Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Президентнинг ва ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасини муҳокамага чиқарди.
Унга мувофиқ, 2021 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Амалдаги қонунчиликка биноан ушбу тизимни татбиқ этиш муддати 2021 йил 1 январдан бошланиши белгиланганди.
Қайд этилишича, бу Президентнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 31 декабрга қадар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишга оид ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан 2021 йил 1 июлдан 2022 йил якунигача бўлган муддатда Сирдарё вилоятида давлат тиббий суғуртаси тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш назарда тутилганди.
Шунингдек, Ўзбекистонда инсон ҳаёти ва соғлиғи ҳам мажбурий суғурта қилиниши мумкинлиги хабар қилинганди.