хабар юборилади. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қулайлик ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари ва мурожаат этувчилар томонидан кўп маротаба таклиф этилган.
Хабарда амалга оширилиши керак бўлган тўловнинг инвойс рақами ва белгиланган миқдори кўрсатилган бўлади.
SMS-хабар ҳуқуқий хизматни олганда кўрсатилган мобил телефон рақамига юборилади.
Мазкур қулайлик, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларини олдини олади ва давлат хизматлари тизимини янада шаффоф бўлишини таъминлайди.
Кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларни Ўзбекистонда мавжуд барча электрон тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин бўлади.
Аввалроқ, ФҲДЁларда 6 та ҳужжатни расмийлаштириш имконияти яратилганди.